Ушбу сўлим баҳор кунларида мамлакат ишбилармонларининг эътиборини ўзига жалб этган воқеа ёрқин, таъсирчан оҳангларда ўзини намоён этди. Пойтахтдаги «Туркистон» саройида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун тадбиркорлар, фермерлар, ҳунармандлар ўртасида «Ташаббус–2014» кўрик-танлови республика босқичи ўтказилди. Уни ЎзР Савдо-саноат палатаси Фермерлар кенгаши, «Ҳунарманд» уюшмаси, бир қатор вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари кўмагида ташкил этди.
Бир ой давомида ишбилармонлик ташаббуси кўрик-танловининг туман, шаҳар ва вилоят босқичларида «энг яхши» деган ном учун 10 мингга яқин иштирокчи беллашди. Вилоятлардан ташриф буюрган 41 ғолиб танловнинг якунловчи босқичида биринчилик учун баҳслашиш имкониятига эга бўлди.
«Ташаббус» танлови доирасида ташкил этилган кўргазмада тадбиркор ва фермерларнинг мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси яққол намойиш этилди.
Анъанага кўра ғолиблар учта асосий номинация: «Йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши фермери», «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» номинациялари бўйича аниқланади. Шунингдек бир қатор махсус номинациялар таъсис этилди. Ғолибларни тақдирлаш маросими «Туркистон» саройида 2014 йил 10 апрелда бўлиб ўтади.
Танловнинг республика босқичидан суратли репортажни газетанинг кейинги сонида ўқийсиз.
Ўз ахборотимиз.