МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЯНГИ ТУЗИЛМАСИ
Президентнинг 14.03.2014 йилдаги ПҚ-2146-сон қарори билан Маданият ва спорт ишлари вазирлиги фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги марказий аппаратининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди.
Хусусан, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги марказий аппаратининг тузилмасига вазир ўринбосари — «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасининг бош директори лавозими киритилди. Бундан ташқари, Бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси ва Академик, халқ ва бадиий жамоалар дирекцияси негизида Ўзбекистон бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси тузилди. Бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилди.
Молия вазирлигига Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг штатлар жадвали ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартишларни киритиш топширилди.
Илгари амал қилган Вазирлар Маҳкамасининг 5.04.2005 йилдаги 96-сон қарори билан тасдиқланган тузилма ўз кучини йўқотган деб эътироф этилди.
МАРКАЗИЙ БАНК РУХСАТНОМА БЕРАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 10.03.2014 йилдаги 56-сон қарори билан (кейинги ўринларда – 56-сон Қарор) Ваколатли банклар томонидан нақд хорижий ва (ёки) миллий валютани олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатномалар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ваколатли банкларга рухсатномалар беришдан мақсад банк ликвидлигини нақд миллий ва (ёки) хорижий валютада банк учун зарурий даражада таъминлаш ҳисобланади.
Марказий банк рухсатномани ваколатли банк томонидан аризада кўрсатилган муддатга нақд хорижий ва (ёки) миллий валютани олиб кириш ва (ёки) олиб чиқиш кўзда тутилганда, ҳар бир алоҳида ҳолат учун беради.
Марказий банк томонидан ариза кўриб чиқилганлиги, шунингдек рухсатнома берилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Низомда рухсатнома ҳужжатини қайта расмийлаштириш ва дубликатни бериш, амал қилишини тўхтатиб қўйиш, тугатиш ва бекор қилиш ҳамда бошқа масалалар тартиби белгиланган. Шунингдек рухсатнома беришни рад этиш мумкин бўладиган асослар келтирилган.
Ваколатли банклар томонидан нақд хорижий ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси миллий валютасини олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатномалар Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхатида (ВМнинг 15.08.2013 йилдаги 225-сон қарорига 1-илова) тадбиркорлик субъектларининг банк иши соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтишининг ягона тартибини ўрнатиш мақсадида назарда тутилган.
56-сон Қарор билан Юридик шахслар — резидентлар томонидан чет элда ҳисобрақамлари очишга рухсатномалар бериш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Низомга мувофиқ Марказий банк юридик шахслар — резидентлар томонидан чет элдаги банкларда хорижий ва миллий валютада ҳисобрақамлари очишга рухсатномаларни тасдиқланган шакл бўйича хат кўринишида беради.
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари, Ўзбекистон ташкилотларининг хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмаётган чет элдаги ваколатхоналари рухсатномалар олмасдан, фақат чет элда бўладиган ва фаолият юритадиган даврларига чет элда ҳисобрақамлари очишлари ва улардан фойдаланишлари мумкин. Уларнинг чет элда бўлишлари ёки фаолият юритишлари тугаши билан ҳисобрақамлар ёпилиши ва ҳисобрақамлардаги маблағларнинг қолдиқлари Ўзбекистон Республикасига ўтказилиши лозим.
Ваколатли банклар шунингдек халқаро ҳисоб-китобларни амалга оширишлари ва депозитларни жойлаштиришлари учун чет элдаги банкларда корреспондентлик ва бошқа ҳисобрақамларга рухсатномаларсиз эга бўлишга ҳақлидир.
Юридик шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентларига рухсатнома бериш тўғрисидаги аризада кўрсатилган мақсадларни амалга ошириш даврига чет элда ҳисобрақамлар очишларига рухсат берилади. Бунда аризада келтирилган мақсадлар ариза берувчи учун чет элдаги банкларда миллий ва (ёки) хорижий валютада ҳисобрақамлар очиш ва улардан фойдаланиш назарда тутилган республика Президентининг ҳужжатлари, Ҳукумат қарорлари ёки Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари талабларига мувофиқ келиши лозим. Бу талаб Марказий банк рухсатномасини бериш учун ижозат бериш шартларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, ариза берувчи чет элдаги ҳисобрақамларида маблағларнинг ҳаракати ҳақидаги ахборотни ўз вақтида тақдим этиши шарт.
Низомда мазкур ҳисобрақамлардаги маблағларининг ҳаракати ҳақидаги ахборотни юридик шахслар томонидан, шу жумладан электрон кўринишда тақдим этиш муддатлари белгиланган.
Аризани кўриб чиққанлик ва рухсатнома берганлик учун ҳақ ундирилмайди.
Бундан ташқари, юридик шахслар юридик шахснинг номи ўзгарганлиги (унинг қайта ташкил этилиши ҳолатлари бундан мустасно) ва (ёки) юридик шахсга хизмат кўрсатувчи банкнинг номи ўзгарганлиги ҳақида мазкур ҳаракат амалга оширилган кундан бошлаб 10 кундан ошмайдиган муддатда Марказий банкка хабар қилишлари шарт. Бунда илгари берилган рухсатномани қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.
Илгари берилган рухсатномани узайтиришга зарурат бўлган ҳолларда юридик шахс Марказий банкка мурожаат қилиши керак.
Ҳужжат билан бошқа таомиллар ҳам тартибга солинган.
ТУРИЗМ ЙЎНАЛИШИДАГИ КИЧИК БИЗНЕС
Вазирлар Маҳкамасининг «Туризм фаолиятини амалга ошириш ва лицензиялаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (13.03.2014 йилдаги 60-сон) билан якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорларга туризм фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи тақдим этилди.
Қарор билан Туризм фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомга (ВМнинг 11.11.2003 йилдаги 497-сон қарори билан тасдиқланган) қатор ўзгартиришлар киритилди.
Даставвал туризм фаолиятини ташкил қилувчи хизматларнинг қуйидаги турлари белгилаб олинди:
меҳмонхона хизматлари — жойлаштириш воситаларида (меҳмонхона хўжаликлари, туризм комплекслари, туризм базалари, дам олиш зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, ўтовлар, миллий меҳмон кутиладиган уйлар ва туристлар камида бир кечага тунайдиган бошқа объектлар) истеъмолчиларнинг (ижарада турувчиларнинг) вақтинча яшаши ва овқатланишини таъминлаш билан боғлиқ хизматлар;
туроператорлик хизматлари — туризм хизматлари кўрсатиш шартномаси шартларига мувофиқ туризм хизматлари комплекси ёхуд уларнинг бир қисми билан таъминланган аниқ муддатларга муайян йўналиш бўйича саёҳат қилишни ташкил этиш хизматлари (бронь қилиш, жойлаштириш, ташиш, овқатланиш, рекреация, экскурсия ва бошқа хизматлар);
экскурсия хизматлари — сайёҳларнинг маънавий, интеллектуал, ишбилармонлик ва бошқа эҳтиёжларини қондиришга қодир бўлган объектлар билан танишиш мақсадида олдиндан тузилган йўналишлар бўйича гид (экскурсия олиб борувчи) ҳамроҳлигида экскурсияларни ташкил этиш хизматлари.
Бундан ташқари, белгиланишича, энди фақат юридик шахсгина эмас, балки ишчи органга фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга оширишга лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган жисмоний шахс ҳам лицензия талабгори бўлиши мумкин. Жисмоний шахсга лицензия фақат экскурсия хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи учун берилади.
Юридик шахсларга уларнинг аризаси бўйича лицензия:
туризм хизматларининг бир ёки бир нечта турини амалга оширишга;
Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек республика ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон Республикаси доирасида туроператорлик хизматлари кўрсатишга (кейинги ўринларда ички туризм деб аталади) берилади.
Туроператорлик хизматларини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия экскурсия хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини ҳам беради.
Лицензия талаблари ва шартларига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, юридик шахс штатида Вазирлар Маҳкамасининг Туризм фаолиятини лицензиялаш комиссияси ишчи органи – «Ўзбектуризм» миллий компанияси томонидан белгиланган тартибда берилган малака сертификатига эга бўлган ходимлар (камида бир нафар) бўлиши керак (илгари белгиланган талабларга кўра ходимлар махсус таълимга ёки туризм соҳасида камида 3 йиллик стажга эга бўлишларининг ўзи етарли бўлган).
Кейинги шартлардан бири юридик шахс ходими ва гидлар (экскурсия олиб борувчи) томонидан 2 йилда камида бир марта ишчи орган томонидан белгиланган тартибда бериладиган малака сертификати олиниши ҳисобланади (илгари саёҳатлар, экскурсиялар ва улар билан боғлиқ хизматларни бевосита ташкиллаштиришда банд бўлган юридик шахс ходимлари 3 йилда камида бир марта малака оширишлари назарда тутилган эди).
Ҳужжат билан туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олиш таомили билан боғлиқ бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилди.
Туризм фаолиятини лицензиялаш ва амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш доирасида қабул қилинган қарорда ушбу қарор кучга киргунга қадар берилган лицензияларнинг янги намунадаги лицензиялар билан алмаштирилиши режалаштирилди.
Ҳужжат кичик бизнес субъектларининг тадбиркорлик фаолияти учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинди.
ЎЗБЕКТЕЛЕКОМ ПРЕФЕРЕНЦИЯЛАРГА ЭГА БЎЛДИ
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2014 йил 19 мартда мобил алоқа миллий оператори тармоғини жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар юзасидан 66-сон Қарор қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ «Ўзбектелеком» АК («Ўзмобайл» мобил алоқа миллий операторининг фаолияти қисмида) кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоғини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар берганлик учун тўланадиган давлат божидан, шунингдек радиочастота спектридан фойдаланганлик учун тўловдан 5 йилга озод этилади.
Бунда бўшайдиган маблағлар «Ўзмобайл» мобил алоқа миллий оператори тармоғини ривожлантириш учун «Ўзбектелеком» АК устав фондини шакллантиришга йўналтирилиши лозимлиги белгиланди. Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат алоқа қўмитаси бўшайдиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат олиб боради.
ҚАЙТА БАҲОЛАШ ВАҚТИ КЕЛДИ
Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг қарори (АВ томонидан 17.03.2014 йилда 1662-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Инвестиция ва хусусийлаштириш инвестиция фондларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.
Ўзгартиришлар билан қимматли қоғозларни қайта баҳолашни ўтказиш ва унинг натижаларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартибига тузатишлар киритилди.
Инвестиция фондлари ва хусусийлаштириш инвестиция фондлари, илгаригидек, фонд биржаси қоидаларига мувофиқ котировкаси аниқланадиган ва мунтазам равишда эълон қилиб бориладиган қимматли қоғозларга қилинган қўйилмани қайта баҳолашни ўтказадилар. Бироқ бундан буён қимматли қоғозларга қилинган қўйилмаларни қайта баҳолаш илгари назарда тутилганидек ҳар ойда эмас, балки ҳар чоракда ҳисобот ойининг охирги санасида ўтказилади. Бундан ташқари, портфелдаги мавжуд қимматли қоғозлар сонини, ўзгартиришлар киритилгунига қадар белгиланганидек курс қийматига эмас, мазкур қимматли қоғозларнинг котировка баҳосига кўпайтирилади.
Агар қайта баҳолаш санасида айнан битта қимматли қоғоз бўйича биржанинг икки ва ундан ортиқ майдончаларида битимлар амалга оширилган ёхуд қимматли қоғозларни қайта баҳолаш санасида биржа майдончаларида бундай қимматли қоғозлар бўйича савдолар ўтказилмаган ҳолларда, қимматли қоғозларни қайта баҳолаш тартиби илгаригидек қолдирилди.
Юқорида келтирилган ўзгартиришлар муносабати билан бухгалтерия ҳисобида бевосита киритиш, шунингдек жамғариш усулларидан фойдаланилганда, инвестиция ва хусусийлаштириш инвестиция фондлари илгаригидек ҳар ойлик қайта баҳолашдан юзага келадиган фарқни эмас, балки қимматли қоғозларни ҳар чоракда қайта баҳолашдан юзага келадиган фарқни акс эттиради.
Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 24.03.2014 йилдаги 12 (616)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.
Ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.