Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 12 / Бизнинг маслаҳатлар

Автомобилни директорга бердик

Бизнинг хусусий корхонамиз (ЯСТ тўловчиси) савдо, умумий овқатланиш ҳамда хизмат кўрсатиш фаолиятларини юритади. Таъсисчиларнинг навбатдан ташқари йиғилиши қарорига асосан корхонамиз таъсисчиси ҳисобланмиш директорга дивидендларни асосий восита, яъни тўлиқ амортизация қилиб бўлинган 2006 йилда ишлаб чиқарилган ва корхонага кирим қилинган «Матиз» автомашинаси билан тўлашга қарор қилдик. Ушбу ҳолда қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак? Мазкур операция ЯСТ оқибатларини юзага келтирадими-йўқми, шуни тушунтириб берсангиз.

Олимжон Турсунбоев,

корхона бош бухгалтери.

Самарқанд шаҳри.

 

– Солиқ кодексининг 353-модда­сига асосан турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) ягона солиқ тўлови ставкалари белгиланган бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган ягона солиқ тўловини тўловчилар шу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича ягона солиқ тўловини тўлашлари керак. Бунда олинган даромадларга асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкалари бўйича солиқ солинади.

Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ реализация қилиш бу – сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақса­дида товарларни жўнатиш (топшириш), ишларни бажариш ва хизматлар кўрса­тиш, шунингдек гаровга қўйил­ган товарларга бўлган мулк ҳуқуқини гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига топшириш. Ҳисобварақ-фактуралар, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги тўғ­рисидаги далолатномалар, товарлар жўнатилганлигини (топширилганлигини), ишлар бажарилганлигини, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи квитанциялар, чеклар ва бошқа ҳуж­жатлар реализация қилганликни тас­диқловчи ҳужжатлардир.

Солиқ кодексининг 132-моддасига биноан асосий воситалари ва бошқа мол-мулки чиқиб кетишидан олинадиган даромадлар товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган операциялардан олинадиган бошқа даромадларга киради.

Демак, автомобилни дивиденд сифатида муассисга бериш тегишли солиқ оқибатларига олиб келади ва мазкур операцияга бухгалтерия ҳисоби тартибига биноан реализация қилиш сифатида қаралади. Мазкур операциядан олинган фойда корхонанинг бошқа даромади ҳисобланиб, унга асосий фаолият тури ставкаси бўйича ягона солиқ тўлови солинади.

Сотиш муносабати билан асосий воситаларни ҳисобдан чиқараётганда  Асосий воситаларни балансдан чи­қариш тартиби тўғрисида низомнинг (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-па­раграфига амал қилиш керак. Бухгалтерия ҳисобида асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш 9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи орқали расмийлаштирилади.

Асосий воситаларни сотишдан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар), қўшилган қиймат солиғи билан мазкур объектни сотиш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, сотувдан тушган тушум ва сотилаётган асосий воситаларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги, резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), ­яъни аввалги қўшимча баҳолаш суммаларининг асосий воситалар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошишига тузатилган фарқ сифатида белгиланади.

Шу тариқа, дивидендлар автомобиль билан тўланганида асосий воситанинг чиқиб кетишидан олинган молия­вий натижа уларнинг ҳисобига транспорт воситаси берилаётган, ҳисоблаб ёзилган дивидендлар суммаси билан қайта баҳолаш сальдоси, шунингдек бериш харажатлари ва ҚҚС (ҚҚС тўловчиларда) ҳисобга олинган ҳолда унинг қолдиқ қиймати ўртасидаги ­айирма сифатида аниқланади.

Бироқ шуни ҳисобга олиш лозимки, 2011 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ амортизацияланган асосий воситаларни реализация қилиш ёки тугатишдан олинган даромадлар ягона солиқ тўлови солинадиган тушумга киритилмайди (Солиқ кодекси 356-мод­дасининг 7-банди).

Сиз бераётган автомобиль тўлиқ амортизациялангани сабабли, унинг чиқиб кетишидан олинган фойдага ЯСТ солинмайди. Асосий восита объектини корхона таъсисчисига (директорига) дивидендлар ҳисобига бериш қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилиши керак.

Сизнинг ҳолатингизда 21-сон БҲМСга асосан қуйидаги бухгалтерия ёзувлари ёзилади:

 

Т/р

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

1

 

Дивидендлар ҳисоблаб ёзилганда

 

8710

 

6610

 

2

 

Автотранспорт воситасини дивидендлар ҳисобига бериш акс эттирилганда

 

6610

 

9210

 

3

 

Автотранспорт воситасининг дастлабки қиймати ҳисобдан чиқарилганда

 

9210

 

0160

 

4

 

Чиқиб кетган автотранспорт воситаси бўйича ҳисоблаб ёзилган амортизация суммаси ҳисобдан чиқарилганда

 

0260

 

9210

 

5

 

Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилганда

 

8510

 

9210

 

6

 

Автотранспорт воситасини дивидендлар ҳисобига беришдан олинган даромад акс эттирилганда

 

9210

 

9310

 

 

 

Жавоблар «Soliq Kalkulyatori»

солиқ маслаҳатчилари ташкилоти эксперти

Ғуломжон Тўлаганов томонидан тайёрланди.

Прочитано: 4652 раз(а)

Комментарии к статье (2)

2014-03-22 11:08:16, Гость_А.Мухамедбаев:
Мазкур савол хусусий корхона тўгрисида бўлмаганда, балки «эксперт – барака топ!» деган бўлар эдим. Лекин…
Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий корхона тўгрисида»ги Қонунининг 24-моддасига мувофик, «Хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди».
Бундай имтиёзнинг Хусусий корхонага берилиши, шу Қонунининг 3-модда тўртинчи кисми талабига асосланган, яъни «Хусусий корхона мулкдори корхонанинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда хусусий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонун ҳужжатларига мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади».
Шу каторда, «дивиденд» сўзининг маъно ва мохиятига хам эътибор каратилиши лозим. Амалдаги Солик Кодексининг 22-моддасига кура «дивидендлар - акциялар бўйича тўланиши лозим бўлган даромад; юридик шахс томонидан унинг муассислари ўртасида (иштирокчилари, аъзолари ўртасида уларнинг улушлари, пайлари, ҳиссалари бўйича) тақсимланадиган соф фойданинг ва (ёки) ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисми; юридик шахс тугатилганда мол-мулкни тақсимлашдан олинган, шунингдек муассис (иштирокчи, аъзо) томонидан юридик шахсда иштирок этиш улушини (пайини, ҳиссасини) олгандаги даромадлар, бундан муассис (иштирокчи, аъзо) устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида киритган мол-мулкнинг қиймати чегирилади, тақсимланмаган фойда устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда, юридик шахс акциядорининг, муассисининг (иштирокчисининг, аъзосининг) қўшимча акциялар қиймати, акциялар номинал қийматининг ошиши, улуш (пай, ҳисса) қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари» тушунилади.
Хулоса килинганда, Хусусий корхонада фойда таксимланмайди, у (фойда) барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади. Бундай ўтишда, солиқ солинмайди.
«Дивиденд» эса фойданинг бутун, ёки бир кисмини мулкдорлар (жамият иштирокчилари)  ўртасида уларнинг улушларига мутонасиб равишда таксимланишини, хамда унга (дивидендга) белгиланган тартибда солик солинишини назарда тутади.
Демак-ки, хусуий корхонанинг фойдаси тўгрисида гап юритилганда «дивиденд» ибораси ишлатилиши ноўрин бўлиб, нотўгри (солик амалиётида) хулоса ва натижалар келтириши мумкин.
 
А.Мухамедбаев – «Бизнес ва инвестиция муаммоларини ўрганиш маркази» директори, «Норма»нинг жамоатчи эксперти.
2014-03-22 19:40:47, botir2002:
Мутлако тугри (А.Мухамедбаев) Хусусий корхона мулкдори оладиган фойда ДИВИДЕНД тушунчасига тугри келмайди. Эксперт томонидан берилган тушунчага аниклик киритиш керак.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика