Озиқ-овқат маҳсулотларининг қонуний тарзда импорт қилиниши нафақат иқтисодий хавфсизлигимизни ҳимоя қилиш, балки, энг аввало, аҳоли саломатлигини сақлаш ва ички бозорни сифати кафолатланган маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Божхона расмийлаштирувидан ўтмаган ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига божхоначиларимиз доимий равишда ғов бўлиб келмоқдалар. Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари бир гуруҳ қонунбузарлар томонидан муқаддам ноқонуний йўллар билан кичик-кичик туркумларда олиб кирилган сифати кафолатланмаган йирик миқдордаги парранда гўшти ва бошқа контрафакт маҳсулотларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди.
Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳамкорлигида ва холислар иштирокида юк автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда унинг юкхонасидаги сабзи тўлдирилган полиэтилен қоплар орасига хорижда ишлаб чиқарилган салкам 2 тонна товуқ гўшти, 1,5 тоннага яқин сосиска маҳсулотлари ва 1 800 дона салқин ичимликлар яширилганлиги аниқланди. Мазкур автоуловнинг эгаси Қ.С. қиймати 30 млн сўм бўлган ушбу озиқ-овқат маҳсулотларга божхона расмийлаштируви ҳамда сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қила олмади.
Яна бир ҳолатда ҳаракатдаги юк автомашинаси юкхонасида мато ўрамлари билан тўсиб яширилган 3,3 тонна парранда гўшти ва 2 минг донага яқин косметика воситалари борлиги аниқланди. Муқаддам айланма йўллар орқали олиб кирилган ва табиийки, тегишли ҳужжатлари бўлмаган қиймати 42 млн сўмлик мазкур товар-моддий бойликлар андижонлик И.Н.га тегишли экан.
2013 йил мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 24 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 151 млрд сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тошкент шаҳар
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.