Ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлган бизнинг корхонада ўтказилган ҳужжатли солиқ текширувида корхона омбордаги товарни тузилган шартномага асосан ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирган ҳолда маълум миқдорда реализация қилиб, ҳисобварақ-фактурада ноқонуний равишда ҚҚС солиғини ажратиб кўрсатганлиги аниқланса, бундай ҳолда корхонага нисбатан қандай жарима солинади?
Бобоқул Ўринбоев,
корхона бош бухгалтери.
Хоразм вилояти.
– Солиқ кодексининг 118-моддасига асосан қўшилган қиймат солиғи солинмайдиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда, шунингдек қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмаган маҳсулот етказиб берувчилар томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда қўшилган қиймат солиғини ҳисобварақ-фактурада акс эттирганлик – маҳсулот етказиб берувчиларга ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бунда маҳсулот етказиб берувчи ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган солиқ суммасини бюджетга тўлаши шарт.
Ушбу ҳолатда товарларни (ишларни, хизматларни) сотиб олувчиларга нисбатан жарима солиш чораси қўлланилмайди ва улар қўшилган қиймат солиғи бўйича бюджет билан қайта ҳисоб-китоб қилмайди.
Жавоблар «Soliq Kalkulyatori»
солиқ маслаҳатчилари ташкилоти эксперти
Ғуломжон Тўлаганов томонидан тайёрланди.