Корхонамиз қарз шартномасига асосан маълум миқдорда қарз олган эди. Ушбу шартноманинг шартларида белгиланишича, тегишли фоизлар унинг муддати охирида тўлаб берилади.
Шуниси муҳимки, бизга қарз берган МЧЖ корхонамизнинг таъсисчиларидан бири бўлиб, энди у ўзига тегишли қарз фоизларини бизнинг устав фондимизга киритишга, яъни корхонамизнинг устав фондини кўпайтиришга қарор қилди. Ушбу фоизлардан 10%ли солиқнинг ушланиши лозим бўладими?
Равшан Бердиёров, корхона раҳбари.
Тошкент вилояти.
– Солиқ кодексининг 156-моддасига асосан дивидендлар ва фоизларга тўлов манбаида солиқ солинади.
Шу тариқа, қарз берувчи олинган пул маблағларини қандай тасарруф этишга қарор қилишидан қатъи назар, фоизлардан қарз шартномаси бўйича тўлов манбаида 10%лик ставкада солиқ ушланиши керак бўлади.
Шуни қайд этиш лозимки, Солиқ кодексининг 156-моддасига кўра, юридик шахсдан олиниб, унинг устав фондига (устав капиталига) йўналтирилган дивидендлар тарзидаги даромадларга солиқ солинмайди.
Демак, олинган маблағлар устав фондини кўпайтиришга йўналтирилганда солиқ солишдан озод қилиш кўринишидаги имтиёз фақат дивидендлар бўйича қўлланади.
Жавоблар «Soliq Kalkulyatori» СМТ
эксперти Ғуломжон Тўлаганов томонидан тайёрланди.