Бухгалтерия аутсорсинги корхонанинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини компания бўлинмаси (бухгалтер ёки хизмат) эмас, балки чет юридик ташкилот юритишидир. Бу ҳолда ташқи компания корхонанинг бизнес жараёнларига қўшилади ва мустақил юридик шахслигича қолган ҳолда ички бўлинмага айнан монанд бўлган фаолиятни амалга оширади.
Агар зиммасига юкланган вазифаларни қойиллатиб уддалайдиган штатдаги бухгалтерни ёллаш мумкин бўлса, чет фирмага мурожаат қилишнинг ҳожати бормикин? Ҳақиқатан ҳам, бу нима учун керак?
Солиқ солиш ва бухгалтерия ҳисоби катта ҳажмда бўлмаган кичик компанияга аутсорсинг мутахассис меҳнатига ҳақ тўлаш, фаолиятини ташкил этиш ва шарт-шароитлар яратиш харажатларини қисқартириш имконини беради. Биз ушбу соҳадаги иш ҳақи тўғрисида ёзган эдик («Бухгалтер меҳнати қанча туради?», «СБХ»нинг 29.10.2013 йилдаги 43 (1003)-сони). Иш берувчилар уларга 500 000 сўм ва ундан кўп иш ҳақи таклиф этяптилар. Аутсорсинг нархлари тўғрисида кейинроқ сўз юритамиз, бироқ кичик ташкилотлар учун у арзонроққа тушади.
Аутсорсинг тўғрисида ўйлаш учун яна бир сабаб – бухгалтернинг профессионализми. Яхши мутахассисни тўлиқ иш кунига жалб этиш учун унга 500 000 сўмдан анча кўпроқ иш ҳақи таклиф этмоқ лозим. Зеро ярим миллион сўмга, одатда, бошловчи мутахассислар ёки бирйўла бир нечта фирмада ҳисоб юритадиган бухгалтерлар рози бўладилар.
Бухгалтерия ҳисоби аутсорсингига ихтисослашган аудиторлик ташкилотлари ва компанияларининг ходимлари эса ўз профессионал савияларини мунтазам ошириб боришлари шарт. Улар юқори малакали мутахассислардир, зеро бу ерда «арзон», бироқ паст малакали ходимларни ушлаб туриш уларнинг ўзларига қимматга тушади.
Аутсорсернинг корхонада бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича иш ҳажми шартнома билан белгиланади, унда хизматлар қиймати, мутахассис вазифалари, меҳнат режими ва албатта масъулия&sh