Бизнинг йирик корхонамизда касаба уюшмаси мавжуд. Яқинда аудиторлар билан бизнинг ўртамизда баҳсли савол туғилиб қолди: корхона томонидан ёки касаба уюшмасига қилинадиган ажратмалар, яъни унга аъзолик бадаллари ҳисобидан харид қилинган болаларнинг соғломлаштириш лагерлари, санаторий ва дам олиш зоналарига йўлланмалар, аттракционлар, кўнгилочар томошаларга кириш чипталари, Ўзбекистоннинг тарихий жойлари бўйлаб туристик сафарлар, шунингдек болаларга байрам совғаларининг қийматига даромад солиғи солинадими?
Шукур Эрназаров,
корхона раҳбари.
Қибрай тумани.
– Солиқ кодексининг 171-моддасига кўра, қуйидагилар жисмоний шахсларнинг жами даромадига киради:
– меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;
– мулкий даромадлар;
– моддий наф тарзидаги даромадлар;
– бошқа даромадлар.
Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан амалга оширилган тўловларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмаслиги Солиқ кодексининг 171-моддасида белгиланган.
Солиқ тўловчи томонидан юридик шахсдан моддий наф тарзида олинган даромадлар бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
юридик шахс томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб, товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини, мулкий ҳуқуқларни тўлаш, шу жумладан:
жисмоний шахсларнинг болаларини мактабгача таълим муассасаларида ўқитиш, тарбиялаш;
коммунал хизматлар, ходимларга берилган уй-жой ҳақини, уй-жойдан фойдаланиш харажатлари ҳақини, ётоқхонадаги жойлар ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш;
санаторий-курортларда даволаниш йўлланмалари қийматини, дам олиш, стационар ва амбулаторияга қатнаб даволаниш ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш;
юридик шахснинг жисмоний шахс даромади бўлган бошқа харажатлари (Солиқ кодексининг 177-моддаси).
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солинадиган база жами даромаддан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 179-моддасига мувофиқ солиқ солишдан озод қилинган даромадларни чегирган ҳолда, белгиланади. Унга кўра, жисмоний шахсларнинг шу жумладан қуйидаги даромадларига солиқ солинмайди:
– йўлланмалар қийматини юридик шахслар томонидан тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари, туристик йўлланмалар бундан мустасно;
республикамиз ҳудудида жойлашган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қийматини ногиронларга, шу жумладан мазкур корхонада ишламайдиган ногиронларга тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, шунингдек ота-оналарнинг болалари билан дам олишига махсус мўлжалланган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига ўз ходимларининг 16 ёшга тўлмаган (18 ёшгача бўлган ўқувчилар) болалари учун йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари;
– ўз ходимларига ва уларнинг болаларига амбулатория ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан тўланган суммалар, шунингдек юридик шахснинг даволаш ва тиббий хизмат кўрсатганлик, ногиронлик профилактикаси ва ногиронларнинг саломатлигини тиклашга доир техник воситаларни олиш учун қилинган харажатлари. Ходимларни даволаганлик, уларга тиббий хизмат кўрсатганлик учун юридик шахслар томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда, шунингдек соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган нақд пул маблағлари бевосита ходимга, ходим йўқлигида, унинг оила аъзоларига, ота-оналарига берилган ёки мазкур мақсадлар учун мўлжалланган маблағлар ходимнинг банкдаги ҳисобварағига киритилган тақдирда, ушбу даромадлар солиқ солишдан озод қилинади;
– юридик шахсдан солиқ даври мобайнида энг кам иш ҳақининг 6 баравари миқдоригача бўлган қийматдаги:
ходимлар натура шаклида олган совғалар;
илгари мазкур юридик шахснинг ходимлари бўлган ишламаётган пенсионерлар ва меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар, вафот этган ходимнинг оила аъзолари томонидан олинган совғалар ва бошқа турлардаги ёрдам.
Агар мазкур даромадлар корхона (ташкилот) маблағлари ҳисобидан олинган бўлса, фақат:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, шунингдек ота-оналарнинг болалари билан дам олишига махсус мўлжалланган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига ўз ходимларининг болалари учун йўлланмаларга;
солиқ даври мобайнида ЭКИҲнинг 6 бараваригача миқдорда – ходимларга совғалар, шунингдек илгари мазкур юридик шахснинг ходимлари ҳисобланган ишламаётган пенсионерлар ва меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар, вафот этган ходимнинг оила аъзоларига совғалар ва бошқа ёрдам турларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Ота-оналарнинг болалари билан дам олиши учун мўлжалланмаган бошқа санаторийлар, дам олиш зоналарига йўлланмалар, туристик сафарлар, ходим ҳисобланмаган шахсларга янги йил совғалари, хўжалик субъекти маблағлари ҳисобидан харид қилинган аттракционларга, кўнгилочар томошаларга чипталар ходимнинг даромади ҳисобланади ва унга умумбелгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.
Агар даромадларнинг ушбу барча турлари ходимлар томонидан касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан олинган бўлса, уларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Жавоблар «Soliq Kalkulyatori» СМТ
эксперти Ғуломжон Тўлаганов томонидан тайёрланди.