Бош бухгалтер деганимиз компанияда раҳбардан кейин иккинчи мансабдор шахс саналади. Улар ўртасидаги ўзаро муносабат қай тарзда кечиши кўп жиҳатдан фирма ютуғини белгилайди. Таассуфки, улар ўртасидаги муносабат кўпинча кўнгилдагидек бўлмайди. Бухгалтер билан директор бир-бирини яхши тушунмаслиги оқибатида ишончсизлик юзага келади, муаммолар пайдо бўлади. Бу ҳол зарарга сабаб бўлиши, ҳатто компанияни таназзулга олиб келиши мумкин.
Мухбиримиз бухгалтерликда 27 йиллик иш стажига эга, иккинчи маълумоти психолог бўлган Елена АЛИЕВА билан айни шу хусусда, бинобарин директор билан муносабатларни қай тарзда йўлга қўйиш ҳақида суҳбатлашди.
– Елена Темуровна, сиз бир қанча ташкилотда ишлагансиз. Раҳбарият билан муносабатда кўпроқ қандай тактика қўллайсиз?
– Бухгалтер билан раҳбар ўртасидаги муносабатларни медалга қиёслаш мумкин. Бир тарафдан олганда, директор билан «битта арава»да эканлигимни сира унутмайман. Шунингдек айни бир хил таваккалчиликлар учун менинг зиммамда ҳам масъулият борлигини ҳис этиб тураман. Ҳар иккаламизнинг ҳам мақсадимиз бир, мақсадга интилишда эса йўлларимиз бир оз айри келади. Муносабатларни шуни ҳис этган ҳолда, ишонч, жамоа бўлиб ишлаш асосида йўлга қўйиш керак.
Юқорида тилга олинган медалнинг иккинчи тарафи шундаки, раҳбарнинг мажбурият ва ташвишлари бошқа, ҳисобчи мутахассиснинг мажбурият ва ташвишлари бутунлай бошқадир. Агар раҳбарнинг бутун фикри-зикри кўпроқ фойда олишда бўлса, бухгалтер ҳисоботни тўғри қилиб топшириш, текширувдан ёруғ юз билан ўтишни ўйлайди. Важ ва сабаблар турлича бўлгач, шу йўсинда фикрлашга тўғри келади. Шу сабабли сих ҳам, кабоб ҳам куймайди қабилидаги ўртамиёна йўлни топиш жуда муҳимдир. Психологлар раҳбарият билан дўстлашишни маслаҳат берадилар. Табиийки, бунга бир кунда эришиб бўлмайди. Ўз ишингизнинг устаси эканлигингизни, сизга бемалол орқа қилиш ва ишониш мумкинлигини «хўжайин»га секин-аста сингдиришингиз керак. Ана шунда муносабатлар «иш берувчи – ходим» қабилидан чиқиб, шериклик рутбасига эга бўлади. Шак-шубҳасиз, бунда ҳар ким ўз даражасини билиши шарт, меъёрни ҳам унутмаслиги керак.
– Бухгалтерия ҳисобидан мутлақо бехабар эканлигига қарамай, раҳбар сизнинг фаолиятингизда иштирок этиш пайида бўлаверса-чи?
– Афсуски, бундай ҳоллар айниқса кейинги вақтларда кўп учрамоқда. Тўғри, раҳбарларнинг аксарияти бухгалтерия ишини яхши билади – бундайлар билан ишлаш эса жоннинг роҳатидир. Борди-ю, бошлиғингиз бухгалтериядан тамомила бехабар бўлса, сизга, энг аввало, сабр-тоқатли бўлишни маслаҳат берган бўлур эдим. Шу сабабли у ёки бу вазиятни тушунтириб беришни сўраб қолса, бухгалтерия атамаларини ишлатманг. Ақалли махсус курсларни ҳам тамомламаган кишига осон эмаслиги турган гап. Бундай ҳолларда жўн, ҳамма тушунадиган йўсинда тушунтириш йўлларини олдинроқ ўйлаб қўйинг. Шахсий нуқтаи назарингиздан тутуруқсиз кўринган саволларга жавоб беришга ҳам тайёр туринг. Бир воқеани мисол қилиб келтираман. Бир директор бухгалтерни ҳамонки ходимларга иш ҳақи тўлар эканман, нима сабабдан шу иш ҳақи юзасидан давлатга даромад солиғи тўлашим керак деган мазмунда саволга тутди. Ўшанда мазкур солиқ ходимнинг иш ҳақидан чегириб қолинади, корхона солиқ агенти тариқасида ҳисоб-китоб қилиши кераклигини, жисмоний шахснинг даромадидан уни ушлаб қолиб, давлат бюджетига ўтказиши лозимлигини нақ бир соат тушунтиргандим унга.
Ҳар қандай ходим ҳам бир ўзи бунинг уддасидан чиқиши осон эмас. Баъзи мамлакатларда, айтайлик, АҚШда солиқ тўловчилар ўз даромадлари юзасидан ўзлари декларация тайёрлаши ва шу асосда солиқлар тўлаши шарт. Бу, бир қараганда, биз бухгалтерлар учун кундек равшан нарса. Аммо шу оддийгина ҳолат кимларнидир таажжубга солиши мумкин. Шундай экан, бухгалтерия ҳисобининг соф профессионал жиҳатлари ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Раҳбарни бухгалтерия ҳужжатини имзолашга олдиндан тайёрланг, керак бўлса, маслаҳатингизни аяманг. Сиз тақдим этаётган маълумотлар кўпинча раҳбарга тушунарсиз бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам у ... сизни ношудлик, билимсизликда айблаши мумкин. Янада ёмон тарафи алдаяпти ва атайин чигаллаштираяпти деб у сизга ишонмай қўйиши мумкин.
– Раҳбарият билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйишда бухгалтер кўпроқ қандай хатоликлар содир этади?
– Бундай хатоликлардан бир нечтасини келтириш мумкин. Раҳбар билан дўстлашишни маслаҳат берар эканман, бу дарҳол лаганбардорликка ўтиш керак деган маънони англатмайди, албатта. Бахтга қарши баъзи бухгалтерлар муносабатларнинг шундай шакли ёрдам беради деб нотўғри ўйлашади. Хушомадгўйлик ёқадиган раҳбарлар бўлса бордир, аммо директорларнинг кўпчилиги бунақа муносабатни ёқтирмайди.
Раҳбарининг гапига кириб, профессионал талабларга беписандлик билан қараган бухгалтер катта хато қилади. Баъзан янги ишга келганда, «бизда ҳисобнинг бошқача тизими амал қилади» деган гапни эшитасиз. Янги муассис ёки директор ҳам шундай дейиши мумкин. Сиздан яхшилаб ўрганиб олишни ва шу асосда ишлашни сўрашади. Шу зайил мураккаб вазият юзага келади. Мабодо бухгалтер буларнинг «ноғорасига ўйнаб», қонун ҳужжатлари талабларига зид иш тутса, ўзига муаммо орттириб олади. Уларнинг таклифига унамаса, ишдан бўшаши керак. Лекин учинчи йўл ҳам бор. Бунда бухгалтер улар айтган йўсинда нима сабабдан ишлай олмаслигини амалий тарзда, холисона, энг муҳими, тушунарли қилиб айтиб беради. Шу зайил бу «жанг»да унда ютиб чиқиш имконияти бор. Зотан сизнинг маҳоратингиз, билим ва кўникмаларингизни била туриб, ишга ёллашган, ахир!
– Шахсан сизда раҳбар билан ўзаро муносабатларда муаммолар бўлганми?
– Назаримда, муаммо кўпроқ раҳбарлик курсисидаги одам сиздан аввалги бухгалтер қилган хатоликларни, йўл қўйган камчиликларни қисқа муддат ичида тузатишни талаб қилаётганлиги муносабати билан келиб чиқади. Бундан анча йиллар аввал бир компанияга ишга ўтдим, мендан олдинги бухгалтерни вазифасига совуққонлик билан қараганлиги учун бўшатишган экан. Директор ҳамма ишни қисқа муддат ичида тартибга келтиришимни сўради, мен ҳам ўзимга ортиқча баҳо берган ҳолда бунга кўна қолдим. Натижада аввалги ҳамкасабам мерос қилиб қолдирган иш бир дунё эканлиги, қолаверса, ҳисобот даври яқинлашиб қолганлиги сабабли 13 соатлаб ишлашга, ҳужжатларни уйга олиб кетиб, тунларни бедор ўтказишга мажбур бўлдим. Қийналиб бўлса ҳам вазифани уддаладим, бошлиқнинг кўнгли тўлди шекилли, маошимни оширди, отгул берди. Қанча тунларни уйқусизлик билан ўтказганим, толиқиб қолганим, иштаҳам йўқолганини айтмаса, иш кўнгилли тугади. Кейинчалик ҳаммаси ўз изига тушиб кетди, шундай бўлса-да, ўша кунларни юракда оғриқ билан эслайман. Одам ўзини ҳам, соғлиғини ҳам ўйлаши керак!
Раҳбарнинг бошқарув вазифаларини секингина зиммамга ўтказиб юбориш истагига ҳам бир неча марта дуч келганман. Билишимча, профессионал бухгалтерлар бундай муаммога тез-тез дуч келишади. Таассуфки, бизнес соҳасининг баъзи намояндалари бухгалтерия шунчаки ҳисоб-китоб олиб бориш билан чекланмаслиги, бизнес жараёнини ташкил этиши, уни бошқариши керак деб ўйлайдилар. Бунақа, таги пучроқ гапларга учмаслик керак.
Ишга кираётганингизда ишларнинг жорий ҳолати тўғрисида сизга тўлиқ ахборот бермасликлари билан боғлиқ муаммо ҳам бор. Кейинчалик ҳаммаси ойдинлашиб, ишларнинг ҳажми айтилганидан анчагина кўп эканлиги аён бўлади. Меҳнатингизга ҳақ тўлаш шартлари эса имзолаб бўлинган, демак уни қайта кўриб чиқиш ҳийла мураккаб иш. Шу сабабли ишга кираётганингизда вазифаларингизни узил-кесил гаплашиб, аниқлаштириб олишни ва шартномада ишлар кўпайиб кетган тақдирда, қўшимча ҳақ тўлаш ҳақидаги шарт назарда тутилишини тавсия қилган бўлур эдим.
Яна бир айтишим лозим бўлган жиҳат ноошкора, хуфиёна муносабатлар билан боғлиқ. Бошлиғингиз шубҳали ёки ноқонуний эканлиги аён бўлган операцияда бухгалтер сифатида иштирок этишингизни сўради дейлик. Бундай пайтларда бунақа ишларда иштирок этишни вақтида рад этиш жуда муҳим. Иш жойингиздан маҳрум бўлсангиз ҳам, шундай қилинг.
Шу нарса ёдингизда бўлсинки, ҳаракатларнинг қонунга хилоф эканлиги маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунга ўхшаш ҳолатларнинг ҳаммасида ҳам қатъият кўрсатиш лозим. Баъзан «йўқ» деб айта билиш керак. Афсуслар бўлсинки, удумларимиз, тарбиямиз, андиша баъзан рад этишга имкон бермайди. Тадбиркорлар эса бундан фойдаланиб қоладилар.
– Ихтисослаштирилган профессионал нашрларга обуна бўлиш, маълумотларнинг ҳуқуқий базаларини ва маълумотнома йўсинидаги нарсаларни сотиб олиш учун, семинарлар ва шу сингари тадбирларда иштирок этганлик учун ҳақ тўлаш зарурлигига директорни қандай қилиб ишонтирса бўлади?
– Суҳбатимизнинг бошида айтганларимга қатъий риоя этилса, буларнинг ҳаммасига эришиш мумкин. Такрор бўлса ҳам айтаман, раҳбарият билан дўстона муносабатларни ўрнатиш керак. Бошлиқ сўраётган илтимосингиз корхонага фойдали бўлишини тушуниб етсин. Айтайлик, бухгалтерия учун муҳим ахборотлар бериладиган газетага обуна бўлишни истаётган экансиз, бундай нашр керакли, долзарб ахборотларга бой эканлиги ва ишда асқотишини рўкач қилиб кўрсатинг. Семинарларда иштирок этиш ҳам янги-янги билим бериши, малакани ошириши билан ўзини «оқлаши» мумкин. Умуман булар сизга, бинобарин компанияга керакли ва фойдали эканлигини раҳбарингизга ишонтира билинг. Ана шунда гапингиз ерда қолмайди.
– Газетамизни кўпгина тадбиркорлар қизиқиш билан ўқийди. Уларга бухгалтерлар билан ўзаро муносабатлар муваффақиятли йўсинда кечишига эришиш учун нималарни маслаҳат берган бўлур эдингиз?
– Яна бир бор шуни қайд этиб ўтиш жоизки, раҳбар билан бухгалтер бир жамоада, бир ёқадан бош чиқариб ишламоғи лозим. Компаниянинг кучи ҳамда ишончли ва пухта ишлаши сизларнинг ўртангизда амалий ва шахсий муносабатлар қанчалик яхши йўлга қўйилганлигига боғлиқдир. Раҳбарларга маслаҳатим: ишни худди шу йўсинда ташкил этмоқ лозим. Шунда шак-шубҳасиз, компаниянгизга ҳам муваффақият, ҳам фойда келтиради.
Наталья СПИРИДОНОВА,
мухбиримиз.