«Пойтахт» бизнес марказида амалий учрашув бўлиб ўтди, унда молиявий ҳисобот халқаро стандартлари ва давлат секторида бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари (бундан кейин – ДСБҲМС) лойиҳаларини мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Бухгалтерия ҳисобининг халқаро меъёр ва стандартларига мувофиқ янги стандартларни ишлаб чиқиш республика Молия вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури амалга ошираётган «Ўзбекистонда бюджет тизимини ислоҳ қилиш» қўшма лойиҳасида назарда тутилган бўлиб, мазкур вазирлик ва дастур амалий учрашувнинг ташкилотчилари бўлишди.
Учрашув иштирокчилари – вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари, олий ўқув юртларининг 30 дан зиёд вакилига ДСБҲМСнинг «Номоддий активлар», «Қарзлар бўйича харажатлар ҳисоби» ва «Бюджет ташкилотларининг ялпи даромадлари ва мақсадли тушумлари» лойиҳалари тақдим этилди.
Бюджет соҳасини ислоҳ қилиш лойиҳаси 12 та ДСБҲМСни ишлаб чиқишни илгари суради. Ишчи гуруҳнинг олдинги мажлисларида «Ижара ҳисоби», «Товар-моддий захиралар» ва «Асосий воситалар» стандартлари лойиҳалари муҳокама қилинган.
Стандартларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш 2013–2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат секторида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тизимини такомиллаштириш концепциясида назарда тутилган. Шуни таъкидлаш жоизки, уларнинг ҳаммаси Бухгалтерлар халқаро федерацияси (IFAC) қабул қилган жамоат сектори учун молиявий ҳисобот халқаро стандартлари (ЖС МҲХС) асосида ишлаб чиқилади, улар давлат секторида молиявий ҳисоботни тайёрлаш учун халқаро ҳисоб стандартларининг ягона тўпламини тақдим этадилар. Уларнинг Ўзбекистон бозорига мослаштирилиши бюджет ташкилотларининг ҳисоботини янада очиқ-ошкор қилиш имконини беради, давлат сектори ишининг самарадорлигини таҳлил қилиш учун ахборот билан таъминлайди. Истиқболда бундай ёндашув давлат органлари иши ва харажатларини омилкорлик билан режалаштириш имконини беради. Давлат соҳасидаги миллий стандартлар ҳам бутун дунёда давлат органлари ҳисоботи билан таққослашни таъминлаш имконини беради.
Келгусида стандартларни муваффақиятли жорий этиш учун амалиётчи мутахассислар, олий ўқув юртлари ва коллежларнинг талабалари, бюджет соҳаси бухгалтерлари ва молия ходимларининг ўзларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш лозим бўлади. Ана шу мақсаддан келиб чиқиб, коллежлар ва олий ўқув юртларига тузатишлар киритилади, янги ўқув-услубий материаллар ишлаб чиқилади.
Амалий учрашув иштирокчилари стандартларнинг лойиҳалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, лойиҳаларни қўшимча ишлаш чоғида улар ҳисобга олинади.
Ўз ахборотимиз.