3 декабрда «Norma» профессионал ривожланиш марказида «Ижара ва лизинг: долзарб масалалар ва хатарлар» мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Семинар бошловчилари – «BAKER TILLY UZBEKISTAN» халқаро аудиторлик компанияси вакиллари иштирокчиларни ижара ва лизингни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари билан таништирдилар, уларнинг эътиборини назорат қилувчи органлар билан низоларни ва қурилиш ташкилотлари учун эҳтимол бўлган солиқ хатарларини келтириб чиқариши мумкин бўлган масалаларга қаратдилар.
Аудиторлик-консалтинг гуруҳи юрисконсульти Екатерина Адеева ва юридик амалиёт раҳбари Андрей Лубенец семинарни молиявий ижара, лизинг ва тезкор ижаранинг шартномаларини расмийлаштириш хусусиятлари ва уларни таққослаш, бундай битимларни тузиш, рўйхатдан ўтказиш шартлари ва бекор қилиш учун асослари ҳақида тўхталиб ўтишди. «Лизинг тўғрисида»ги Қонун (14.04.1999 йилдаги 756-I-сон) 9-моддаси учинчи қисмининг иккинчи хатбошисига кўра лизинг объекти ва унинг тавсифланишлари (миқдори, сифати, рўйхати ва бошқа кўрсаткичлари) шартноманинг муҳим шарти ҳисобланади. Мазкур шартнинг йўқлиги битимни ҳақиқий эмас деб топиш, мазкур шартнома бўйича олинган барча нарсанинг тарафлар томонидан қайтарилиши (Фуқаролик кодексининг (ФК) 114 ва 116-моддалари) ва хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.
Шунингдек бошловчилар лизинг, молиявий ва тезкор ижара шартномаларининг муҳим шартлари тўғрисида гапириб бердилар ва агар улар назарда тутилмаса, шартнома бир қатор ҳолларда қонун ҳужжатларининг талабларига номувофиқлиги ёки содир этилган битимнинг сохталиги ёки қалбакилиги туфайли ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлигини эслатдилар (ФКнинг 116 ва 124-моддалари; 29.08.1998 йилдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги 670-I-сон Қонун 10-моддасининг биринчи қисми). Мисол учун, агар лизинг мол-мулкининг олди-сотди шартномасида лизинг олувчи ва мол-мулкни харид қилиш мақсадлари тўғрисида маълумотлар бўлмаса, лизинг шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиши (ўзининг қалбакилиги туфайли) ва унга нисбатан бўлиб-бўлиб сотишга оид олди-сотди шартномасига тааллуқли қоидаларни қўллашга, башарти бундай операциялар мунтазам тусга эга бўлса, лизинг берувчининг фаолиятини эса бундан келиб чиқадиган барча оқибатлари билан бирга улгуржи савдо сифатида идентификациялашга ҳақлилар.
Кўпчиликни ижарачи томонидан мол-мулкнинг ижара даврида яхшиланиши масаласи қизиқтирди. Юристларнинг тушунтиришларича, агар ижарага олинган мол-мулк, башарти, ижарага берувчининг ижозати билан яхшиланган бўлиб, ижара шартномасида ўзгача шартлар назарда тутилмаган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг ёки шартнома бекор қилингач, ижарачи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатлари қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир (19.11.1991 йилдаги «Ижара тўғрисида»ги 427-XII-сон Қонун 11-моддасининг иккинчи қисми).
Чунончи, масалан, шартномада ижара тўловлари миқдори ижарага берувчининг ёзма розилигига биноан ижарага олинган мол-мулкни яхшилашга ижарачи сарфлаган маблағлар суммасига камайтирилиши назарда тутилиши мумкин. Шартномада ижарачи амалга оширган ижарага олинган мол-мулкни ажратилмайдиган яхшиланишлар ижарага берувчи томонидан қопланмаслиги шартларини белгилаш ҳам мумкин. Бунинг устига, агар бундай яхшиланишлар ижарага берувчининг олдиндан розилигини олмасдан қилинган бўлса, ижарачига етказилган зарарни қоплаш талаблари изҳор этилиши мумкин («Ижара тўғрисида»ги Қонун 9-моддасининг бешинчи қисми). Одатда ижара шартномасида ижара объектининг ижарачи мулкига ўтиши назарда тутилмаса ёки айни ижара объектини сотиб олиш ёхуд унинг ижарачи мулкига ўтиши шарти назарда тутилган шартнома ижарачининг айби билан муддатдан аввал бекор қилинганида шундай бўлиши эҳтимол.
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш бўйича маслаҳатчи Елена Таймазова ҳамда солиқ амалиёти бўлими раҳбари Ирина Агафонова иштирокчиларни ижара, ҳисоб-китоб ва ижара (лизинг) тўловларини ҳисоблаб ёзиш, мол-мулкни ижарага бериш ҳужжатларини расмийлаштириш бухгалтерия ҳисобининг хусусиятлари, шунингдек ижарага олинадиган мол-мулкни суғурталаш ёки таъмирлаш бўйича қоплаш суммаларини ва мол-мулкни тезкор, молиявий ижарага ёки лизингга олишда вужудга келадиган бошқа харажатларни акс эттириш амалиёти билан таништирдилар. Лизинг ва молиявий ижаранинг бухгалтерия ҳисоби бўйича қизғин мунозара авж олди. Сўзга чиққанлар уларнинг объектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун корхонага зарур бўлган асосий фондлар ҳисобланишини айтдилар. Уларнинг бухгалтерия ҳисоби қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бироқ ушбу операцияларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда юритилади. Чунончи, агар ижарага берувчининг ижара объектини шартнома шартлари бўйича етказиб бериш харажатлари ижарачи томонидан қопланмаса, уларнинг суммаси улар вужудга келган даврда бошқа операцион харажатлар ҳисобварағида 9430-ҳисобварақ дебетига киритилади. Бу лизинг объектини беришга ҳам тааллуқли. Ижарага берувчида молиявий ижара унинг муддати бошланишида тенг сумма бўйича ёки молиявий ижара объектини жорий қиймати ёхуд агар у паст бўлса, энг кам ижара (лизинг) тўловларининг дисконтланган қиймати бўйича актив (дебиторлик қарзи) сифатида эътироф этилади.
Агар энг кам ижара (лизинг) тўловларининг дисконтланган қиймати молиявий ижара объектининг жорий қийматидан паст бўлса, молиявий ижара ижарага берувчининг (лизинг берувчининг) бухгалтерия ҳисобида энг кам ижара (лизинг) тўловларининг дисконтланган қиймати бўйича дебиторлик қарзи деб актив сифатида эътирофга олиниши керак. Агар у объектнинг жорий қийматидан юқори бўлса, молиявий ижара ижарага берувчининг (лизинг берувчининг) бухгалтерия ҳисобида молиявий ижара объектининг жорий қиймати бўйича дебиторлик қарзи деб актив сифатида эътироф этилиши керак.
Тезкор, молиявий ижара ва лизинг бўйича операцияларга солиқ солиш ҳам жуда долзарб мавзу бўлди. Экспертлар иштирокчиларни мол-мулкни ижарага бериш ва уни қайтаришда ЯСТ тўлаш бўйича солиқ базаси қандай белгиланиши билан таништирдилар. 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб кўчмас мулкни ижарага топширишдан олинадиган даромадларга солиқ солиш шартномада белгиланган ижара ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда, бироқ давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан паст бўлмаган ҳолда амалга оширилади (Президентнинг 30.12.2011 йилдаги ПҚ-1675-сон қарори 7-банди). Агар шартнома билан белгиланган ижара ҳақи энг кам ставкалар асосида ҳисобланган суммадан паст бўлса, ЯСТ ҳисоб-китоби энг кам ставкалардан келиб чиқиб амалга оширилади (МВ ва ДСҚнинг 26.01.2012 йилдаги ММ/04-01-32-14/87, 13/1-954-сон Тушунтириш хати). Бунинг маъноси шуки, ижарадан олинган даромадлардан ЯСТ суммасини белгилаш учун шартномада назарда тутилган ижара ҳақини энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган сумма билан таққослаш керак. Ва агар шартнома бўйича ижара ҳақи кам бўлса, ЯСТ энг кам ставкалар бўйича белгиланган суммада ҳисобланади. Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарори билан юридик шахсларга кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадларга солиқ солишнинг ушбу тартиби сақланган.
2013 йилга Тошкент шаҳрида кўчмас давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақининг энг кам ставкалари Тошкент шаҳри ҳокимининг 30.12.2012 йилдаги 1052-сон қарори билан белгиланган.
Семинар иштирокчилари энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган ижара ҳақига оширувчи коэффициентлар қўлланиши ёки қўлланмаслиги билан қизиқдилар. Бошловчиларнинг таъкидлашларича, Президентнинг ПҚ-1675-сон қарорида ҳам, МВ ва ДСҚнинг 26.01.2012 йилдаги ММ/04-01-32-14/87, 13/1-954-сон Тушунтириш хатида ҳам ижара ҳақининг энг кам ставкаларига коэффициентларни қўллаш тўғрисида кўрсатмалар келтирилмаган. Бинобарин, юридик шахсларнинг кўчмас мулкни ижарага беришдан даромадларига солиқ солиш мақсадида ижара ҳақи суммаси билан таққосланадиган миқдор, шартномага кўра, давлат мулкини ижарага беришнинг белгиланган энг кам ставкалари ва майдондан келиб чиқиб белгиланади (коэффициентларсиз).
«BAKER TILLY UZBEKISTAN» бошқарувининг раиси Гўзал Исломова ва аудиторлик-консалтинг гуруҳининг бошқарувчи шериги Олег Даминов тренинг иштирокчиларига амалий маслаҳат ва тавсиялар бердилар, уларнинг саволларига жавоб қайтардилар ҳамда муҳокама қилаётган мавзу бўйича фойдали тарқатма материални тақдим этдилар. Ўз навбатида, тингловчилар ҳам семинар тўғрисидаги ўз фикрларини айтдилар. Уларга қараганда, семинар чиндан ҳам фойдали ва долзарб бўлган.
М.Мусаева, «AGS-REAL ESTATE INVEST» МЧЖ ХК бош бухгалтери:
Жуда ҳам ёқди! Юристларнинг маслаҳатлари жуда фойдали бўлди, улардан ўринли тавсиялар олдик. Ижара ва лизинг бўйича операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби ва уларга солиқ солиш мавзуси ғоятда чуқур ўрганилганлиги хурсанд қилди.
А.КОТОВА, «Sanoatqurilishindustriya» МЧЖ бош бухгалтери:
Компаниямиз кўп йиллардан бери «NORMA»нинг маҳсулотларидан фойдаланиб келади. Электрон дастур ва семинарларингиз менга жуда ёқади – доимо уларга мамнуният билан қатнайман. Компаниямизнинг асосий фаолият тури айнан мол-мулкни ижарага бериш бўлганлиги боис, менга мазкур семинар ғоятда долзарб аҳамиятга эга бўлди.
А.ҚОБУЛОВ, тадбиркор:
«NORMA»нинг семинарида биринчи марта иштирок этаяпман. Бунга сарфланган вақт беҳуда кетмади. Бошловчилар ўз ишининг ҳақиқий профессионаллари экан. Мавзу жуда мазмундор, кенг қамровда ва аниқ очиб берилди. Солиқ солиш масалалари ёритилганлигидан хурсандман.
Е.СКУДИНА, «Ўзбеклизинг Int.» АЖ ҚК бош бухгалтерининг ўринбосари:
Семинар жуда унумли ўтди. Мавзу мен учун айниқса қизиқарли, чунки лизинг компаниясида ишлайман. Ташкилотчи ва бошловчилардан бундай фойдали тренинг учун миннатдорман.
Наталья СПИРИДОНОВА,
мухбиримиз.