Республикамизда эълон қилинган Ёнғин хавфсизлиги ойлиги ҳам ортда қолди. Лекин бу борада фуқаролар ҳар доим ва ҳар жойда ҳушёр бўлмоқликлари керак.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, ёнғин ҳолатлари асосан фуқароларнинг лоқайдлиги оқибатида келиб чиқади. Айниқса газ асбобларидан нотўғри фойдаланиш, ёқилган газ асбобларини қаровсиз қолдириш, газ плиталари ўрнини бошқа жойга кўчириш, плита ёки печка устида кир қуритиш ва резина шланг улаб ишлатиш ёки АГВ мосламасининг мўрисини нотўғри ўрнатиш бундай бахтсиз ҳодисалар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Ёнғин оқибатида давлат ва халқ мулкига катта зарар етиши билан бирга, бу офат инсонлар ҳаётига хавф солиши билан ҳам хавотирлидир. Масалан, 2013 йилнинг 16 ноябрь куни Шайхонтоҳур тумани, 3-Қизил-Тамға кўчаси, 9 ва 11-уйларда содир бўлган ёнғин оқибатида шахсий хонадонларнинг том бўғоти ёниб кул бўлган. Ёнғин ҳаммом ва ошхона девори оралиғида ўрнатилган табиий газ билан ёқишга мўлжалланган ТИТАН мосламасини назоратсиз қолдириш натижасида содир бўлган.
Шайхонтоҳур кўчаси, Шуманай тор кўчаси, 1-уйда қозондаги ёғни қаровсиз қолдириш натижасида ёнғин содир бўлиб, ошхонанинг том қисми ёниб зарар кўрган.
Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун фуқаролар эътиборли бўлсалар – ўз уйлари, мол-мулкларини асраган, фарзандларининг ҳаётини хавф-хатардан сақлаган бўлардилар.
Шерзод САЛИМОВ,
Шайхонтоҳур туман ИИБ ЁХБ кичик инспектори, сафдор.