Божхона расмийлаштирувини ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ва товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши олдини олиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш божхона органлари олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг қонуний тарзда импорт қилиниши нафақат иқтисодий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишга, балки энг аввало, аҳолининг саломатлигини асраш ва уларни сифати кафолатланган маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Аммо айрим сохта тадбиркорларнинг божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга уринаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари бир гуруҳ қонунбузарлар томонидан муқаддам ноқонуний йўллар билан кичик-кичик туркумларда олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган йирик миқдордаги парранда гўшти, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа турдаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди. Тезкор тадбир натижасида пойтахтимизнинг Чилонзор туманида юк автоулови тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонаси ички қисмида ипли арқон чиқиндилари солинган қоплар билан тўсиб яширилган салкам 5 тонна хорижда етиштирилган парранда гўшти борлиги аниқланди. Автоулов эгаси Х.Сидиқов қиймати 23 млн сўмдан ортиқ бўлган ушбу юкка тегишли божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмади.
Тезкор маълумотлар асосида пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган омборхона ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у ерда хорижда ишлаб чиқарилган, аммо божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 55 турдаги салкам 50 минг дона, боз устига яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат, парфюмерия ва бошқа тозалаш воситалари ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра, Х.Жўраевга тегишли бўлган ушбу товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати 76 млн сўмни ташкил қилар экан.
Шунингдек, «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари «Москва-Тошкент» йўналишида юртимизга кириб келган поездда Б.Зайниевнинг ҳам ноқонуний хатти-ҳаракатларига нуқта қўйишди: у 2 600 донадан ортиқ турли хилдаги қандолат, тамаки маҳсулотлари ва бошқа товар-моддий бойликларни олиб киришга уринган эди.
«Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилиш тақиқланади. Шунингдек, дори-дармон воситалари албатта давлат тилида маркаланиши шарт.
Афсуски, сифати кафолатланмаган 28 турдаги дори-дармон воситаларини қинғир йўллар билан юртимизга олиб кириш орқали мўмай даромадни кўзлаган пойтахтлик А.Комилов юртдошларимиз саломатлигини хавф остига қўяётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади: қонунбузарнинг қинғир қилмишларига «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан чек қўйилди ва қиймати 160 млн сўмлик 73 минг донадан ортиқ дори-дармон воситаларининг ноқонуний олиб кирилиши олди олинди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 22 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 144 млрд сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.