Корхонамиз 7 йиллик шартнома муддати тугаши билан мулк ҳуқуқи унга ўтиши шарти билан лизинг шартномаси бўйича офис биносини вақтинча эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга олди. Шартнома тузилгандан кейин 6 йил ўтгач, бинони мукаммал таъмирлаш зарурати юзага келди: томнинг барча унсурларини тўлиқ, пол қопламасини қисман алмаштириш, офиснинг барча хоналарида сувоқни тиклаш, эскирган электр тармоғини янгилаш, баъзи бир хоналарни қўшимча пардеворлар барпо этиш йўли билан қайта режалаштириш ва ҳоказолар зарур бўлиб қолди. Бироқ лизинг берувчи бундай таъмирлашни ўз ҳисобидан амалга оширишдан бош тортиб, бир йилдан кейин ушбу бино бизнинг мулкимизга ўтиши боис мукаммал таъмирлашни ҳам ўзимиз мустақил равишда қилишимиз кераклигини таъкидлаяпти.
Лизинг берувчи ҳақми?
Корхона раҳбари.
– 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»да1 таъмирлашнинг уч тури назарда тутилган:
жорий таъмирлаш – объектни ишчи ҳолатида сақлаб туриш мақсадида амалга ошириладиган таъмирлаш;
ўртача таъмирлаш – таъмирланаётган агрегатни қисман ажратиш ва деталларнинг қисмларини тиклаш ёки алмаштириш амалга оширилади;
мукаммал таъмирлаш – икки турга бўлинади: ускуналар ва транспорт воситаларини таъмирлаш, бунда агрегатни тўлиқ ажратиб йиғиш амалга оширилади, базавий ва корпус деталлари ва узелларини таъмирлаш, барча эскирган деталлар ва узелларни алмаштириш ёки тиклаш ҳамда агрегатни йиғиш, созлаш ва синаб кўриш; бинолар ва иншоотларни мукаммал таъмирлаш, бунда базавий ва корпус деталлари ва узелларини таъмирлаш, барча эскирган конструкцияларнинг деталлари ва узелларини алмаштириш ёки тиклаш амалга оширилади.
Лизинг муносабатлари тарафларининг лизинг объектини таъмирлаш бўйича мажбуриятлари шартномада назарда тутилиши керак. Агар, шартномага кўра, лизинг берувчи бинони мукаммал таъмирлашни амалга ошириши шарт бўлса, унинг рад жавоби қонуний эмас. Бунда мол-мулк лизингга унга доир мулк ҳуқуқининг лизинг олувчига ўтиши шарти билан берилганлиги ёки бино лизинг олувчининг мазкур мол-мулкни бозор баҳосидан паст нархда сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисидаги шарт билан вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланишга харид қилинганлиги ёхуд лизинг шартномасида молиявий ижара учун назарда тутилган бошқа шарт бўлиши муҳим эмас.
Шартномада тарафларнинг лизинг объектини таъмирлаш бўйича мажбуриятлари тўғрисидаги шартлар бўлмаганда қуйидагилардан келиб чиқиш керак:
лизинг объектини жорий таъмирлаш лизинг олувчининг зиммасига юклатилади (14.04.1999 йилдаги 756-I-сон «Лизинг тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси учинчи қисмининг учинчи хатбошиси);
лизинг объектини мукаммал таъмирлаш мажбурияти қонун ҳужжатлари билан лизинг берувчининг зиммасига юкланмаган. Чунончи, «Лизинг тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси учинчи қисмининг тўртинчи хатбошисига кўра, агар бу шартномада назарда тутилган бўлса, лизинг объектини таъмирлаш мажбурияти унинг зиммасига юкланади. Бундай шартнинг йўқлиги лизинг объектини бирор-бир таъмирлаш мажбуриятини лизинг берувчининг зиммасидан соқит қилади. Бунинг устига, у бунинг учун ҳуқуққа эга бўлмайди: назорат қилувчи органлар таъмирлаш харажатларини асоссиз деб топишлари, уларнинг суммасини эса лизинг берувчининг дебиторлик қарзи сифатида эътироф этишлари мумкин, чунки «Лизинг тўғрисида»ги Қонун 12-моддаси учинчи қисмининг учинчи хатбошисига кўра лизинг объектини сақлаш харажатлари, шартномада бошқача қоида бўлмаса, лизинг олувчининг зиммасига юкланади. Лизинг олувчи учун ҳам бундай ҳаракатлар асоратсиз қолмайди: унинг даромадга мукаммал таъмирлаш ишларининг қиймати миқдорида текинга олинган хизматлар қийматини киритмаганлиги учун унга фойда солиғи ёки ЯСТ қўшимча ҳисобланиши ва солиқларни тўлаш муддатларини бузганлик учун санкциялар қўлланиши мумкин (Солиқ кодексининг (СК) 120 ва 135-моддалари).
Ўртача таъмирлашда ҳам вазият шунга ўхшаш бўлади: зиммасига таъмирлашни ўтказиш мажбурияти юкланган тарафнинг йўқлиги лизинг берувчининг харажатларини асоссиз деб эътироф этиш ва унда дебиторлик қарзининг ҳосил бўлишига олиб келади (Фуқаролик кодекси (ФК) 548-моддаси ва «Лизинг тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси учинчи қисми учинчи хатбошисининг маъносидан келиб чиқилганда).
Шартнома иштирокчилари лизинг объектини таъмирлаш мажбурияти шартнома ва қонун ҳужжатлари билан зиммасига юкланмаган тарафнинг куч ва воситалари билан амалга оширилиб, кейин унинг харажатлари таъмирлашни амалга ошириш учун жавобгар тараф компенсациялайдиган келишувга келишлари мумкин. Келишув алоҳида шартнома ёки лизинг шартномасига қўшимча келишув билан расмийлаштирилиши мумкин.
Лизинг олувчига таъмирлашни амалга ошириш харажатларини компенсациялаш тартиби шуни назарда тутиши мумкинки, бунда таъмирлаш қиймати:
лизинг объектидан фойдаланиш учун ҳақ ҳисобига киритилади;
лизинг тўловларини таъмирлаш учун тасдиқланган харажатлар суммасига камайтиради;
лизинг берувчи томонидан қоплаш шартномаси ёки лизинг шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги келишувда кўрсатилган муддат мобайнида тўланади.
Лизинг берувчига таъмирлаш харажатларини компенсациялаш тартиби шуни назарда тутиши мумкинки, таъмирлаш қиймати:
шартноманинг бутун амал қилиш муддатига тенг қисмлар билан тақсимланади, бунинг ҳисобига илгари белгиланган лизинг тўлови кўпаяди;
бир давр учун лизинг тўловини таъмирлашнинг тасдиқланган харажатлари суммасига бир йўла кўпайтиради.
Бироқ биринчи ҳолда ҳам, иккинчи ҳолда ҳам фискал органлар томонидан лизинг олувчидан олинган маблағларнинг бутун суммасини лизинг берувчининг даромадига киритиш хатарлари мавжуд. Шу сабабли компенсацияни мазкур ҳолда алоҳида шартнома бўйича унда кўрсатилган муддат мобайнида тўлаш мақсадга мувофиқдир. Ҳужжатларни СКнинг 138-моддасига мувофиқ қоплаш тартибида ҳам расмийлаштириш мумкин, бироқ уларни тузиш ғоятда синчковликни талаб қилади.
Офис хоналарини қайтадан режалаштиришга келсак, зеро сўз лизинг объектининг йўқотилган «ишчанлик қобилияти»ни тиклаш тўғрисида бормаяпти, уни мукаммал таъмирлаш бўйича бошқа ишларга киритиш керак эмас. Қайта режалаштиришни бинони реконструкция қилишга киритиш мақсадга мувофиқдир (ФКнинг 5-моддаси ва Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан якка тартибда уй-жой қуриш (реконструкция қилиш)ни амалга оширишга рухсатномаларни расмийлаштириш, лойиҳаларни ваколатли органларда бир жойнинг ўзида келишиш тартиби тўғрисида низом2 6-банди учинчи хатбошисининг маъносидан келиб чиқилганда). Шу боис лизинг берувчининг ўз куч ва воситалари билан қайтадан режалаштириш ишларини амалга оширишни рад этиши мутлақо қонуний.
Лизинг олувчи лизинг объектини уни лизинг берувчидан олган ҳолатда, нормал эскириш ва тарафларнинг келишуви тақозо этган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, қайтариши шартлигини ҳисобга олганда шуни эътиборга олиш керак: агар лизинг мол-мулки, башарти, лизинг берувчининг ижозати билан яхшиланган бўлиб, лизинг шартномасида ўзгача шартлар назарда тутилмаган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг ёки шартнома бекор қилингач, лизинг олувчи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатлари қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир (ФКнинг 5-моддаси; 19.11.1991 йилдаги «Ижара тўғрисида»ги 427-XII-сон Қонун 11-моддасининг иккинчи қисми; «Лизинг тўғрисида»ги Қонун 12-моддасининг учинчи қисми). Чунончи, лизинг шартномасида лизинг тўловлари миқдори лизинг олувчининг ёзма розилиги билан қилинган, лизинг олувчи томонидан лизинг мол-мулкини яхшилашга сарфланган маблағлар суммасига камайтирилиши мумкинлиги назарда тутилиши мумкин. Бошқача вазият ҳам бўлиши мумкин – шартномада амалга оширилган лизинг объектини ажратмайдиган яхшиланишлари лизинг берувчи томонидан қопланмаслиги белгиланган. Бундай ҳолда, агар улар олдиндан розиликни олмасдан қилинган бўлса, лизинг олувчига етказилган зарарни қоплаш талаби билдирилиши мумкин (ФКнинг 5-моддаси; «Ижара тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси; «Лизинг тўғрисида»ги Қонун 12-моддасининг учинчи қисми). Одатда улар шартномада лизинг объектининг лизинг олувчининг мулкига ўтиши назарда тутилмаганда ёки лизинг объектининг сотиб олиниши ёки лизинг олувчининг мулкига ўтиши тўғрисидаги шартни ўз ичига олган шартнома лизинг олувчининг айби билан муддатидан аввал бекор қилинганда вужудга келади.
Лизинг берувчининг рухсатисиз амалга оширилган яхшилашлар, агар уларни лизингга берилган мол-мулкка зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлмаса, шартноманинг амал қилиш муддати тугагач ёки шартнома бекор қилингач, лизинг берувчига текинга ўтади (ФКнинг 5-моддаси; Ижара тўғрисида»ги Қонун 11-моддасининг учинчи қисми). Агар мулкдор уларнинг қийматини қоплашга рози бўлмаса, лизинг олувчи ажратиладиган яхшиланишларни олиб қўйиши мумкин (ФКнинг 5-моддаси; «Ижара тўғрисида» Қонун 11-моддасининг тўртинчи қисми).
Хоналарни қайтадан режалаштириш лизинг объектининг ажратилмайдиган яхшиланиши ҳисоблангани боис, у:
биринчидан, лизинг олувчи маблағлари ҳисобидан, агар шартномада бошқача қоида белгиланмаган бўлса;
иккинчидан, лизинг берувчининг рухсати билан амалга оширилиши керак. Агар лизинг берувчида шартномани муддатидан аввал бекор қилинганда унинг амалга оширилган қайтадан режалаштириш қийматини қоплашга мажбур қилишлари хатари юзага келса, шартномага қўшимча келишувда яхшиланишлар қиймати лизинг берувчи томонидан қопланмаслиги шарти назарда тутилиши мумкин. Шу билан бирга лизинг берувчи билиши лозимки, бундай яхшиланишлар қиймати бошқа даромадлар жумласида унинг жами даромадига киритилиши керак (СКнинг 129-моддаси ва 132-моддаси биринчи қисмининг 4-банди).
Хулоса чиқарарканмиз, яна бир карра эътиборни шунга қаратамизки, шартномада унинг тарафларининг лизинг объектини таъмирлаш (жорий, ўртача ва мукаммал) бўйича мажбуриятларини батафсил формулировкалаш ва лизинг олувчининг мазкур объектининг ажраладиган ҳамда ажралмайдиган яхшиланишларни амалга ошириш имконияти, шу жумладан шу муносабат билан қилинган харажатларни компенсациялаш масалаларини келишиш тартибини белгилаш мақсадга мувофиқдир.
Р.S. |
Берилган саволни тадқиқ қилиш жараёнида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг синчиклаб ўрганилишига қарамай, чоп этилаётган жавоб профессионал маслаҳат ҳисобланмайди. Жавоб уни ўрганган шахсларнинг саволда баён этилган вазиятни тушунишидан келиб чиқиб ўрганган фикрини ифодалайди.
1Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
2ВМнинг 2.07.2009 йилдаги 184-сон қарори билан тасдиқланган.
Екатерина АДЕЕВА,
«BAKER TILLY UZBEKISTAN» аудиторлик-консалтинг компаниялари гуруҳининг юрисконсульти.