Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 47 / Бизнинг маслаҳатлар

Компенсациянинг солиқ оқибатлари

2012 йил якунида ходимлар сони ошиб кетиши туфайли корхонамиз 2013 йилдан ЯСТ тўловчисидан умумбелгиланган солиқларни тўловчисига ўтган. Биз ходимлар билан тузилган жамоа шартномасига асосан уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида овқатланиш учун қўшимча ҳақ тўлаб келганмиз.

Корхона раҳбарининг буйруғига асосан 2013 йилда ҳар бир ходимга овқатланиш учун бир ойда 60 000 сўм миқдорида компенсация пули тўланади. Бугун ушбу операцияга солиқ солиш масаласида солиқ маслаҳатчилари билан баҳс юзага келиб қолди.

Бизнинг ҳолатимизда ходимларга овқатланишга тўланадиган компенсация пуллари ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланадими? Улар фойда солиғи ҳисоб-китоби пайтида чегириладиган харажатлар ҳисобланадими ёки йўқми?

Барот Бегимқулов, МЧЖ бош бухгалтери.

Қибрай тумани.

 

           Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ, реализация қилиш бу – сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақсадида товарларни жўнатиш (топшириш), ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек гаровга қўйилган товарларга бўлган мулк ҳуқуқини гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига топшириш ҳисобланади. Ҳисобварақ-фактуралар, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномалар, товарлар жўнатилганлигини (топширилганлигини), ишлар бажарилганлигини, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи квитанциялар, чеклар ва бошқа ҳужжатлар реализация қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлардир.

Шуни қайд этиш лозимки, ҚҚС солинадиган оборот бўлиб товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш обороти ҳисобланади.

Солиқ кодексининг 199 ва 204-моддаларида ҚҚС солиш мақсадида реа­лизация қилиш обороти ҳисобланган операциялар бирма-бир санаб ўтилган ҳамда солиқ солинадиган база белгиланган. Хусусан, Солиқ кодексининг 199-моддасида мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш, шу жумладан мол-мулкни бепул бериш (ишларни бепул бажариш, хизматларни бепул кўрсатиш) ҳам реализация қилиш обороти ҳисобланиши белгиланган. Солиқ кодексининг 204-моддасига кўра, солиқ солинадиган база реализация қилинаётган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати асосида, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда белгиланади. Демак, сизнинг ҳолатингизда ходимларингизга овқатланишга пул шаклида компенсация тўлаш реализация қилиш бўйича оборот ҳисобланмайди ва унга ҚҚС солинмайди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Солиқ кодекси 174-моддасининг 13-бандига биноан, озиқ-овқат ва йўл чипталарининг         қиймати ёки озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қийматини қоплаш меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадга киритиладиган компенсация тўловлари (компенсациялар) жумласига киради.

Демак, овқатланишга қўшимча ҳақлар жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солиш мақсадида компенсация тўловлари (компенсациялар) тарзидаги даромад деб эътироф этилади. Ушбу суммаларни ходимларнинг жами даромадига киритиш ва улардан белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ушлаш лозим.

Шунингдек, Солиқ кодекси 306–307-моддаларининг талабларидан келиб чиқиб, мазкур тўловлар компенсация тўловлари (компенсациялар) тарзидаги даромадлар сифатида ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинадиган объект бўлиб ҳисобланишини унутманг.

Бинобарин, Солиқ кодексининг 143-моддасига асосан, озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қиймати ёки озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қийматини қоплаш меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларига киради.

Солиқ кодексининг 147-моддасида солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайдиган харажатлар рўйхати келтирилган. Шундан келиб чиқиб, ходимларга овқатланишга пул компенсация­сини тўлаш бўйича корхонанинг харажатлари фойда солиғи ҳисоб-китобини амалга ошириш пайтида чегирилади.

 

Жавобларни экспертимиз

  Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2345 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика