Фирмамиз туристик хизматлар бозорига яқинда кириб келди. Мижозларни жалб этиш ниятида кўпчиликка мақбул келадиган йўналишларни шакллантираяпмиз. Экзотика ишқибозлари учун республикада қизиқарли жойларни топаяпмиз. Бўлғуси мижозлар сайтимизга кириб, буюртманомалар берадилар. Ҳозир ижтимоий тармоқларда таассуротларни баён қилган ҳолда фотосуратлар ва видеосюжетларни қўйиш жуда урф бўлган. Кўпларни мамлакатга профессионал видео– ва фототехникани олиб кириш масаласи қизиқтиради. Уни олиб ўтиш қоидалари тўғрисида тушунтириш беришингизни хоҳлардик.
К.Комилова.
– Ўзбекистон қонун ҳужжатларида сизни қизиқтирадиган техникани олиб киришга доир бирор-бир алоҳида талаблар мавжуд эмас. У умумий қоидаларга бўйсунади. Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар, уларга видео-, фототехника ҳам киради, божхона расмийлаштируви ва назоратидан ўтади. Бунинг учун жисмоний шахс Т-6 шаклидаги божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага1 асосан Т-6 шаклидаги божхона декларациясини тўлдириши зарур. Одатда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси рейсларида декларация бланкалари учиш вақтида тарқатилади, шу сабабли йўловчиларда уларни олдиндан тўлдириш имконияти мавжуд.
Валюта ва валюта бойликлари билан бир қаторда жисмоний шахс Т-6 да ишлаб чиқариш ёки ўзга тижорат фаолияти учун мўлжалланмаган товарлар ва бошқа предметларни, хусусан ўзининг видео– ва фототехникасини кўрсатиши керак. Декларация 5-бандининг «Вақтинча олиб кириладиган (олиб чиқиладиган) товарлар» деб номланган и) кичик бандида эса «Ҳа» жавобли квадратга чизиб қўйилиши керак.
Божхона органлари республикага вақтинча олиб кирилган товарлар ҳисобини юритадилар. Чиқишда муаммо юзага келмаслиги учун декларациянинг орқа томонида «Товарлар тўғрисида маълумотлар» 6-бандининг а) кичик бандида олиб кирилаётган предметларнинг фарқловчи аломатлари ва хусусиятларини имкони борича тўлиқ кўрсатишни маслаҳат берамиз (фирма номи, серия рақамлари, ранги, ҳажми ва ҳоказо). Уларни идентификациялаш Т-6 даги товарлар баёни билан таъминланади.
Шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланган ва чет эллик фуқаролар олиб кирадиган товарларнинг вақтинча олиб кирилиши Товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) қоидаларида2 белгиланади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.
_____________________________
1ДБҚнинг АВ томонидан 23.04.2004 йилда 1342-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2Вазирлар Маҳкамасининг 13.04.2013 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида товарлар ва транспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) шартлари тўғрисида» 106-сон қарорига 2-илова.