Бизнинг 2011 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотимиз жойларни тезкор ижарага беришдан даромадлар олишни бошлади.
Биз ушбу даромадлардан фойда, мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлашимиз керакми?
Алишер Ниёзов,
ташкилот бош бухгалтери.
– Мол-мулкни тезкор ижарага беришдан олинган даромад Солиқ кодекси 132-моддаси биринчи қисмининг 2-банди бўйича бошқа даромадларга кирадиган тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад ҳисобланади. Бунда нотижорат ташкилотларининг мол-мулкни ижарага беришдан олинган бошқа даромадларига фойда солиғи солинмайди.
Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 257, 265 ва 279-моддалари талабларидан келиб чиқиб, нотижорат ташкилотлари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқ ва ер солиғи тўламайдилар.
Аммо нотижорат ташкилотлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш пайтида Солиқ кодексининг X, XI ва XII бўлимларида назарда тутилган солиқларни тўлайдилар, яъни улар тадбиркорликни амалга ошириш мақсадида фойдаланиладиган сув, мол-мулк ва ер участкалари ҳажмлари бўйича белгиланган тартибда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун, юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқлар ва ер солиғини тўлашлари керак бўлади.