Хусусий корхонамизнинг асосий фаолияти умумий овқатланиш (ХХТУТ бўйича коди – 71300) ҳисобланади. Умумий ўрта таълим мактаби билан тузилган шартномага асосан ҳақ эвазига мактаб ўқувчиларига иссиқ овқат тайёрлаб берамиз. Ота-оналар овқат учун пулларни 100 фоиз мактабга тўлаб беришади. Ҳозирда бу тўловларни ота-оналар тўғридан-тўғри корхонамиз ҳисобрақамига тўлаб беришни исташмоқда. Бу тўловларни ўз ҳисобимизга кирим қилиб, мактаб болаларига иссиқ овқат тайёрлаб бериш хизматини кўрсатишимиз тўғрими?
М.Саримсоқов, «Саёҳат бизнес савдо» МЧЖ раҳбари.
– Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларининг (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – Қоидалар) 13-бандида умумий овқатланиш соҳасидаги барча хўжалик юритувчи субъектлар истеъмолчилар билан нақд пулли ҳисоб-китобларни назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда амалга ошириши белгиланган (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно). Бунда умумий овқатланиш объекти раҳбари ходимни назорат-касса машиналарини ишлатиш қоидалари билан таништириши шарт.
Умумий овқатланиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъект овқат учун ҳисоб-китобларнинг олдиндан тўлаш, таомлар танлангандан кейин тўлаш, овқатланиб бўлгандан кейин тўлаш, ўзи ҳисоблаш каби турли усулларидан фойдаланиши мумкин. Овқат учун ҳисоб-китоблар шакллари хизмат кўрсатиш методига, хизмат кўрсатиладиган мижоз спецификасига, объект турига ва унинг ихтисослашганлигига кўра белгиланади (Қоидаларнинг 14-банди).
Шунга кўра, корхонангиз ўз фаолиятини болаларга иссиқ овқат тайёрлаш учун олдиндан тўланган тўлов асосида амалга ошириши мумкин. Бунда тўловлар амалга оширилиши вақтида истеъмолчига касса чеки берилади.
Яна шунга эътибор бериш керакки, барча умумий овқатланиш объектларида банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалининг мавжудлиги таъминланиши керак.
2013 йил учун умумий овқатланиш соҳасидаги кичик корхоналарга ЯСТ ставкаси 10 фоиз миқдорида белгиланган (Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 9-2-илова, кейинги ўринларда – ПҚ-1887-сон қарор).
Шунингдек, «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасига кўра хусусий корхоналарга тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар татбиқ этилади. Жумладан, умумий овқатланиш корхоналари томонидан пластик карталар қўлланиб ҳақ тўланган ҳолда кўрсатилган хизматлар ҳажми бўйича ЯСТга белгиланган ставка 10%га пасайтирилади.
МИСОЛ. Тошкент шаҳрида умумий овқатланиш фаолиятини амалга оширувчи корхонанинг 2013 йил ҳисобот чорагидаги тушуми 40 000 минг сўмни ташкил этди, шундан 30 000 минг сўми пластик карточкалар орқали тушган.
2013 йил учун Тошкент шаҳрида жойлашган умумий овқатланиш корхоналари ЯСТни ПҚ-1887-сон қарорнинг 9-2-иловасига асосан 10%лик ставкада тўлайдилар. Демак, ЯСТ суммаси 4 000 минг сўмни (ХСяст = 40 000 х 0,1) ташкил этади. Агар товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси пластик карталар орқали амалга оширилган бўлса, белгиланган ЯСТ ставкаси 10%га камайтирилади.
Пластик карталар орқали тушган 30 000 минг сўм маблағ имтиёзни ҳисобга олганда 9% (10 – 10 х 10%) ставка бўйича солиққа тортилиб, солиқ суммаси 2 700 минг сўмни ташкил этади. Нақд пулда тўланган 10 000 минг сўм (40 000 – 30 000) эса 10% ставка бўйича солиққа тортилади ва у 1 000 минг сўмни ташкил этади. Шунда ҳисобот чораги учун ЯСТ суммаси 3 700 минг сўмни (30 000 х 9% + 10 000 х 10%) ташкил қилади. Ушбу сумма агар ҳисоб-китоб қилинган ЯСТнинг базавий миқдоридан кўп бўлса, ушбу сумма тўлиқ бюджетга тўлаб берилади.
Жавобни экспертимиз Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.