Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 46 / Ўз тажрибамдан

ДСҚдан ОНЛАЙН-ХИЗМАТЛАР ёки ўз стирини қандай қилиб билиш мумкин

Мамлакатимизда электрон ҳукуматни шакллантириш давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар учун интерактив хизматларнинг жорий этилишини назарда тутади. Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб аҳолига интерактив хизматлар кўрсата бошлади.

Интерактив хизматлар жорий этилиши билан у ёки бу ҳужжат учун навбатда туриш вақти қисқариши, анча катта ҳажмдаги ишни давлат солиқ инспекциясига бормасдан туриб интерактив режимда бажариш мумкин бўлиши режалаштириляпти. Мухбиримиз жисмоний шахс ДСҚнинг интерактив хизматларидан қандай фойдалана олишини ўз тажрибасида текшириб кўрди. 

 

ЎЗ СТИРимизни ­БИЛИБ ­ОЛАМИЗ

Сизга берилган солиқ тўловчининг идентификация рақамини унутдингизми? Ходим СТИРини тезда текшириш керакми? ДСҚ уни Қўмитанинг soliq.uz расмий сайти ёки смартфонлар учун Android оператив тизими базасида ишлаб чиқилган «Soliq» иловаси орқали билиб олишни таклиф қилади.

Иккала вариантни кўриб чиқамиз. soliq.uz бош саҳифасидаги менюда чапда ДСҚнинг барча хизматлари саналган. Ўз СТИРини билиш учун «Интер­актив хизматлар» ҳаволасига кириш ва таклиф этилган менюда «СТИР­ингизни аниқланг» пунктини танлаш лозим.

Ҳавола бўйича ўтиш чоғида хизмат баёни ва ундан фойдаланишга доир йўриқнома очилади. Шуниси ибратлики, пастда яна бир фаол «Тизимга кириш» ҳаволаси бўйлаб ўтиш жойи мавжуд. Унга босиб, базасида ДСҚнинг интерактив хизматлари тақдим этиладиган тизимни очасиз.

Ўз СТИРингизни билиш учун так­лиф этилган шаклни тўлдиришингиз зарур. Унда СТИР эгасининг паспорти серияси ва рақами, туғилган санаси, фамилияси, исми, отасининг исмини кўрсатиш ва суратда кўрсатилган кодни киритиш талаб қилинади.

Агар ҳаммаси тўғри киритилган бўлса, тизим сизга рақам беради ва одатда иш берувчига тақдим этиладиган 6-сон шаклни мустақил равишда шакллантиришни таклиф этади. Уни қоғозга чиқариш мумкин, бироқ ДСИ бошлиғининг имзоси бўлмаса, у расмий ҳужжат ҳисобланмаслигини унутманг. Қисқаси, сизга айни шундай ҳужжат керак бўлса, ўзингиз ДСИга боришингизга тўғри келади.

Агар СТИР шошилинч керак бўлса-ю, қўл остингизда компьютер бўлмаса, смартфонлар учун Android ОТ базасида ишлаб чиқилган «Soliq» мобил иловасидан фойдаланишингиз мумкин. Уни Google Play дўконидан текинга кўчириб олиш мумкин.

Бунда «СТИРингизни аниқланг» ҳаволасига кириш ва қуйидаги маълумотларни: фамилия, исм, туғилган сана, паспорт серияси ва рақамини киритиш керак. ДСҚ сервери билан улангандан кейин телефон экранида сизнинг рақамингиз пайдо бўлади. Ёдда тутинг, илова фақат Интернетга улангандагина ишлайди. Акс ҳолда илова хато борлигини кўрсатади ёки уланишни текширишни таклиф қилади.

...Компьютер сизга талаб этилган ахборотни беришдан бош тортаяптими? Киритилган барча маълумотларнинг тўғрилигини текширинг. Ҳаммаси тўғри кўрсатилганми? Худди паспортдагидекми? Сиз яқинда паспортни биометрик паспортга алмаштирмагансизми?

Агар алмаштирган бўлсангиз, яшаш жойингиздаги солиқ инспекциясига мурожаат қилишингиз керак. Солиқ кодексининг (СК) 82-мод­дасида кўрсатилишича, солиқ тўловчи (жисмоний шахс) тўғрисидаги асосий ҳисоб маълумотлари – солиқ тўловчининг идентификация рақами; фамилияси, исми ва отасининг исми; фуқаролиги; Ўзбекистон фуқаролари учун – фуқаронинг идентификация рақами (шахсий коди); паспортининг серияси ва рақами, берилган санаси ва жойи; яшаш жойи (манзили) ҳисобланади.

Паспорт алмаштирганда унинг серияси ва рақами ўзгаради. Тегишинча, ҳатто фамилия ва исмингиз ўзгармаганда ҳам, солиқ инспекциясидаги мавжуд маълумотларни янгилаш керак. Дарвоқе, буни фамилия алмашганда ҳам қилиш керак.

СКнинг 83-моддасида назарда тутилишича, солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини юритиш солиқ тўловчилар ҳамда СКнинг ­84-моддасида назарда тутилган органлар ва ташкилотлар томонидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа органлар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали амалга оширилади.

Шу сабабли айни жисмоний шахс солиқ органларига маълумотлар берилиши учун жавобгар бўлади. Ахборотни одатдаги режимда янгилаш мумкин, бунинг учун ДСИга келиб паспортнинг нусхасини қолдириш керак. СТИРнинг ўзи алмашмайди, бироқ маълумотларга тузатиш киритилади.

Иш берувчилар учун ва зарурат туғилганда жисмоний шахслар учун у ёки бу фуқаронинг СТИРини текшириш интерактив хизмати ҳам мавжуд. «СТИРингизни аниқланг» шакли остида «СТИРингизни текширинг» майдони мавжуд, унга текширилаётган рақамни киритиш керак, шунда тизим унинг эгаси фамилияси ҳамда исмини кўрсатади.

Агар сиз ўз СТИРингизни билсангиз, қолган хизматлардан фойдаланиш осон бўлади, чунки уларнинг кўпи унда «боғланган».

МОЛ-МУЛК СОЛИҒИ

ДСҚ жорий этган интерактив хизмат ёрдамида 1077 рақамига SMS жўнатиб, сизда мол-мулк ва ер солиқларини тўлашга доир қарз борлиги тўғрисида ахборот олишингиз мумкин.

Бунинг учун қуйидаги «DOLG СТИР» SMS-хабарини барпо этасиз (албатта, СТИР қисқармаси ўрнида ўз идентификация рақамингизни кўрсатишингиз керак) ва уни 1077 рақамига юборасиз. ДСҚ ушбу хизматни текинга тақдим этади. Бироқ уяли алоқа оператори ҳисобрақамингиздаги маблағдан ушлаб қолади. Чунончи, ДСҚ сервисини синаб кўраётганда уяли алоқа оператори ҳар бир чиқувчи хабар учун ҳисобрақамимдан 2 центдан олди.

Худди шу рақамга ««IMUSHESTVO СТИР» ёки «ZEMLYA СТИР» матни билан SMS юбориб, ҳар бир солиқ бўйича қарзни алоҳида билиб олиш мумкин. Агар қарз мавжуд бўлса, сиз қарз суммаси кўрсатилган SMS жавобини оласиз. Агар сизга «Net informacii po nalogoplatelshiku s INN (рақам)» хабари келса, бу қарзингиз йўқлиги ва хабарни қайта юбориш керак эмаслигини билдиради.

Солиқлар бўйича қарз борлигини «Soliq» мобил иловаси ёрдамида ҳам билиш мумкин. Бунинг учун унда кўрсатилган майдонга ўз СТИРингизни киритишингиз керак, шунда экранда қарз суммаси, агар у мавжуд бўлса, кўрсатилади ёки қарз йўқлиги тўғрисида хабар берилади.

Мобил иловада «Менинг солиқ хизматим» хизмати ҳам назарда тутилган, у сизга ДСҚ туман хизмати тўғрисида ахборот топишда ёрдам беради. Уни олиш учун керакли майдонларга шаҳар ва туманни қайд этиш лозим. Очилган дарчада сизни қизиқтираётган ДСИ, бошлиқнинг исми, қабул қилиш соатлари ва унинг электрон манзили хабар қилинади.

Ўз СТИРингизни ва қарзингиз бор-йўқлигини билиш учун сайтда рўйхатдан ўтиш ҳам, электрон-рақамли имзо (ЭРИ) учун солиқ хизматига бориш ҳам керак эмас. Бироқ бир неча жойда ишлайдиганлар, жойни ижарага берувчилар, якка тартибдаги тадбиркорларга ДСҚнинг бошқа хизматларидан фойдалана олиш учун ЭРИ калитига эга бўлишни тавсия қиламиз.

 

ЭРИ КАЛИТИ ­НИМА УЧУН КЕРАК?

Электрон рақамли имзо ДСҚ ахборот тизимида очилган ўз шахсий кабинетингизга рухсат билан кириш имкониятини беради. Унда даромадлар тўғрисида йиллик, дастлабки ёки ихтиё­рий декларация тақдим этиш; шахсий ҳисобварақлар карточкаси тўғрисида ахборот олиш; солиштирма далолатнома тузиш; агар ўтказилган бўлса, текшириш натижалари тўғрисида билиш; фойдаланувчининг солиқ солиш объектлари тўғрисида ахборот олиш (агар бундай объектлар бор бўлса); солиқ ҳисоботини топшириш (якка тартибдаги тадбиркорлар учун) мумкин.

ДСҚ хизматларидан фойдаланиш учун ўз туманидаги ДСИдан ЭРИ калитини олиш лозим. Жисмоний шахс­ларга у текинга берилади. Бошқа рўйхатдан ўтказиш марказлари генерациялаган калитлар сизга шахсий кабинет эшигини очмайди.

Ўз ЭРИ калитимни Юнусобод ДСИда олдим. Эрталаб бу ер гавжум бўлади: кимдир мол-мулк ёки ер солиғини тўлайди, кимдир СТИР олади. ДСИ мутахассислари ЭРИ шахсий калитини генерациялашлари учун 20-кабинетга киришим керак эди.

Афсуски, ДСҚ сайтида уни олиш учун паспорт тақдим этиш кераклиги тўғрисидаги ахборотни топмадим. Бироқ, ЭРИ калитини олиш учун унинг зарурлигини эсда тутиб, сумкамга паспорт ва СТИР солиб, ДСИга йўл олдим.

Мендан ташқари, шу куни калит олишни хоҳловчилар йўқ эди. Шу боис мазкур таомил бор-йўғи 15 дақиқани олди. Паспорт ҳақиқатан ҳам керак бўлди: ДСИ инспектори ундан нусха кўчириш ва белгиланган шаклдаги аризага уни илова қилишни сўради (менга ушбу шаклни шу ернинг ўзида беришди). Дарвоқе, аризада ўз СТИРини кўрсатиш керак. Шу сабабли уни олдиндан ДСИга бориш олдидан ёзиб олиш ёки юқорида баён этилган интерактив хизматдан фойдаланиш мумкин. Менга ўзим билан олиб келган 6-сон шакл фойда берди.

ЭРИ калитини олгандан кейин шахсий кабинет ва унинг барча сервисларидан фойдалана оласиз.

 

ҲИСОБОТНИ ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА ТОПШИРИНГ

Биз қонунчиликни такомиллаштириш ва 2013–2014 йилларда жорий этиладиган, ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида (Президентнинг 18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон Фармонига 2-илова) 2015 йилга келиб якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам солиқ ҳисоботини топшириш электрон форматга ўтказилиши назарда тутилганлиги тўғрисида бир неча маротаба ёздик.

Шу сабабли калит олиш – давр талаби. Шахсий кабинет товарларни тижорат фаолияти учун олиб келадиган ва (ёки) савдо фаолиятини амалга оширадиган якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисоботлар топширишига имконият тақдим этади.

Авторизация қилинганда тизимда ҳисобот шакллари очилади. ЭРИни рўйхатга олишда кўрсатилган маълумотлар уларга автоматик тарзда киритилади, уларга бухгалтерия маълумотларини киритиб, ДСИга жўнатишнинг ўзи кифоя.

Эътиборли бўлинг: ҳисоботдан фарқли равишда, юридик шахслар учун бу ерда ҳисоботни солиқ органларига жўнатмасдан туриб киритилган маълумотларни сақлашнинг имкони йўқ. Шу сабабли чироқ «ўчиб-ёнса» ёки компьютер техникаси иши тўхтаб қолса, маълумотларни янгидан киритишга тўғри келади.

Шахсий кабинет ишининг яна бир хусусияти – кабинетда ҳеч қандай ҳаракатлар қилинмаганда фойдаланувчи ундан «чиқариб ташланмайди». Бироқ бундай ҳолатларда сиз ҳисоботни юборадиган компьютер ўзингизники бўлиши кераклигини англашингиз керак. Агар уни бировнинг кабинетидан жўнатишингиз зарур бўлса, шахсий кабинетингиздан чиқишни унутманг.

 

ДАРОМАДЛАРНИ ­ОН-ЛАЙН ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ

Ҳисоботдан ташқари даромадлар тўғрисидаги дастлабки, йиллик ва ихтиёрий декларацияни ҳам он-лайн режимида топшириш мумкин.

Шахсий кабинетда сизга тегишли шакллар таклиф этилади, уларни қадамма-қадам тўлдириб, солиқ органларига жўнатинг. Шаклларда асосий ва асосий бўлмаган иш жойларидан олинган даромадлар, тўланган солиқлар ҳамда сизга берилган имтиёзларни кўрсатиш керак. Улардан солиқлар автоматик тарзда ҳисоб-китоб қилинади.

Шу тариқа, солиқ органлари ҳу­зурига бормасдан ҳисобот бериш мумкин. Ўз вақтида ЭРИ калитини олиш етарли.

Сўзимнинг якунида шуни айтишим мумкинки, бир нечта манбадан олинган даромадлар тўғрисида декларация топшириши керак бўлмаган ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмайдиган солиқ тўловчига ЭРИ калити керак эмас, чунки у ДСҚнинг қўшимча хизматларидан фойдаланмайди. Бироқ у бошқаларнинг вақтини тежайди.

ДСҚнинг интерактив хизматларини

мухбиримиз Ольга КИРЬЯКОВА синовдан ўтказди.

Прочитано: 16034 раз(а)

Комментарии к статье (2)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2018-03-10 12:38:47, Гость_:
Комментарий отклонен модератором как несоответствующий Правилам
2019-01-16 11:00:01, Гость_Shaxboz:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика