Бир ярим йил аввал қандай транспорт билан экспорт юки олиб чиқилганлигини БЮД бўйича белгилаш мумкинлигини аниқлаштирмоқчи эдим.
А.Турдиқулов.
– Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтилган транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни божхона юк декларациясининг 21-«Чегарадаги транспорт воситаси» устунида кўриш мумкин.
Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Йўриқнома) кўра ушбу устуннинг чапдаги кичик бўлимида транспорт воситалари сони қайд этилади. Сўнгра очиқ жойдан кейин товарлар божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиладиган транспорт тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади (денгиз ёки дарё кемасининг номи, рейс рақами ва ҳаво кемаси бортининг рақами, темир йўл вагони рақами, йўл автотранспортини рўйхатдан ўтказиш рақами ва шунга ўхшаш маълумотлар). Барча маълумотларни кўрсатиш мумкин бўлмаганда «орқасига қаралсин» ҳаволаси қўйилади ва БЮД варақларининг орқа томонида транспорт воситалари рақамлари кўрсатилади.
Сўнгра устуннинг ўнгдаги кичик бўлимида транспорт тегишли бўлган мамлакатнинг рақамли коди кўрсатилади. У Дунё мамлакатлари классификаторига (Йўриқномага 3-илова) мувофиқ кўрсатилади.
Агар транспорт воситалари бир нечта мамлакатга тегишли бўлса, устуннинг чапдаги кичик бўлимида транспорт воситалари сони қайд этилади, сўнгра очиқ жойдан кейин «орқасига қаралсин» ҳаволаси қўйилади, ўнгдаги кичик бўлимда «999» коди кўрсатилади. БЮДнинг орқа томонида транспорт воситалари рақамлари ва чизиқча орқали – улар тегишли бўлган мамлакат коди кўрсатилади.
Шуни қайд этиш лозимки, маълумотларни ҳар доим ҳам аниқлаштириб бўлмайди. Чунончи, Йўриқномада айтилишича, декларантда товарлар божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиладиган транспорт воситаси тўғрисида (товарлар божхона назоратида қайта юкланганда) маълумотлар бўлмаган тақдирда у 21-устунни тўлдирмасликка ҳақлидир.