Қандай ҳолларда юкни божхона расмийлаштируви тугашига ва эркин муомалага чиқаришга қадар олувчи омборида сақлашга йўл қўйилади? У 2436-сон қарор билан тасдиқланган Рўйхатда кўрсатилган йирик ҳажмли техникага татбиқ этиладими?
Ф.Галеев.
Тошкент шаҳри.
– «Божхона омбори» божхона режими тўғрисидаги низомга1 кўра божхона органининг рухсатномаси мавжуд бўлганда «Божхона омбори» божхона режимида сақлаш таомили товарларни олувчининг омборида амалга оширилиши мумкин. Кўрсатилган Низомнинг 10-бандида бундай рухсатномани олиш учун асослар назарда тутилади. Чунончи, ташқи ўлчамлари (габаритлари) божхона омборига жойлаштириш имкониятини бермайдиган товарлар божхона омбори режимида, уларни яқин ердаги божхона омборига амалда жойлаштирмасдан расмийлаштирилиши мумкин.
Рухсатнома олиш учун божхона омбори жойлашган ердаги ДБҚ ҳудудий бошқармаси ёки ИБМга ёзма ариза тақдим этиш лозим. Унда товарларнинг номи ва миқдори, божхона қиймати, уларни сақлашга топширишнинг зарурлиги асосланмаси, уларни сақлаш учун мўлжалланган жой (аниқ манзили) ва сақлаш учун жавобгар шахслар (мансаби, фамилияси, исми, отасининг исми)ни кўрсатиш керак. Ариза билан бирга товарларни сақлашга бериш зарурлиги ва аризада кўрсатилган жойда сақлаш мумкинлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ва маълумотлар (шартнома, техник паспорт, фотосуратлар ва ҳоказо) ҳам тақдим этилади.
Товарларни ариза берувчининг омборида божхона назорати остида сақлашга рухсатнома бериш имконияти тўғрисидаги қарор ДБҚ бошқармаси ёки ИБМ раҳбари имзо чеккан хат шаклида қабул қилиниб, рухсатнома бериш шартлари кўрсатилади (сақлаш жойи белгиланади, идентификация воситалари кўрсатилади).
Шуни ҳам билиш лозимки, сақлаш, қўллаш ва фойдаланишнинг алоҳида шартлари ва талабларини тақозо этадиган товарларни олиб киришда уларни «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимига мувофиқ шартли чиқариб юборилаётган товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг2 2-бандига асосан шартли чиқариш имконияти мавжуд. Шартли чиқариш – божхона органлари томонидан божхона расмийлаштирувидан ўтган товарларни белгиланган чеклашлар, талаблар ёки шартларга риоя этиш тўғрисидаги мажбуриятлар билан боғланган шахснинг тасарруфига бериш.
Дарвоқе, Божхона кодексининг 15-моддасига кўра божхона имтиёзлари берилган товарлар ҳам шартли чиқаришга кириб қолади. Бундай товарларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатида3 кўрсатилганлари ҳам киради. Бироқ шартли чиқаришдан кўзланган мақсадлардагина фойдаланилганлиги ва тасарруф қилинганлиги устидан исталган вақтда божхона назоратини ўтказиш мумкин бўлгандагина товарлар шартли чиқарилади.
Товарларни шартли чиқариш учун божхона постига қуйидагиларни тақдим этиш керак:
божхона органининг депозит ҳисобварағига тегишли суммалар киритилганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатлари ёки божхона тўловларини тўлашни кечиктириш ёхуд бўлиб-бўлиб тўлашга рухсатнома;
табиий офатлар, авариялар, фалокатларда, шунингдек ўта муҳим объектларни қуриш ва реконструкция қилишда, симпозиумлар, конференциялар, кўргазмалар, машқлар ўтказишда, шошилинч мавсумий ўрим-йиғим тадбирларини амалга ошириш ва ҳоказоларда фойдаланилган тақдирда товарларни сарфлаш меъёрлари;
транспортга оид ва товарга илова қилинувчи ҳужжатлар, унга мувофиқ товарлар илгари эълон қилинган божхона режимида, агар шундай ҳол юз берган бўлса, жойлаштирилган аввалги БЮД нусхаси;
ҳисобварақ-фактура (инвойс) ва ҳоказолар;
бошқа назорат қилувчи органларнинг рухсат бериш ҳужжатлари.