Фирмамиз воситачилик хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади (ХХТУТ бўйича коди – 71500) ва, тегишинча, комитентга, шартномага кўра, ойда 1 марта – унинг якунлари бўйича реализация тўғрисида (умуман товар обороти тўғрисида) ҳисобот тақдим этади. Бироқ яқинда биздан комитентга ҳисоботни харидорга ҳисобварақ-фактура берилган санадан бошлаб беш календарь кундан кечиктирмай тақдим этишни талаб қилишди. Агар воситачилик шартномаси бўйича биз ҳисоботни ойда 1 марта тақдим этишни келишиб олган бўлсак, ҳар 5 кунда ҳисобот тузишимиз шартми?
– Воситачининг комитентга ҳисобот тақдим этиш мажбурияти ва уни тақдим этиш тартиби МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-иловадаги «Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартиби» бўлимида белгиланган. Тартибнинг 27-бандига кўра ҳисоботни тақдим этиш муддати воситачилик хизматларини кўрсатиш шартномаси билан белгиланади ва воситачи томонидан сотиб олувчига ҳисобварақ-фактура тақдим этилган санадан бошлаб 5 календарь кунидан ошмаслиги лозим. Агар ҳисобот топшириш муддатлари воситачилик шартномасида кўзда тутилмаган бўлса, воситачи ушбу ҳисоботни сотиб олувчига ҳисобварақ-фактура тақдим этилган санадан бошлаб 5 календарь кунидан ошмаган муддатда тузиши ва юбориши лозим.
Бинобарин, шартномада воситачи томонидан харидорга ҳисобварақ-фактура берилган санадан бошлаб 5 кундан кўп бўлмаган муддат қайд этилиши мумкин.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.