Пахта кампанияси вақтида корхонамизнинг бир неча ходими пахта йиғим-теримига юборилди. Улар бунда олган даромадларига солиқ солинадими?
Бухгалтер.
– 2013 йил 8 октябрдан бошлаб пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган жисмоний шахсларнинг бу ишларни бажарганлик учун олган даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди. Мазкур имтиёз Солиқ кодексининг 179-моддасига (33-банд) «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонун (7.10.2013 йилдаги ЎРҚ-355-сон) билан киритилди.
2013 йил 8 октябргача кўрсатилган даромадларга энг кам ставкаларда ЖШДС солинган (СКнинг 181-моддаси). ЎРҚ-355-сон Қонун билан СКнинг 181-моддасига ҳам ўзгартишлар киритилган, унга кўра вақтинчалик қишлоқ хўжалиги ишларига юборилган жисмоний шахсларнинг шу ишларни бажаришдан олинган даромадларига, илгари ҳам бўлгандек, энг кам ставка бўйича солиқ солинади, бундан пахта ҳосилини йиғишда олинган даромадлар мустасно.