Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 45 / Аудитор хабарномаси

Микродаражада назорат қилиш керак

 

Корхонада ички хўжалик молиявий назоратини ташкил этишда молиявий менежмент ва ички аудит хизматларига етакчи роль ажратилади. Ички аудит кузатув кенгаши, директорлар кенгаши ёки бошқарувга бўйсунади, айни вақтда молиявий менежмент хизмати корхона раҳбариятига тегишлидир. Аудит хизматининг бундай алоҳидалиги бошқарувнинг бутун тизимини холис баҳолаш имконини беради. Ички
аудит ишлаб чиқариш ва молиявий жараёнларни текшириб, кейин раҳбариятга таҳлил ва камчиликларни яхшилаш ёки бартараф этишга оид тавсияларни тақдим этишни назарда тутади.

Ушбу назоратнинг Британия ички аудиторлар институти таклиф этган таърифига мурожаат қиламиз: “Ички аудит – ташкилот ичида унинг фаолиятини текшириш ва самарадорлигини белгилаш учун мустақил баҳолаш. Ички аудит мақсади – ташкилот аъзоларига ўз вазифаларини самарали бажаришда ёрдам бериш. Аудит бунинг учун уларга таҳлил, баҳолаш маълумотлари, тавсиялар, маслаҳатлар ва текширилаётган объектлар тўғрисида ахборот тақдим этади”. Шу тариқа, ички аудит нафақат молиявий операцияларни юритишнинг легитимлиги масалаларини ҳал қилади, балки режалаштириш, маркетинг тадқиқотлари билан ҳам шуғулланади ва молиявий стратегияларни ишлаб чиқади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг “Устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг самарали бошқарилишини ва давлат мулкининг зарур даражада ҳисобга олинишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (16.10.2006 йилдаги 215-сон) билан Корхоналардаги ички аудит хизмати тўғрисида низом (бундан кейин – 215-сон Низом) тасдиқланган.

Ташқи аудитор ўз ишининг хусусиятларига кўра корхона молиявий фаолиятининг доимий назоратини таъминлай олмайди. Ички аудитор эса хўжалик юритувчи субъектда узлуксиз ишлайди, чунки ички аудит хизматининг (бундан кейин – ички аудит) фаолияти корхонада ички назоратнинг бир қисми ҳисобланади.

Ички аудитнинг асосий мақсади – корхонанинг барча воситалари сақланишини ҳамда ишлаб чиқариш ва молиявий муаммолар юзага келганда унинг барқарор ҳолатини таъминлаш, корхонанинг хўжалик, ишлаб чиқариш, таъминот-сотиш ва молиявий фаолиятини кузатиш, иқтисодий самарадорликни, иқтисодий, юридик ва техник ахборотнинг ишончлилигини назорат қилиш. Бундай назорат вазиятни таҳлил қилиш ҳамда хўжасизлик ва талафотларга, шу жумладан молиявий талафотларга олиб келадиган нуқсонларни ўз вақтида бартараф этишга имкон беради.

Бундан ташқари, ички аудит корхонанинг иқтисодий сиёсатига, шу жумладан ҳисоб сиёсатига риоя этилишини, ички хўжалик назорати – ишлаб чиқариш, технологик, маъмурий, экологик назорат амал қилишини, молиявий менежментнинг назорат вазифалари бажарилишини баҳолайди. Пировардида ички аудит фаолиятга холис баҳо ҳамда ишни яхшилаш ва энг яхши натижаларга эришиш бўйича тавсиялар бериши керак.

Бундай қараганда, ички аудитни молиявий стратегия хизмати бажариши мумкиндек кўринади. Бироқ бунга йўл қўйиб бўлмайди, чунки ички аудиторнинг холис ва профессионал ишини таъминлаш қоидаларидан бири – мустақилликдир. Бир томондан, уни сақлаган ҳолда ички аудитор тавсиялар бериши ва компания ишини ичидан туриб таҳлил қилиши керак, бошқа томондан эса – хизмат ходимлари тўғридан-тўғри раҳбариятга тобе, чунки иш берувчи–ходим муносабатлари мавжуд. Айни шу билан ички аудитор ташқи аудитордан фарқ қилади. Ички аудит хизматининг мустақил мақоми компаниянинг бошқа бўлинмаларига нисбатан ҳам зарур. Акс ҳолда ҳисоб сиёсатини эксперт баҳолашнинг ва ишончли молиявий ҳисоботни тайёрлашнинг самарадорлиги йўқолади.

Турли корхоналар ички аудиторлари кооперацияси, тажриба алмашиш ва мунтазам равишда малака ошириш зарурати мавжуд. Ушбу институтга дунёнинг барча мамлакатларида эътибор берилади. Мутахассислар орасида энг обрўли ташкилот ҳисобланган Буюк Британия ички аудиторлар институти (Institute of Internal Auditors (IIA) уни ўрганиш билан шуғулланади. У томонидан профессионал фаолият стандартлари ишлаб чиқилган, унда қуйидагилар назарда тутилади: профессионал одоб кодекси; узлуксиз профессионал тайёргарлик; ички аудиторларнинг малака имтиҳонлари; сифат назорати; аудиторлик қўмитаси ва ташқи аудиторлар талаблари; ички аудит самарадорлиги талаблари.

Институт томонидан ишлаб чиқиладиган профессионал стандартлар IIA мутахассисларининг тушунтиришлари билан бирга Ички аудит тўғрисида низом кўринишида чиқарилади. Ички аудит бўлинмаси фаолиятини баҳолаш ва ўлчашнинг бешта асосий мезонини келтирамиз:

● унинг аудит қилинадиган фаолиятдан мустақиллиги ва ички аудиторларнинг холислиги (ташкилий мақом; холислик);

● ички аудиторларнинг профессионализми ва улар ­риоя этадиган профессионал синчковлик (эҳтиёткорлик) (ходимлар штатининг профессионал маълумот даражаси; ички аудиторларнинг билимлари, маҳорати ва интизоми; иш сифатини назорат қилиш; Одоб кодексига ­риоя этиш; хизматлардан фойдаланувчилар билан мулоқот қилиш маҳорати);

● ички аудит бажарадиган ишлар ҳажми (ахборотнинг ишончлилиги ва пухталигини текшириш; қонунлар, қоидаларга, шунингдек ташкилотда белгиланган сиёсат, режалар ва таомилларга мувофиқлик; активларнинг сақланишини асослайдиган чора ва таомиллар; ресурслардан тежаб ва самарали фойдаланиш; бажаришни текшириш);

● ички аудит усуллари (режалаштириш; ахборотни текшириш, баҳолаш ва ҳужжатлаштириш; аудит натижалари бўйича ҳисобот);

● ички аудит бўлинмасини бошқариш (унинг мақсадлари, ваколатлари ва жавобгарлиги тўғрисида низом; ишни режалаштириш; сиёсат ва таомиллар; ходимларни бошқариш ва уни ривожлантириш; ташқи аудиторлар билан ҳаракатларни мувофиқлаштириш; сифат кафолатлари; ишларнинг энг кам таннархи).

Британия институти томонидан ишлаб чиқилган ички аудит стандартлари ушбу хизмат мутахассисларига доир универсал талабларни акс эттиради. Унинг Ўзбекистонда зарурлигини бошқа мамлакатларда бўлганидек қуйидаги сабаблар юзага келтирган: корхоналар ташкилий тузилмасининг мураккаблашуви (муассислар, ҳамкорлар, шуъба компаниялар ва ҳоказолар доираси); фаолият турлари хилма-хиллиги ва уларни кооперациялаш имконияти; бўлинмалар, филиалларнинг бош корхонадан узоқдалиги; раҳбариятнинг молиявий хизматлар ва бошқарувнинг барча даражаларидаги менежерлар ҳаракатларига етарлича холис ва мустақил баҳо олишга интилиши. Ички аудитни ташкил этишни талаб қиладиган омилларнинг халқаро хусусиятини ҳисобга олган ҳолда IIA қабул қилган стандартлар ички аудитор ишини имкони борича сифатли ва самарали бажариш, шунингдек жаҳон тамойиллари ва стандартларига мослашиш имконини беради.

Ички аудит хизмати фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони – тавсиялар натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар ва ресурслар талафотининг олдини оладиган эришилган ижобий натижалардир. Ташқи аудиторлар томонидан молиявий ҳисоботларда жиддий хатоларнинг аниқланмаганлиги ҳам муҳим мезон ҳисобланади.

Ички назоратда компаниянинг хўжалик-молиявий барқарорликни таъминлаш учун жавобгар барча бўлинмаларининг бир ёқадан бош чиқариб ишлаши муҳим. Ушбу назорат ички ишлаб чиқариш, маъмурий, технологик, санитария-эпидемиологик, тарози-ўлчов соҳалари, техник назорат бўлимлари (участкалари), бошқарувнинг автоматлаштирилган тизимлари ва бошқа соҳаларни қамраб олиши керак.

Корхона ишининг самарадорлигини баҳолашда бир қатор жиҳатларга эътибор қаратиш керак.

Ташкил этиш. Корхона таркиби аниқ-равшан белгиланиши керак: иш ҳажмлари, раҳбарлар ва ҳар бир ходимнинг вазифаларини бутун ташкилий таркиб ва ҳисобот усулларини назарда тутадиган режа билан белгилаш керак.

Вазифаларни тақсимлаш. Бу имкони борича сифатли ички назоратни таъминлашнинг энг керакли жиҳатларидан биридир. Агар меҳнат жамоасининг ҳар бир аъзосига ўз жавобгарлиги доираси (лавозим йўриқномалари) белгиланган, раҳбариятда эса ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичи самарадорлигини баҳолаш имконияти бор бўлса, бундай ёндашув ички назоратни энг мақбул тарзда амалга ошириш имконини беради.

Моддийлик. У ёки бу мансабдор шахснинг моддий бойликларни тасарруф эта олиши ва бундан келиб чиқувчи тегишли жавобгарлиги ҳужжат билан белгиланиши керак.

Рухсат бериш ва маъқуллаш. Барча рухсатномалар ва тақиқларни тегишли мансабдор шахс назорат қиладиган тартибни белгилаш лозим. Унинг ваколатлари ҳужжатда қайд этилиши керак.

Арифметик ҳисоб-китоблар ва ҳисоб. Аввало бу – молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ва бухгалтерия ҳисобида ёзувларнинг тўғрилигини назорат қилишдир. Ҳисобда бажарилган операцияларнинг аниқлиги, унда операцияларни акс эттиришнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги сақланиши керак.

Ходимлар. Корхона ишининг сифати тўғридан-тўғри унинг ходимлари профессионализмига боғлиқ. Малакали кадрларни танлаб олиш, уларни ўқитиш ва малакасини мунтазам ошириш юзасидан ғамхўрлик қилиш зарур. Бунда ходимларнинг профессионал ва шахсий хусусиятлари муҳим аҳамиятга эгадир.

Назорат. Ҳар қандай ишлаб чиқаришда назорат, хусусан олинган ахборот масъул шахслар ҳисоботида акс эттирилиши зарур.

Бошқариш. Бу – барча кузатиладиган элементларни қамраб оладиган ҳамда кузатиш ва назоратнинг ҳамма таомилларини қўллайдиган бутун иш жараёнини назорат қилишнинг юксак даражаси. Бошқариш чоғида корхонада қабул қилинган режалар ва бюджетлар ҳамда ҳақиқатдаги натижаларнинг мувофиқлигини текшириш зарур.

Ички назорат ҳар қандай ҳолда, корхона ҳажми ва унинг ходимлари сонидан қатъи назар, амалга оширилиши керак. Айни у корхонадаги реал вазиятни, унинг хўжалик фаолияти муваффақиятли эканлигини кўрсатиш ҳамда эҳтимолий хатарлар ва талафотларнинг олдини олиш имконини беради. Кичик корхона раҳбари кўпинча юқорида саналган омилларни мустақил баҳолайди.

Корхонадаги ички назоратни тўғри йўналтириш учун уни ўтказиш таомилларини белгилайдиган ҳужжатларни қабул қилиш зарур. Ички аудиторларнинг мансаб мажбуриятлари ва уларга доир талаблар 215-сон Низомда белгиланган. Амал қилувчи механизмларни яратиш мақсадида ички назорат регламентларини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз, уларда ички хўжалик назорати, шу жумладан ички аудит хизматининг мақсад ва вазифалари белгиланиши керак.

Миновар ТЎЛАХЎЖАЕВА,

и.ф.д., Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар 

 миллий уюшмаси Кенгашининг раиси.

 

 

Прочитано: 3059 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика