Norma.uz

Ўзбекистонда муқобил энергия манбалари салоҳияти юксалмоқда

Сўнгги йилларда бутун дунёда ресурсларни, айниқса, энергияни тежаш долзарб масалага айланиб бормоқда. Бу энергия истеъмоли уни ишлаб чиқаришдан кўра жадал суръатларда ортиб бораётгани билан боғлиқдир. Шу муносабат билан энергия тежаш борасида юқори технологияли услублар, илғор илм-фан ютуқларига асосланган инновацион ва илмталаб технологияларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 1 мартда қабул қилинган “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ноанъанавий энергия ресурслари, жумладан, қуёш энергиясидан кенг фойдаланиш учун янги имкониятлар очиб берди.

Айни пайтда мамлакатимизда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти учун паст потенциалли қурилмаларни яратиш, электр қуввати олиш учун фотоэлектрик ва термодинамик ўзгарткичлар, махсус материаллар синтези технологияларида, материаллар ва конструкцияларга термик ишлов беришда қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари фаол ҳамда самарали амалга оширилмоқда.

Шунингдек, газли ва вакуум услубларида кристал ҳамда кремний плёнкалари ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини оптималлаштириш, ярим ўтказгич материал ҳамда приборларнинг электрофизик хусусиятларини назорат қилиш восита ва услубларини яратиш бўйича ижобий тажриба тўпланган. Мамлакатимизда қаттиқ жисм физикаси мутахассислари томонидан кварц бирикмаларидан техник кремний олиш учун қатор самарали технологиялар ҳамда бошқа ярим ўтказгич электрон қурилмалар яратилган. Техник кремний эса қуёш элементлари асоси бўлган тоза кремний олиш учун материал вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида қуёш энергиясини ярим ўтказадиган фотоўзгартиргичларни ишлаб чиқиш ва уларнинг назарий асосларини яратиш, қурама гелиотехник қурилмалар, мустақил таъминот манбаларини лойиҳалаштириш, юқори ҳароратли гелиоматериалшунослик, турли мақсадлар учун мўлжалланган биоэнергетика манбалари соҳасида илмий мактаблар шаклланган. Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг Физика-техника институти қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, гелиоматериалшунослик, асбобсозлик соҳаларидаги фундаментал тадқиқотлари ва илмий-техник ютуқлари, шунингдек, юқори малакали илмий кадрлари билан шуҳрат қозонган.

Масалан, бу ерда энергия таъминоти тизимлари учун стирлинг двигатели базасида ишлайдиган турли қувватга эга ноёб қурилмалар ишлаб чиқилгани эътиборлидир. Бундан ташқари, ушбу қурилмалар бир пайтнинг ўзида алоҳида истеъмолчини электр энергияси, иссиқ сув билан таъминлаш ва ҳавони совутиш учун мўлжалланган. Стирлинг двигатели истаган иссиқлик манбаи ёрдамида, шунингдек, турли шароитларда, ҳатто сув ости ва фазода ҳам ишлаш имкониятига эгалиги билан ажралиб туради. Бу борада қуёш энергияси, радиоизотоп манбаи, биогаз ёки оддий ёқилғи иссиқлик манбаи сифатида хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, 5 кВт электр қувватига эга стирлинг двигатели иситиш ва маиший эҳтиёжлар учун қарийб 20 кВт иссиқлик ишлаб чиқариши мумкин. Аксарият давлатларда ушбу қурилмаларга катта қизиқиш билдирилмоқда.

“Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси мутахассислари  фермер хўжаликлари учун махсус ишлаб чиққан қудуқдан сув олиш фотоэлектр қурилмаси бир кунда 60 куб метр сув олиш имконига эга.

Физика-техника институти жамоаси учта инновация, 10 илмий-техника, 7 фундаментал ва битта ёшлар лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши муқобил энергия манбалари салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 мартда имзоланган Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил қилиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида ташкил қилинган Халқаро қуёш энергияси институти мамлакатимизда муқобил энергия манбалари соҳасини ривожлантиришнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур илмий даргоҳ қуёш энергиясидан саноат кўламида фойдаланиш соҳасида юқори технологик ишланмаларни амалга оширади, илғор ва иқтисодий жиҳатдан самарали технологиялар асосида иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳада қуёш энергияси потенциалидан амалий фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

 

Прочитано: 4827 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика