Тез ёнадиган моддалардан тайёрланадиган ва ёнғин чиқиши нуқтаи назаридан хавфли ҳисобланган пиротехника воситаларидан нотўғри фойдаланиш бевосита одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат тартиби ва фуқароларнинг мол-мулкига жиддий зарар етказиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни (2010 йил 22 сентябрда қабул қилинган) пиротехника буюмлари муомаласи бўйича самарали давлат назорати ўрнатилиши, фуқаролар манфаатларининг ҳимоя қилиниши ва жамоат хавфсизлиги таъминланишида муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур Қонунга мувофиқ пиротехника
буюмлари муомаласини лицензиялаш жорий этилди.
“Пақилдоқ” буюмларнинг ноқонуний муомаласи юзасидан маъмурий ва жиноий жавобгарликнинг кучайтирилиши бу борада божхона органлари зиммасига ҳам алоҳида масъулиятни юклади.
Олиб борилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, 2013 йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган пиротехника буюмларининг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари сони 43 тани ташкил қилди. Натижада 22,3 минг донадан ортиқ пиротехника буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Янги йил кириб келишига ҳали бир ойдан кўп вақт бор бўлса-да, пиротехника мавзусини ҳозирдан кўтаришимизга асос бор. Зеро, “отни эртароқ қамчилаш”га уринаётган қонунбузарлар айни вақтда учраб турибдики, бу мавзуга нафақат янги йил арафасида, балки доимо тўхталишга тўғри келади.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари “Довут ота” чегара божхона пости орқали юртимизга пиёда тарзда кириб келаётган Э.Саноқуловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйишди. Қарангки, ушбу “шинаванда” қиймати 300 минг сўмлик 3 турдаги пиротехника воситаларини қўл сумкасига яширган ҳолда олиб ўтишга уринган экан.
“Москва-Душанбе” йўналишидаги йўловчи поездда юртимизга кириб келган К.Кайпаназаров ҳам қорақалпоғистонлик божхоначилар қаршисида ер чизиб қолди. Чунки унга тегишли юклар божхона кўригидан ўтказилганда, божхона баённомасида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида айтилмаган 9 дона салютлар борлиги аниқланди.
Шунингдек, мазкур пост ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда “Бейнов-Қўнғирот” поезди йўловчиси О.Ражаповни божхона назоратидан ўтказишганда унинг салкам 350 грамм оғирликдаги 32 дона пиротехника воситаларини юртимизга яширин равишда олиб киришга урингани маълум бўлди.
Қашқадарё вилояти божхоначилари ҳам 500 грамм оғирликдаги пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишди. “Қарши” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан “Москва-Кўлоб” поезди йўловчиси, қўшни давлат фуқароси Н.Тошхонов текширилганда, унинг ҳеч қандай ҳужжатларсиз, амалдаги тартибларга зид равишда 0,5 кг оғирликдаги 46 дона пиротехника воситаларини яширин равишда юртимиз орқали олиб ўтишга урингани фош бўлди.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
катта инспектори.