2013 йил 6 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган 2014 йилга мўлжалланган “Бюджетнома” – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси ва солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
Мажлисда 2014 йилга мўлжалланган Давлат бюджетининг лойиҳаси, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилиш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш, қулай инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш каби устувор йўналишларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов томонидан жорий йилнинг 18 январида Ҳукумат йиғилишида белгилаб берилган муҳим вазифаларни изчил амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилганлиги таъкидлаб ўтилди.
2014 йил учун солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида Давлат бюджети даромадлари ЯИМга нисбатан 21,0 фоизни, харажатлари 22,0 фоизни ва тақчиллиги 1,0 фоизни ташкил этиши кўзда тутилмоқда.
Давлат молиясини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини янада мукаммаллаштириш, бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ва давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида 2014 йил 1 январдан бошлаб Бюджет кодексини эксперимент тариқасида 2014-2015 йиллар давомида синов шарти билан амалга киритиш таклиф этилмоқда, ушбу даврда унга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.
Бюджет кодексини амалга киритишдан мақсад амалиётда мавжуд зиддиятларни ва эскириб қолган меъёрларни бартараф этиш ҳамда амалиётда қўлланилаётган нормативларни, бюджет жараёни қатнашчиларининг ваколатларини тизимлаштиришга имкон яратадиган ягона ва тўлиқ қонун ҳужжатида барча бюджет жараёнини тизимли акс эттиришдир.
Муҳокамаларда депутатлар 2014 йилга солиқ-бюджет сиёсати концепциясида ва Давлат бюджети лойиҳасида мамлакатни барқарор иқтисодий ўстиришнинг муҳим омили сифатида ички талабни рағбатлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилиши кўзда тутилаётганлигини алоҳида эътироф этдилар.
http://parliament.gov.uz