Уч йил ўтганидан кейин ҳисобдан чиқарилган, депонентдаги иш ҳақини ЖШДС бўйича ҳисоботда қандай акс эттириш керак? Иш ҳақи 2010 йилда депонентга қўйилган. ЖШДС бўйича ҳисоботда ҳисобот даври бошидаги (2013 йил 1 январдаги) сальдо ҳисобга олинган.
– Ходим томонидан у ёки бу сабабларга кўра ўз муддатида олинмаган иш ҳақи депонентланган ҳисобланади. Яъни ушбу иш ҳақи суммаси жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратмалари ва бошқа ушланмалар ушланганидан кейин қолган суммадир. Шу сабабли у Тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкасида (дивидендлар ва фоизлардан ташқари)1 ҳисобот даври бошидаги сальдо (буни тўғри таъкидлагансиз) сифатида кўрсатилади.
Депонентга ўтказилган иш ҳақи ҳисобдан чиқарилганда у даъво муддати ўтганидан кейин тўланган иш ҳақи сифатида кўрсатилиши керак. Бироқ Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларда2 (019-сатр) ва Расшифровкада (6-устун) фақат жисмоний шахсларга тўланган даромадни акс эттириш назарда тутилган. Сизнинг ҳолатда даромадни юридик шахс – корхона олган. Шу боис ҳам ҳисобдан чиқарилган депонентдаги иш ҳақини қаерда акс эттириш керак деган савол туғилган.
Бизнингча, уни ҳам тегишинча 019-сатр ва 6-устунга киритиш керак, чунки у даромад сифатида эътироф этилган пайтдан бошлаб ушбу сумма сальдода акс эттирилмаслиги керак. Шаклга иловада тегишли тушунтиришларни бериш керак. Шаклнинг ўзини бундай вазиятда солиқ органларига электрон кўринишда тақдим этмаган яхши.
Комила КАРИМОВА,
экспертимиз.
________________________________________
1Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларга (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2012 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 1-илова.
2Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига (МВ ва ДСҚнинг 2439-сон қарори билан тасдиқланган) 2-илова.