Norma.uz

Масофадан туриб ишлайдиган ходим хусусида

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги муносабатларнинг янги шакллари йўналишини ривожлантира бориб, Россия қонун ижодкорлари жорий йилда масафадан туриб ишлашнинг тушунча ва регламенти белгиланган Федерал қонунни қабул қилдилар. Россия Федерациясининг Меҳнат кодексига (РФ МК) «Масофадан туриб ишлайдиган ходимларнинг меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари» деган янги 49.1-боб киритилди.

 

РФ МКда бундай меҳнатга қуйидаги таъриф берилган. Бундай меҳнат бўлиб контракт билан белгиланган функцияларни иш берувчи жойлашган жойи, унинг филиали, ваколатхонаси, бевосита ёки билвосита иш берувчининг назорати остида жойлашган ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариш ҳисобланади. Бунда меҳнат функцияси умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда бажарилиши керак.

Масофадан туриб ишлайдиган ходимлар тўғрисида РФ МКнинг қоидалари мантиқан Касаначилик ишлари тўғрисидаги кодекс меъёрлари мантиқига мувофиқ келади, бироқ замонавий атамалардан фойдаланган ҳолда таърифланган. Моҳиятан олганда, Россияда бундай ходимлар штатдаги ходимларникидек ҳуқуқ ва кафолатлар оладилар.

 

ШАРТНОМА, МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИ ВА ҲУЖЖАТЛАР

«Эркин ёлланганлар» билан муносабатларда кучайтирилган малакали электрон имзодан фойдаланиш таклиф этилади. У ёки бу расмий ҳужжат шартлари қабул қилинганлигини тасдиқлаш учун «рақамли дастхат» зарур бўлган вазиятларда ходим томонидан ҳам, иш берувчи томонидан ҳам бундай электрон рақамли имзодан фойдаланиш назарда тутилган.

Қонунга кўра масофадан туриб ишлайдиган ходим деярли ҳар доим фирма билан ҳамкорликда электрон ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга, компания қоғоз шаклидаги асл нусхаларни талаб қиладиган ҳоллар бундан мустасно. Масалан, касаллик варақаси олишни ёки декрет таътилига чиқишни расмийлаштириш ана шундай истиснодир. Ходим ушбу ҳолларда касаллик варақасининг асл нусхасини тақдим этиши зарур. Қонунда бундай қоғозларни почта орқали хабарнома берган ҳолда буюртма хат билан юбориш кўрсатилган. Почта харажатларини тўлаш масаласи ходим билан ташкилот ўртасидаги келишув орқали ҳал этилади.

Асосий кадр ҳужжатларини лозим даражада расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар сақланади. Фирмага ишга қабул қилиш учун қоғоз ҳужжатлар талаб қилинса, ходим ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхаларини почта орқали хабарнома берган ҳолда буюртма хат билан юбориши шарт. Иш берувчи қоғозда имзолаган, масофадан туриб ишлаш тўғрисида меҳнат контракти почта орқали, у тузилган пайтдан бошлаб 3 календарь кундан кечиктирмай хабарнома берган ҳолда буюртма хат билан ходимга юборилади.

Масофадан туриб ишлаш шартномасида қонун ҳужжатларига кўра меҳнатнинг муҳим шартлари назарда тутилиши керак. Бундан ташқари, унда ходимнинг иш берувчи томонидан тақдим этилган ёки тавсия қилинган асбоб-ускуналар, дастурий-техник воситалар, ахборотни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа дастак­лардан фойдаланиш мажбурияти тўғрисида қўшимча шартлар белгиланиши мумкин.

Масофадан туриб ишлаш муносабатлари юзага келиши ва йўлга қўйилишининг барча жиҳатлари ва шарт-шароитларидан келиб чиқиб, контрактда ҳам, худди одатдаги шартномада бўлганидек, меҳнатда фойдаланиладиган техник воситаларнинг қоида ва тавсифларини, раҳбар билан ҳамкорлик қилиш тартиби, топшириқлар олиш ва ҳисобот топшириш усулларини (муддатлари, ҳужжатларнинг шакллари ва ҳоказо) тўлиқ даражада кўрсатишга рухсат берилади. Битимда ходимнинг ўзига тегишли ёки ижарага олган ускуналардан фойдаланганлиги учун компенсациялар тўлови тўғрисидаги шартлар ҳам акс эттирилиши мумкин.

Меҳнат дафтарчасига келсак, янги Қонунда тартибга солинишича, унга тарафларнинг ўзаро келишувига кўра ёзувлар қайд этилмаслиги мумкин. Бунинг устига, агар масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги контракт ишга биринчи бор кираётган шахс билан тузилса, бундай ходимга меҳнат дафтарчаси умуман расмийлаштирилмаслиги мумкин. Ушбу ҳолда контрактнинг ўзи меҳнатда бандлик ва стажнинг тасдиғи бўла олади (тегишинча, унда ишни бошлаш санаси, лавозими ва таркибий бўлинма аниқ кўрсатилиши керак). Шу сабабли масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси муддатли бўлиши мумкин, бу эса мутахассиснинг масофадан туриб ишлаш фаолияти бошланиши ва тугаши аниқ саналарини кўрсатиш имконини беради.

Агар меҳнат муносабатлари тарафларидан бири меҳнат дафтарчасидаги ёзувни лозим даражада расмийлаштириш (ёки биринчи маротаба ишга кираётганда янги дафтарчани расмийлаштириш) хоҳишини билдирса, юқорида баён этилган, ҳужжатларни почта орқали хабарнома берган ҳолда буюртма хат билан жўнатиш усули қўлланади.

 

ОЛИСДАГИ ИШНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ

Бундай ходимларнинг иш жойи компания ҳудудидан ташқарида жойлашганлиги сабабли ички меҳнат тартиби қоидаларининг талаблари уларга татбиқ этилмайди дея хулоса чиқариш тўғридир. Олисдаги ходим ўзи учун иш ва дам олиш вақтлари, танаффуслар ва дам олиш кунларини белгилашга ҳақли. Бундай амалий муносабатларнинг хусусияти амалда ишни бажаришга сарфланган вақтга эмас, балки иш натижасига ҳақ тўланадиган пулли хизмат кўрсатиш шартномаси тузилган мутахассислар ишига яқинлаштирилган.

Агар масофадан туриб ишлаш шартномасини бекор қилиш тартиби тўғрисида сўз юритсак, ходимни РФ МКда назарда тутилган асослар бўйича ишдан бўшатиш тартиби сақланади. Аммо, баъзи ҳолларда Кодекснинг меъёрлари амалга оширилмаслиги мумкин. Масалан, бундай ходимни ишга келмаганлиги (прогул) ёки хизмат жойида алкоголдан, наркотик ёки бошқача токсик мастлик ҳолатида пайдо бўлганлиги учун ишдан бўшатиш мумкин эмас.

Ходимнинг иш жойи офисдан ташқарида жойлашганлиги сабабли, компанияга хавфсиз шарт-шароитлар ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш бўйича кўпгина талаблар татбиқ этилмайди. Илгари Россия Меҳнат вазирлиги ҳар бир ходим учун хизмат жойларини аттестациядан ўтказишни шарт қилиб қўйган эди, бугунги кунда ушбу таомил фақат ишларнинг муайян турлари учун мажбурий, персонал компьютерларда бандлик улар рўйхатига кирмаслиги мумкин. Бинобарин, россиялик экспертлар улар учун аттестация мажбурий эмас деган фикрга келмоқдалар.

Хизматга қабул қилиш чоғида кадрлар бўлими мутахассиси бундай ходимни компания томонидан тавсия қилинган ёки тақдим этилган асбоб-ускуналар ва воситалар билан ишлашда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари билан таништириши шарт.

Офисдан ташқари ишлашнинг барча афзалликлари ва қулайликларига қарамай, шуни таъкидлаш лозимки, раҳбарнинг бевосита ҳозирлиги, тақдирлаш ва жазолаш тизимининг мавжудлиги иш жараёнлари узлуксизлигини таъминлайди. Масофадаги ходим эса ўзининг интизоми ва иш мотивациясини ошириб бориши керак. Уй ташвишлари эса масофадан туриб ишлайдиган ходимга халал бериши мумкин.

Россия матбуоти материалларидан.

 

Прочитано: 2694 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика