Шусиз ҳам иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланган ходимларнинг иш куни байрамлар арафасида бир соатга камайтириладими? Масалан, бизнинг корхонамизда вояга етмаган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлари ишлашади.
А.Эшпардаев,
қурилиш материаллари комбинати
кадрлар бўлимининг инспектори.
– Меҳнат кодекси 121-моддасининг формулировкасига кўра байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.
Бинобарин, байрамлар арафасида қисқартирилган кун тўғрисидаги талаб иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланган ходимларга ҳам татбиқ этилади. Дарвоқе, уларга қуйидагилар киради:
18 ёшга тўлмаган шахслар;
I ва II гуруҳ ногиронлари;
меҳнат шароити ноқулай бўлган ишларда банд бўлган ходимлар;
меҳнат фаолияти ўзига хос хусусиятига эга бўлган ходимлар;
3 ёшгача болалари бўлган аёллар ҳамда бюджетдан молияланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлайдиган ходимлар.
Шу тариқа, ушбу ходимларга Меҳнат кодексининг 131-моддасида саналган байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддатини камида бир соатга қисқартириш ҳам мажбурийдир.
Ленара ҲИКМАТОВА,
юрист.