Мен Ўзбекистон фуқаросиман, 1991 йил сентябрдан Ўзбекистонда яшайман. Ҳозир паспортни биометрик паспортга алмаштириш чоғида мендан 1, 16 ва 17-шаклларни топишни талаб қилишяпти. Мен ушбу ҳужжатларни қаердан топаман?
Орзигул.
– Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг ходимлари алмаштиришга тақдим этилган паспортларнинг ҳақиқийлигига шубҳа туғилганда Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (ИИВнинг АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) кўра аризачининг шахсини текширишга ҳақлилар. Бунинг учун улар 1-сон (паспорт берилиши тўғрисида ариза), 16, 17-сон (прописка қилиниш карточкаси ва квартиралар бўйича карточка) шакллардаги карточкаларни сўрашлари мумкин.
Бироқ фуқаролардан ушбу карточкаларни тақдим этишни талаб қилиш ноқонуний, чунки 1-сон шакл фақат хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, фуқаролар ҳатто унинг нусхасини ҳам беришлари мумкин эмас.
16, 17-сон шакллардаги карточкаларни хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходими хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидан сўраб олиши керак. Ушбу карточкаларни ҳам фуқароларга бериш тақиқланади. Агар карточкалар мавжуд бўлмаса, сўровга жавобда уларнинг йўқлиги сабаблари кўрсатилади.
Ушбу ҳаракатларнинг барчаси фуқаро томонидан эски намунадаги паспорт олинишининг қонунийлигини белгилаш учун амалга оширилади.
Сизнинг ҳолатингизда хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими раҳбарларига шикоят билан мурожаат қилишингиз ва сиздан кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этишни талаб этаётган ходимларнинг ноқонуний ҳаракатларини кўрсатишингиз мумкин.