Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 35 / Бизнинг маслаҳатлар

Чет эллик ходимдан солиқ ушланадими?

Қўшма корхонамизда чет эллик ходим меҳнат фаолиятини юрита бошлади. Унга иш ҳақини ҳисоблашда бизда савол туғилмоқда. Чет эллик ходимнинг иш ҳақи тарзидаги даромадларидан иш ҳақи фондидан ушланадиган солиқ ва мажбурий тўловлар қандай ставкада ушланиб қолиниши лозим? Уларнинг иш ҳақи тарзидаги даромадларидан ўз фуқароларимиздан бўлгани каби, жумладан, 1% – ШЖБПҲ, 6% – суғурта бадаллари, 25% – ЯИТ ушланадими? Ёки чет эллик ходимлар учун юқорироқ фоизлар ҳисобланадими? Чет эллик ходимни Ўзбекистонда ҳисобга олиш тартиби қандай? Шу хусусда тўлиқ тушунча берсангиз.

Жавоб учун олдиндан миннатдорчилик билдирган ҳолда
доимий ҳамкорингиз Алишер Бадалов,

корхона бухгалтери.

Самарқанд вилояти.

 

– Солиқ кодексининг 305-моддасида белгиланишича, ягона ижтимоий тўловни тўловчилар қуйидагилар ҳисобланади:

– юридик шахслар – Ўзбекистон Рес­публикаси резидентлари;

– Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса, чет эллик юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари орқали амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари.

Жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий равишда яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўловчилардир.

Суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти, шунингдек уларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши учун жавобгарлик иш берувчи зиммасига юклатилади.

Солиқ кодексининг 306-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш учун чет эллик ходимларни бериш бўйича хизматлар кўрсатиш шарт­номасига мувофиқ юридик шахс – Ўзбекистон Республикаси норезидентига тўланадиган чет эллик ходимларнинг даромадлари ҳам ягона ижтимоий тўлов солиш объектидир.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 21.11.1996 йилдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишлари қоидаларига асосан:

а) Ўзбекистон Республикасида бўлувчи хорижий фуқароларни келиш визасининг амал қилиш муддатига вақтинча рўйхатдан ўтказиш;

б) хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш учун рухсатномалар бериш;

в) хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юришлари;

г) қонунчиликни бузганликлари учун хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Рес­публикасида бўлишлари муддатларини қисқартириш ва бу ердан чиқариб юбориш тартиби белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармони билан тасдиқланган Хорижий шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Респуб­ликасида яшаш гувоҳномаси ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги низомга кўра республика ҳудудида доимий пропискага ва белгиланган тартибда Ўзбекистон ички ишлари органлари томонидан берилган яшаш учун гувоҳномага эга бўлган чет эллик фуқаролар Ўзбекистонда доимий яшовчилар деб ҳисобланади.

Хорижий шахсга ва фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг истиқомат жойида берилади.

Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшашга рухсатнома олиш учун вақтинча турган жойидаги туман (шаҳар) ички ишлар органига мурожаат этиб, қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:

– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шакл бўйича 2 нусхада ариза – сўровномалар;

– аризачи доимий яшаш ниятида бўлган қариндошлари (танишлари)-нинг аризачи илтимосига ўз муносабатлари тўғрисида нотариат томонидан тасдиқланган аризалари, шунингдек қариндошлар (танишлар)нинг уй-жойга эгалик ҳуқуқини ва унда яшовчи шахслар сонини тасдиқловчи ҳужжатлар;

– никоҳ тўғрисидаги, боланинг туғилганлик ҳақидаги ҳужжатларнинг нотариат томонидан тасдиқланган нусхалари;

– ҳужжатларни кўриб чиқиш тартиби учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат пошлинаси тўланганлиги тўғрисида квитанция;

– катталиги 35х45 миллиметрли 2 та фотосурат.

«Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга (2.12.2004 йилдаги 702-II-сон), Вазирлар Маҳкамасининг 21.12.2004 йилдаги уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 595-сон қарорига ҳамда Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ  иш берувчилар, шунингдек меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси бўйича амалга ошираётган фуқаролар учун жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиш мажбурийдир. Мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадаллари – мажбурий тартибда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига киритиладиган пул маблағларидир.

Меҳнат фаолиятини меҳнат шарт­номалари бўйича амалга ошираётган фуқаролар (улар жумласига ишловчи пенсионерлар, ўриндошлар ҳам киради), шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишларни бажарадиган фуқаролар, агар ушбу ходимлардан қонунга мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушланса, жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олувчилар сифатида жамғариб бориладиган пенсия тизимининг мажбурий иштирокчилари ҳисобланадилар.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан тўлиқ озод этилган бошқа фуқаролар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахсни ташкил этмаган деҳқон хўжаликларининг аъзолари, чет эллик фуқаролар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрий асосда иштирок этадилар, яъни пул маблағлари шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ихтиёрий асосда ўтказилади.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, сизнинг қўшма корхонангиздаги чет эллик ходимнинг меҳнат ҳақи тарзидаги даромадларидан ягона ижтимоий тўлов (25%) тўланиши керак бўлади.

Фуқароларнинг суғурта бадаллари (6%) чет эллик ходимларингиз доимий прописка ва яшаш гувоҳномасига эга бўлганларидагина ушланади. Агар улар вақтинчалик пропискада бўлсалар, улардан суғурта бадаллари ушланмайди.

Мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадаллари (1%) чет эллик ходимларга татбиқ этилмайди. Улар жамғариб бориладиган пенсия тизимида ихтиёрий асосда иштирок этадилар.

Прочитано: 2463 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика