Norma.uz

Норезидент қарзни қандай қилиб ундиради

Россия компанияси Ўзбекистонга қувурлар етказиб беришга шартнома тузди. Етказиб берувчи маҳсулот етказиб бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажарди, Ўзбекистон компанияси эса етказиб бериш ҳақини қисман тўлади. Ўзбекистон компанияси ўз қарзини тан олади, бу ҳол ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси билан тасдиқланади.

Агар компаниянинг (етказиб берувчининг) Ўзбекистонда ваколатхонаси бўлмаса, ташқи иқтисодий контракт бўйича қарзни ундириш тартиби қандай? Буни қандай қилиб самаралироқ ва тезроқ қилиш мумкинлигини айтиб берсангиз.

Компания бош директори, бош бухгалтери.

Челябинск, Россия Федерацияси.

 

– Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (ЎзР ХПК) 221-моддасига мувофиқ чет эл ташкилотлари ўзларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистон Республикасининг хўжалик судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда улар Ўзбекистон ташкилотлари ва фуқаролари билан баравар процессуал ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва процессуал мажбуриятларни бажарадилар. Чет эл ташкилотлари иштирок этадиган ишлар бўйича суд иши ЎзР ХПК меъёрларига мувофиқ юритилади.

Сиз Ўзбекистон компанияси давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги хўжалик судига қарзни шартнома (конт­ракт) валютаси – АҚШ доллари, евро ва бошқаларда ундириш даъвоси (суд буйруғини бериш тўғрисида ариза) билан мурожаат қилишга ҳақлисиз.

Агар сизда ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси бўлса, суд буйруғини бериш тўғрисида аризани ЎзР ХПК 102–106-моддаларининг талабларига риоя этган ҳолда беришни тавсия қиламиз. Аризанинг нусхаси қарздор ташкилот раҳбарига тилхат олиб топширилади ва ушбу ташкилотнинг муҳри билан тасдиқланиши лозим1. Агар у алоқа воситалари орқали юборилган бўлса, судья аризани қабул қилишни рад этади.

Суд буйруғи қуйидаги афзалликларга эга:

ариза суд муҳокамаси, қарздор ва ундирувчини чақириш ҳамда уларнинг тушунтиришларини тинглашсиз кўриб чиқилади;

ариза учун судга умумий тартибда даъво билан мурожаат қилганда низолашилаётган суммадан келиб чиқиб ҳисобланган ставканинг 50%и миқдорида давлат божи тўланади;

суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга.

Суд буйруғи бўйича ундирув суд ҳужжатларини бажариш учун белгиланган тартибда буйруқ берилган кундан 10 кун ўтгач амалга оширилади.

Агар суд буйруғини бериш тўғрисида ариза нусхасини тилхат олиб топширишга муваффақ бўлмасангиз, сиз ЎзР ХПК 112–114-моддаларининг талабларига риоя этган ҳолда хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақлисиз.

Шунга ҳам эътибор қаратиш лозимки, хорижий валютадаги қарз суммасини ундириш тўғрисида даъво билан мурожаат қилинганда давлат божи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат божи ставкалари ҳақида»ги қарори (3.11.1994 йилдаги 533-сон) билан белгиланган ставкаларда АҚШ долларида, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг махсус валюта ҳисобрақамига тўланади.

Шунингдек сиз даъвога неустойка, зарарларни, шунингдек ўзингиз тўлаган давлат божи (чет эл валютасида) ва почта харажатларини (сўмда) ундириш талабини киритишга ҳақлисиз.

 

1Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги қарори (15.06.2007 йилдаги 162-сон) 21-банди.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

 

Прочитано: 2255 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика