Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 31 / Муаммо – муҳокамада

Масалани ҳал этиш фурсати келган кўринади

Азизбек Қурбоновнинг «Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси» мақоласи («СБХ»нинг 2.07.2013 йилдаги 26-сони) юзасидан кўплаб фикр-мулоҳазалар келганига қараганда, тадбиркорларда солиқ идораларининг, қолаверса, бошқа назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларига айтадиган гап кўп эканлиги маълум бўлиб қолди. Уларнинг манфаатларини ифодаловчи ҳамкасбларимиз – аудиторлар ҳамда юристлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Шу билан бирга амалиётда юзага келадиган муаммо муҳокамасида экспертларнинг бунчалик қизғин иштирок этиши ҳаммамизни, шу жумладан фаолиятининг устувор йўналишлари орасида аҳолининг ва бизнес аҳлининг ҳуқуқий маданиятини ошириш масаласи асосий ўрин тутувчи давлат органларини қувонтирмаслиги мумкин эмас. Бундан 5-6 йиллар муқаддам экспертларнинг бу йўсин иштирокини орзу ҳам қилиш қийин эди.

Баҳс-мунозара натижалари газетхонларга муқаррар равишда амалий ёрдам беришига комил ишонч билдирган ҳолда, айни чоғда баъзи «шашти паст» экспертларнинг мулоҳазаларига қўшилмаган ҳолда ўз нуқтаи назаримизни аниқ белгилаб олмоқчимиз. Унинг баъзи жиҳатлари илгари билдирилган нуқтаи назарлар билан ҳамоҳанг бўлиши ҳам мумкин.

 

АТАМАЛАР МАСАЛАСИДА

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг1 (бундан буён матнда 160-II-сонли Қонун деб юритилади) 24-моддаси биринчи қисмининг талабларига, қонунчилик техникаси қоидаларига ва соғлом ақл-идрокка амал қилиб, қонун ҳужжатларидаги мавжуд атамаларни бирхиллаштириш зарур деган фикрга қўшиламиз. Назаримизда, бу масалада бирхиллик тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли ҳужжатларгагина эмас, балки умуман бор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаммасига татбиқ этилмоғи керак. Негаки, бундай ҳужжатларни муҳим-номуҳим деб ажратиб бўлмайди. Қонун ҳужжатларининг декларатив нормалари назорат қилувчи органлар томонидан ўзига хос тарзда тушунилиши тақозоси билан юзага келган ҳуқуқни қўлланиш амалиёти (аниқроғи айрим ҳуқуқий нормаларни қўлланмаслик амалиёти) айни норма-принципларда ҳаддан зиёд ёйиқ мулоҳазали таърифлар борлиги билан боғлиқдир. Фикримизча, бундай нормаларда ишлатилаётган айрим атамаларни шарҳлаш ҳуқуқ назарияси нуқтаи назаридан норма-принциплар таърифига зид бўлмайди. Очиғини айтганда, одам ҳуқуққа эмас, ҳуқуқ одамга хизмат қилиши лозимлиги кундек равшан-ку! Бизнингча, бу ишнинг ёмон томони йўқ. Вақти келиб, жамиятимиз тараққиётининг муайян босқичида норма-принципларни шарҳлашга зарурат қолмас. Ҳозирча эса...

Солиқ кодексининг 11-моддасида ва «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг2 (бундан буён матнда 69-II-сон Қонун деб юритилади) 11-моддасида ишлатилган атамаларни шарҳлашга ўтаётиб, шуни қайд этиш жоизки, мазкур ҳуқуқий нормаларни тушунтириш билан боғлиқ масалаларда биз учун, энг аввало, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳамма нарсадан устундир. Шу сабабли ҳам, ҳамкасблар, бунда тилшуносларнинг ёрдамисиз ҳам керакли ишни қилиш мумкин, муносабатларнинг муайян соҳасини тартибга солишда атамаларни ишлатиш мақсадида ҳеч ким белгиланган доирадан четга чиқмоқчи эмас.

Шундай қилиб, «бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар» деганда битта норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бир-бирига номувофиқ қоидаларини ўзаро истисно этишни тушуниш мақсадга мувофиқдир. Бундан мазкур қоидалардан бири бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилганлиги натижасида бошқасига нисбатан кейинроқ кучга кирадиган ҳоллар мустаснодир. Бундай ҳолларда қарама-қаршилик 160-II-сонли Қонун 16-моддасининг тўртинчи қисми қоидаларини қўллаш йўли билан бартараф этилган деб ҳисобланмоғи керак.

Бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат бошқа шундай ҳужжатнинг талабларига номувофиқ бўлган тақдирда ҳам қарама-қаршилик 160-II-сонли Қонуннинг 16-моддаси нормаларини қўллаш ёрдамида бартараф этилади. Айтайлик, «ҳар хил талабларни белгиловчи иккита қонун ёки қонуности ҳужжати бўлган» тақдирда, кейинроқ қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат, агар уни қабул қилган орган ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга махсус ваколатли бўлса, қўлланилмоғи керак. Акс ҳолда олдинроқдаги сана билан қабул қилинган ҳужжатни қўлланиш лозим бўлади.

Бартараф этиб бўлмайдиган ноаниқлик деганда, назаримизда, битта норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ёки икки ва ундан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатда, том маънода шарҳлаганда ҳам, тадбиркорлик субъектига шундай ҳужжат тақозо этган хатти-ҳаракат ва хулқ-атворни бир хил тарзда аниқлаб олиш имконини бермайдиган қоидалар борлигини тушуниш керак. Бундан тадбиркорлик субъекти 160-II-сонли Қонун 43-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ ана шу қоидаларни расмий шарҳлаб беришни сўраб мурожаат этмаган ёки бундай субъект ноаниқ қоидалар юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатиб ўтилган хатти-ҳаракат ва хулқ-атворга аниқлик киритган расмий шарҳ олган ҳоллар мустаснодир. Бошқача қилиб айтганда, шу аснода тушунтириш бераётган орган тадбиркорнинг сўровига кўра ниманидир тасдиқлаб беради ва бу билан ниманидир рад этади ёки аксинча. Бартараф этиб бўлмайдиган ноаниқлик ҳолларида тадбиркорнинг ҳақлиги презумпцияси, фикримизча, тадбиркорлик субъекти жўяли фурсатда (бунинг муддати ҳам тартибга солинса ёмон бўлмасди) виждонан, камида бир марта ваколатли органлардан тегишли тушунтириш олиш учун чора кўрганлиги ҳужжат асосида ўз тасдиғини топган тақдирдагина ишламоғи лозим.

Юқорида айтилган воқеа муносабати билан тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг вакиллари йўллаган тегишли сўровларга ноаниқ жавоблар келиб тушган ҳолларда (жавобда тадбиркорда савол туғдирган ҳужжатнинг ўша матни масаланинг моҳияти юзасидан бирон-бир тушунтиришларсиз такрорланган бўлса) сўровда зикр этилган ноаниқликлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга аниқлаштирувчи ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилгунга қадар қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган ноаниқликлар деб эътироф этилмоғи керак.

Мазкур атамалар қонунчилик йўли билан муфассал тарзда бир хил шарҳланса, назорат қилувчи органларда ҳам, тадбиркорлик субъектларида ҳам «кўрпани ўзига кўпроқ тортиш» имконияти барҳам топади деб ўйлаймиз. Зотан бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар мавжудлиги ҳолатини исботлаб бериш жараёни кескин камаяди. Солиқ идорасига сўров берилганлигидан далолат берувчи ҳужжат бор дейлик. Хўш, бу сўровга жавоб берилганми, жавоб амалдаги норматив ҳужжат қоидаларига асосланганми, жавоб йўллаган шахс ҳужжатни ўз кўрсатмалари билан тўлдиришга уринганми деган саволлар бунда кўндаланг бўлади. Мабодо жавоб ҳужжат қоидаларининг ўзигагина таяниб, ўша алфозда юборилган бўлса, уни йўллаган шахс тадбиркорга масаланинг моҳиятини тушунтира олмайди. Бундай ҳолларда ҳужжатдаги бартараф этиб бўлмайдиган ноаниқлик шундоққина қолаверади. Қарама-қаршиликлар масаласида иш янада жўнроқ: 160-II-сонли Қонунни ўқиб чиқиб, шарҳланаётган атамаларга тааллуқли гапларга таянилаверади, холос.

Хуллас, атамаларга доир тушунтиришлар таърифи истаган ўзанга буриш имконини бартараф этмоғи лозим. Ана шунда бартараф этиб бўлмайдиган ноаниқликлар ва қарама-қаршиликлар бор-йўқлиги текширувчиларга ҳам, текширилаётганларга ҳам бирдек аён бўлади.

 

ОШКОРА ВА ПИНҲОНА ЖИҲАТЛАР

Аниқ-равшан нарса хусусида оқил одам одатда баҳслашиб ўтирмайди. Текширувчилар-ку инчунин. Масала юзасидан судда назорат қилувчи идоранинг нуқтаи назари қумдек ҳавога учса, бу ҳол текширувчининг, шунингдек у ишлайдиган идоранинг шаънига яхши эмас. Шу сабабли ҳам бундай ишлар муфассал тарзда ишлаб чиқилган норма-атамалар билан тартибга солинса, улар судга бориб етмайди ҳам. Бошқа жиҳатдан олганда, текширувчилар ўз мавқе-маррасини ўзгаларга шундоққина бериб қўяди деб ўйлаш ақли ноқисликдир. Амалиёт шундан далолат бермоқдаки, бундай шахслар унча-мунчага бўш келмайди, сўзида собит туради. Ана шунда, азиз ҳамкасблар, бор билим-малакангизни кўрсатишингиз, текширувчининг позицияси заифлигига ишонтира билишингиз керак. Сизларга аёнки, бу анча мураккаб бўлса ҳам бажарса бўладиган иш. Қонунлар Парламент томонидан қабул қилинади, уларда айрим бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар борлигига давлат бошқаруви органлари қўшиладилар – бунда ажабланадиган нарса йўқ, зотан бир-бирини тийиш ва мувозанатни сақлаш тизими шу тарзда ишлайди. Бундай кезлари уйдаги гапни кўчага чиқармаслик керак деган ақида ўринсиздир.

Масала бошқа тарзда ечим топиб назорат қилувчи идоранинг мансабдор шахси позицияси турли объектив ва субъектив сабабларга кўра ўзгаришсиз қолаверадиган бўлса, унда албатта судга мурожаат эти­лади.

Суд тизимини янада такомиллаштириш зарурлиги равшан кўриниб турган нарса экани боис бу борада баҳс-мунозарага ўрин йўқ. Судловга қадар ва судловдан ташқари турли махсус органларга келганда эса шуни айтиш керакки, улар кўпда самара бермаслиги мумкин.

Масалан, Адлия вазирлиги тузилмасида Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бўлиб, минтақаларда унинг тегишли бўлимлари ҳам бор3. Лекин бу бошқармани жилла кучли деб бўлмайди. Баъзи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг (дарвоқе, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган ҳужжатларнинг) қоидаларини тушунтириш юзасидан тадбиркорлар йўллаган сўровларга Бошқарма Конституцияга таянган ҳолда тадбиркорларни Конституциявий судга рўбарў қилади. Бир тарафдан олганда, бу тўғри иш, негаки қонуннинг қоидаларига шарҳни Конституциявий суд беради. Лекин бошқа тарафдан қараладиган бўлса, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларни ишончли ҳимоя билан таъминлаш, «муаммоларни чуқур ўрганиш ва қонунчилик ҳужжатларини ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш» ва шу сингарилар Бошқарма вазифалари сирасига киради. Тўғри, тадбиркорнинг ўзи Конституциявий судга мурожаат этиши мумкин. Аммо у ўз масаласини Конституциявий суд кўриб чиқиши учун тақдим эта олмайди – унга бундай ҳуқуқ берилмаган4. Энг муҳими тадбиркорни пировард натижада Қонуннинг у ёки бу қоидаси шарҳ қилиниши эмас, балки аниқ бир вазиятда ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя этилиши қизиқтирмоқда, холос. Конституциявий суд эса бундай ҳимоя билан шуғулланмайди.

Давлат солиқ қўмитаси тузилмасида эксперт кенгаши бор. Унинг вазифаси, хусусан «солиқ ҳақидаги ҳамда давлат солиқ хизмати органлари ваколатлари доирасида валютани тартибга солиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари бўйича норматив ҳужжатларни амалда қўллаш жараёнида солиқ тўловчилар билан солиқ органлари ўртасида пайдо бўладиган ўта мураккаб ва мунозарали масалаларни кўриб чиқиш, улар юзасидан холисона қарорлар қабул қилиш»дан иборатдир5. Айни бир вақтда жаҳондаги беистисно барча мамлакатларда солиқ органлари фаолиятининг устувор йўналиши давлат бюджетини тўлдириш эканлиги сир эмас. Вазифалар бунчалик сертармоқ бўлган бир алфозда ДСҚ эксперт кенгаши рисоладагидек қарорлар қабул қилиши учун қанақа саъй-ҳаракатлар кераклигини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу ишнинг уддасидан чиқаётган эксперт кенгашга ҳар қанча раҳмат айтса арзийди, лекин бу вазиятнинг умумий хусусиятини ўзгартира олмайди.

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тузилмасида ҳам эксперт кенгаши тузиш мумкин, у Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисидаги низом6 9-банди «г» кичик бандининг ўн иккинчи хатбошисига кўра хўжалик юритувчи субъектларни давлат органларининг ноқонуний қарорларидан ҳимоя қилиши шарт. Бироқ, ишончимиз комилки, ана шундай бўлган тақдирда ҳам муайян ҳолатларга кўра кутилган натижага эришиш қийин. Биринчидан, аввалги икки вазиятда бўлгани каби мазкур Қўмита ҳар хил, баъзан бир-бирига номутаносиб вазифалар билан «кўмиб ташланган», шу жумладан, Қўмита, бир тарафдан, тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя этиши, бошқа тарафдан олганда эса уларнинг фаолиятини назорат қилиб бориши керак. Иккинчидан, мазкур идора билан бошқа вазирликлар ва идоралар ўртасида бўйсунув тартиби йўсинида муносабат йўқ. Шу сабабли ҳам, айтайлик, Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги (ёки жумладан Адлия вазирлиги ҳузуридаги) эксперт кенгаши томонидан қабул қилинган қарорга ДСҚ ҳамиша ҳам риоя этади деб бўлмайди.

Улар моҳиятан тамомила мустақил, бошқача қилиб айтганда, турли давлат органлари тизимида бўлмаган тақдирда бундай экспертлик кенгашларидан тадбиркорга наф янада камаяди.

Бугунги кунда тадбиркор Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига мурожаат этиши мумкин. 2004 йил декабридан эътиборан мазкур Палатанинг вазифаси тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш, шу жумладан давлат бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек судда ифода этиш ҳамда ҳимоя қилишдан иборатдир7. Эҳтимол, тадбиркорлардан кимлардир ундан ўзига нажот, мадад топгандир... Лекин барча тадбиркорлар ҳамжамиятининг талаб-эҳтиёжларини қаноатлантириш учун бу ресурс етарли эмаслиги аниқ.

Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, муаммони ҳал этишнинг яна бир, балки туб-асосли вариантига эътибор қаратамиз.

Бир қанча хорижий мамлакатлар тажрибасини инобатга олиб, Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бўйича омбудсман институтини барпо этиш ҳақида ўйлаб кўриш керакдир балки. Бундай омбудсман давлат бошқаруви органлари билан муносабатларда тадбиркорларнинг ҳуқуқларига риоя қилиниши ва қонуний манфаатлари ҳимоя этилишида «посбонлик» қилган бўлур эди. Хусусан тадбиркорлик фаолияти соҳасига оид қонун ҳужжатлари нормаларидаги ноаниқ ва бир-бирига қарама-қарши нормаларни қўллаш билан боғлиқ масалалар юзасидан экспертлик баҳоларини таъминлаш ва бундай баҳоларни тезкорлик билан ишлаб чиқиш борасида унинг ўрни бўлакчадир. Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бўйича бундай Вакилга масалаларни Конституциявий суд кўриб чиқиши учун киритиш ҳуқуқини, муайян тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб тушунтиришлар олиш мақсадида давлат бошқарув органларига ёзма мурожаат топшириш ҳуқуқини бериш, қолаверса тадбиркорлик субъектлари манфаатларини самарали ҳимоя этиш учун бошқа ваколатлар бериш керак бўлади. Бунда энг муҳими тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш мазкур муассасанинг АСОСИЙ фаолияти бўлиб қолмоғи лозим.

 

ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ТАШКИЛ ЭТИШ
ТАВСИЯ ЭТИЛАЁТГАН ВАКИЛ ЯНА НИМАЛАР ҚИЛИШИ МУМКИН

Тадбиркорлик билан боғлиқ муаммолар, таассуфки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги «ноаниқликлар ва қарама-қаршиликлар»нинг ўзи билангина чекланмайди. Мамлакатимиз Президенти «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сонли Фармонида шу нарса алоҳида таъкидлаб ўтилдики, «тадбиркорлик фаолиятини ортиқча регламентлар билан чеклаб қўйиш ҳоллари ҳали ҳам бартараф этилмаган, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида катта, серхаражат, ноошкора маъмурий тартиб-таомиллар ҳамон амал қилиб келмоқда, бюрократик тўсиқ ва ғовларга барҳам берилмаган». Ижро этувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари манфаатларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатлари ўз моҳиятига кўра манфаатлари тадбиркорлар манфаатларига номутаносиб бўлган турли вазирликлар ва идоралар бўйича тарқоқ йўсиндадир. Аммо уларнинг ишини умумий мувофиқлаштириб борувчи (ижро устидан мониторинг олиб борувчи) орган йўқ.

Хусусий ва торроқ доирадаги вазифаларни ҳал этиш мақсадида бутун бир институтни ёки умумий муво­фиқлаштирувга асосланмаган тарқоқ эксперт кенгашлар­ини барпо этиш хусусидаги гап-сўзлардан келиб чиқиб, барча давлат бошқарув органларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этиш билан боғлиқ фаолиятини, хусусан улар экспорт-импорт операцияларини, инвестиция фаолиятини амалга ошириши, хусусий мулкни, ташқи қарзларни ҳимоя этиш, давлат харидлари борасида кичик тадбиркорлик субъектларига берилган кафолатларга риоя этилиши доирасида, банк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари доирасида мониторинг қилиб бориш ҳуқуқини ҳам ташкил этиш тавсия этилаётган Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бўйича вакил вазифалари жумласига киритиш мақсадга мувофиқдир. Давлат органларига тақдимномалар йўллаш, уларга қай тахлит эътибор бўлаётганлигини назорат қилиб бориш, тадбиркорлик фаолияти соҳасига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида таклифлар киритиш ва шу сингари вазифалар ҳам Вакил зиммасида бўлади. Умуман олганда, бу ғоя қабул қилингудек бўлса, Вакилнинг вазифалари келгусида янада аниқлаштирилиши, муфассал санаб ўтилиши мумкин.

Энди бўлса, мана бу таклифни муҳокама қилиб кўришни тавсия этган бўлурдик. Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг самарадорлиги имкон қадар юқори бўлишини таъминлаш мақсадида уни Конституциямизнинг 93-моддасига биноан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинлик ларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Ҳокимиятнинг тармоқларга бўлиниш принципини инобатга олиб, мазкур орган Парламент тизимида (Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил сингари) бўлиши мантиқлироқ ва одатийроқ бўлур эди деб ўйлайдиганлар ҳам топилса керак. Аммо қонун ҳужжатларидаги ноаниқликлар ва қарама-қаршиликларни аниқлашда ташаббусчи бўлиш ҳуқуқи бериладиган Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бўйича вакил қонун ижодкорлари орасидан бўлса, биз манфаатларнинг яна айрим ички қарама-қаршиликларига дуч келишимиз мумкин. Адолат юзасидан шуни эътироф этиш керакки, айни қонун чиқарувчи орган бизнес ҳамжамиятлар томонидан ташаббус кўрсатилишидан ҳам аввалроқ, 2008 йилдаёқ Солиқ кодексининг 11-моддасида биз учун ниҳоятда муҳим ва салмоқли воситани белгилаб бердики, эндиликда ана шу воситадан фойдаланишни кучайтиришни кенг муҳокама этмоқдамиз. Ушбу мақола муаллифлари ўз ғояларини шак-шубҳасиз ва алоҳида аҳамиятга эга деб ўйламаган ҳолда айни муҳокама учун илгари сурмоқдалар.

 

114.12.2000 йилдаги 160-II-сонли Қонуннинг 24.12.2012 йилдаги ЎРҚ-342-сонли Қонун асосидаги таҳрири.

225.05.2000 йилдаги 69-II-сонли Қонуннинг 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сонли Қонун асосидаги таҳрири.

 

Олег ДАМИНОВ,

«BAKER TILLY UZBEKISTAN»
аудитор-консалтинг компаниялари гуруҳининг бошқарувчи шериги,

Екатерина АДЕЕВА,

гуруҳ юристконсульти.

Прочитано: 2041 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика