Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 31 / Солиқ солиш

Қушимча ҳисоблаш учун асос

Хусусий қурилиш фирмаси қўшни фирмани текширган солиқ инспекцияси ҳақли ёки ҳақсиз эканлигини тушунтириб беришингизни сўрайди. Бизда ҳам шундай вазият юзага келди. Корхона ходимларига қатъий белгиланган иш ҳақи берилади ва ягона ижтимоий тўлов (25%) меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлардан тўланади. Солиқ инспекцияси кўрсатилган хизматлар учун смета ва 2-сон шаклни текшириб (улар ШНКга кўра тузилган), ушбу сметаларда ижтимоий суғуртага ажратмалар амалдаги иш ҳақига қараганда анча юқорилиги тўғрисида хулосага келди. Ва, тегишинча, ЯИТни қўшимча ҳисоблади. Биз Солиқ кодексидан бундай қоидани топмадик.

С.Морозов, директор.

Бухоро шаҳри.

 

– Сиз келтирган ахборотга кўра қатъий жавоб бериш мушкул. Чамаси, фирмани текшириш якунларига кўра ДСИ ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди (МҲТФ)­нинг энг кам меъёрларини ҳисобга олган ҳолда ЯИТ, суғурта бадаллари ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қўшимча ҳисоблаган.

Президентнинг 24.12.2010 йилдаги ПҚ-1449-сон қарори билан 2011 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳаси корхоналари учун солиқларни қўшимча ҳисоблаш тартиби жорий этилди.

Қурилиш ташкилоти, агар унинг асосий фаолият тури ҳисобот чораги якунлари бўйича қурилиш ишларининг қуйидаги турларини бажариш бўлса, ушбу энг кам меъёрларни ҳисобга олган ҳолда ходимлар сони ва МҲТФнинг энг кам ­меъёр­ларини ҳисоблаши, шунингдек солиқларни (ЯИТ, суғурта бадаллари ва ЖШДС) қўшимча ҳисоблаши керак:

барча турдаги бинолар, спорт иншоотларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, шунингдек қурилиш майдонларидаги йиғма қурилиш конструкцияларини монтаж қилиш;

бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилишда қурилиш майдонини тайёрлаш;

ҳар хил турдаги бино ва иншоотлар учун умумий бўлган бир йўналишга ихтисослаштирилган ҳамда махсус малака ва асбоб-ускуналарни талаб қилувчи қурилиш фаолияти (пойдевор қуриш, шу жумладан қозиқ қоқиш; ўзи ишлаб чиқармаган пўлат конструкцияларни монтаж қилиш; арматура каркаслари элементларини букиш; ғишт ва бошқа тошларни териш; ҳавозалар ва тахтасупаларни, шу жумладан ижарага олинганларини ўрнатиш ва демонтаж қилиш, ўзи ишлаб чиқармаган фасад каркасларини монтаж қилиш ва ўрнатиш);

бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилишда муҳан­дислик асбоб-ускуналарини ўрна­тиш;

бино ва иншоотларни қуришда ишлов бериш ва бошқа якуний ишлар;

аҳоли буюртмалари бўйича уй-жойларни (квартираларни), шунингдек ишлаб чиқариш учун мўлжалланмаган бино (хона)ларни таъмирлаш.

 

Ходимлар сони ва МҲТФнинг энг кам меъёрлари Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга1 (бундан кейин – 2173-сон Низом) мувофиқ белгиланади. Солиқларни қўшимча ҳисоблаш Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга2 (бундан ке­йин – 2200-сон Низом) мувофиқ амалга оширилади.

Агар қурувчи ишчилар сонининг энг кам меъёрлари бўйича ҳисобланган энг кам МҲТФ ҳисобот чораги учун амалдаги МҲТФ­дан ошиб кетса, солиқлар қўшимча ҳисобланиши (ЯИТ, суғурта бадаллари, ЖШДС қўшимча ҳисобланиши) амалга оширилади. Агар энг кам МҲТФ амалдаги МҲТФдан кам ёки унга тенг бўлса, солиқлар қўшимча ҳисобланмайди (2200-сон Низомнинг 5-банди).

Қурувчи ишчилар сонининг энг кам меъёри 2173-сон Низомга 7, 7а ва 8-иловаларда келтирилган услубият бўйича белгиланади. Ҳисоб-китоб асоси учун қуйидаги маълумотлар қабул қилинади:

сметаларга ва амалда бажарилган қурилиш ишларининг ҳажми тўғрисидаги бошқа бирламчи ҳуж­жатларга асосан меҳнат харажатлари (МХ);

қурилиш пудрати шартномасига мувофиқ қурилиш ишларининг бажарилиш давомийлиги (М);

6 кунлик иш ҳафтасида 1 қурувчи ишчи ҳисобидан ўртача ойлик иш вақти фонди (ИВФ) (2013 йилда – 168,5 соат). Тенг бўлмаган ойлик меҳнат харажатларида, шунингдек агар смета ҳужжатлари қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса, иш вақти фонди календарь ойда 6 кунлик иш ҳафтасида 1 қурувчи ишчи ҳисобидан ҳисобга олинади.

Эътибор беринг, солиқларни қўшимча ҳисоблаш мақсадида ходимлар сонининг энг кам меъёри фақат қурувчи ишчилар бўйича белгиланади, бироқ энг кам МҲТФ умуман корхона бўйича ходимлар сонидан келиб чиқиб ҳисобланади, бунга маъмурий ва техник ходимлар, шунингдек корхона амалга оширадиган фаолиятнинг бошқа турларида банд бўлган ходимлар ҳам киради. Мазкур ходимлар сони амалда ҳисобот чорагида шаклланган ходимлар сонига тенг деб олинади.

 

Бир ой учун энг кам МҲТФ қуйи­даги формула асосида аниқ­ланади:

 

МҲТФmin= ХС (БПХС) х
Тк х Кт х ИҲЭКМ,

 

бунда:

ХС (БПХС) – қурувчи ишчилар сонининг энг кам меъёрларини, шунингдек маъмурий, техник ходимлар ва корхона амалга ошираётган фаолиятнинг бошқа турларида банд бўлган ходимларни қўшиш йўли билан белгиланадиган умуман корхона бўйича ходимларнинг сони;

Тк – қурилиш ишларида ўртача разряднинг тариф коэффициенти. Ҳисоб-китобга Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасидаги3 4-разряднинг тариф коэффициенти – 3,297 – қабул қилинади;

Кт – қурилиш ишларини бажаришда жамоа келишувига асосан қўлланиладиган меҳнат ҳақини оширувчи тармоқ коэффициенти (агар у жамоа шартномаси билан белгиланган бўлса, 1,15 миқдорида қўлланади);

ИҲЭКМ – белгиланган иш ҳақининг энг кам миқдори.

Амалдаги МҲТФ – Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тури тарзидаги даромадлар, у ЯИТ солиш объекти ҳисобланади. Амалдаги МҲТФга фаолиятни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича фаолиятни амалга оширадиган жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келадиган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди киритилмайди.

 

Ҳисобот чораги учун энг кам ва амалдаги МҲТФ таққосланади ва энг кам меъёр амалдаги меъёрдан ошган тақдирда қўшимча ҳисоблаш суммаси ушбу миқдорлар ўртасидаги ижобий фарқни тўловларнинг жами ставкасига кўпайтириш йўли билан аниқланади. 2013 йилда жами ставка 39%ни ташкил этди: ЯИТ ставкаси (25%) + суғурта бадаллари ставкаси (6%) + жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси (8%).

 

МИСОЛ. Ташкилот дўкон учун 2 қаватли бино қуряпти. Мазкур объект бўйича қуйидаги маълумотлар мавжуд:

қурувчи ишчиларнинг қурилишга доир меҳнат харажатлари тасдиқланган сметага кўра 8 219,2 киши–соатни ташкил қилади;

қурилишни тугатиш муддати – 4 ой;

1 ходим ҳисобидан 6 кунлик иш ҳафтасида ўртача ойлик иш вақти фонди – 168,5 соат.

Ташкилот томонидан ­жамоа шартномасига мувофиқ қўл­ла­на­диган қурилиш ишларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг тармоқ оширувчи коэффициенти (Ко) – 1,15.

Қурилиш ташкилотининг маъ­мурий-бошқарув ва техник ходимлари сони – 4 киши.

Корхона фаолиятнинг бошқа турларини амалга оширмайди.

Ҳисобот чораги учун меҳнат­га ҳақ тўлашнинг амалдаги фонди 10 500 000 сўмни ташкил қилди.

Қурувчи ишчилар ўртача ойлик сонининг энг кам меъёри қуйидаги формула бўйича белгиланади:

 

ИСмеъёр = МХ / М / ИВФ,

 

бунда:

МХ – шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига асосан тузилган сметага мувофиқ объект бўйича қурилиш ишларини бажаришга меҳнат харажатлари (киши–соатларда);

М – қурилиш пудрати шартномасига мувофиқ қурилиш ишларини бажариш муддати;

ИВФ – 6 кунлик иш ҳафтасида 1 қурувчи ишчи ҳисобидан ўртача ойлик иш вақти фонди.

Мисол маълумотларига кўра қурувчи ишчилар сонининг энг кам меъёри 12 кишини (8 219,2 / 4 / 168,5), энг кам МҲТФ ҳисоб-китоби учун қабул қилинадиган ходимлар сони эса 16 кишини (12 + 4) ташкил этади.

ЭКИҲ 79 590 сўм бўлганда ҳисобот чораги учун меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёри 14 484 934,3 сўмни (16 х 3,297 х 79 590 х 3 х 1,15) ташкил қилади.

Амалдаги МҲТФ (10 500 000 сўм) энг кам МҲТФдан кам бўлганлиги боис корхона ЖШДС, ЯИТ ва суғурта бадалларини қўшимча ҳисоблаши керак. Қўшимча ҳисоблаш учун база 3 984 934,3 сўмни (14 484 934,3 – 10 500 000), бюджетга тўланадиган қўшимча ҳисоблаш суммаси эса 1 554 124,4 сўмни (3 984 934,3 х 39%) ташкил этади.

 

Қўшимча ҳисобланган тўловлар ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, IV чорак якунлари бўйича эса йиллик молия­вий ҳисоботни тақдим этиш муддатларида тўланади.

Солиқ органлари ходимлар сони ва МҲТФнинг энг кам меъёрларини ҳисобга олган ҳолда тўловларни тўғри ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш устидан назоратни амалга оширадилар. Улар пеня ҳисобланишини ҳисобга олган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларидан келиб чиқиб тўловларни қўшимча ҳисоблашни амалга оширадилар (2200-сон Низомнинг 18, 19-бандлари).

 

1Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг АВ томонидан 28.12.2010 йилдаги 2173-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2ДСҚ ва МВнинг АВ томонидан 23.02.2011 йилда 2200-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон қарори билан тасдиқланган.

Жавобни «Norma Ekspert»
мутахассислари
тайёрладилар.

 

 

Прочитано: 3839 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика