Президентимиз И.Каримов томонидан баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида 2012 йил 24 декабрда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунларга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мослигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ меъёрлар қамраб олинган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси» мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси лойиҳаларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш, шунингдек ушбу омилларни бартараф этиш ёки уларнинг таъсирини чеклашга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида амалга оширилади. Коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар – ҳуқуқни қўлловчига асоссиз кенг ваколат доирасини берадиган, фуқаролар ва ташкилотлар учун мужмал, бажарилиши қийин талабларни ўз ичига олган ва шу орқали коррупцияга олиб келувчи шароитларни яратадиган қоидалар, шунингдек ҳуқуқий тартибга солишдаги бўшлиқлардир.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирликлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан уларнинг ҳуқуқий экспертизаси давомида амалга оширилади. Бу амалиёт қонун лойиҳаларини тайёрлашнинг дастлабки босқичидаёқ коррупция хавфининг камайишига, шунингдек давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларини қўллашда суиистеъмолликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.
Тадбирда Ўзбекистонда коррупцияга қарши экспертизанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва амалиётга татбиқ этишни такомиллаштириш юзасидан фикрлашилди.