Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 31 / Муаммо – муҳокамада

Солиқ туловчининг ҳақлиги презумпцияси ишлаяптими?

«Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси ишлаяптими?» сарлавҳаси остида берилиб, газетхонларимиз ўртасида кенг акс-садо уйғотган ушбу мақола муаллифи мақолада кўтарилган масалалар юзасидан баҳс-мунозараларнинг давоми тариқасида бугун мавзуга доир амалиётдан олинган аниқ мисолларни муштарийлар ҳукмига ҳавола этади.

 

Энг аввало «Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси ишлаяптими?» мақоласи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган «Солиқ ва божхона хабарлари» ҳамда «Норма маслаҳатчи» газетхонларига самимий миннатдорчилик билдиришни истардик. Юзага келган вазиятни бартараф этиш ёки барҳам топтириш хусусида улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ва айтилган тавсиялар мақола муаллифи сифатида мен учун жуда қизиқарли бўлди.

Аммо солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжат­ларимизнинг нормаларида «ноаниқ­ликлар ва қарама-қаршиликлар» йўқ деб ҳисоблайдиган газетхонларнинг фикрига эса қўшила олмайман.

Бу борада бир неча мисол келтириб ўтишни жоиз топдим.

 

1. «Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони (14.03.2007 йилдаги ПФ-3860-сон) нормалари олиб кириладиган технологик жиҳозларга, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган божхона тўловлари бўйича имтиёзлар, агар уларни етказиб бериш  технологик жиҳозларни етказиб беришга доир шартнома шартларида назарда тутилган бўлса, 2007 йил 1 апрелдан эътиборан татбиқ этилди. Фармонда шунингдек имтиёзлар Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвес-тициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланадиган технологик жиҳозлар рўйхатига мувофиқ қўлланилиши белгилаб қўйилди. Кейинчалик мазкур имтиёз Солиқ кодексига ҳам киритилди (211-модданинг 7-банди).

Шу муносабат билан Иқтисодиёт вазирлиги ТИАИСВ, ДБҚ ва Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар рўйхатини тасдиқлади (3.05.2008 йилда 1802-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 25.03.2013 йилдан эътиборан ўз кучини йўқотган). Мазкур Рўйхатга доир иловада айтиб ўтилишича, ана шу имтиёзлар бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга, улар шартномага (контрактга) мувофиқ янги технологик ускуналар билан бирга етказиб берилган ҳамда ана шу ускунанинг ажралмас қисми бўлган тақдирда, татбиқ этилади.

Бошқача қилиб айтганда, Фармонда олиб киришда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериладиган технологик ускуналар рўйхатини тайёрлаш топширилган эди. Бутловчи қисмлар эса, агар улар битта контракт доирасида (унга бўлган ягона талаб асосида) технологик ускуна билан биргаликда олиб кирилган тақдирда, миқдорини инобатга олмаган ва уларни (номи ва ТИФ ТН кодини) Рўйхатга киритмаган ҳолда тўловлар тўлашдан озод этиларди.

Бироқ уларни номи юқорида зикр этилган Рўйхатга киритиш натижасида божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашда қарама-қаршиликлар ва ихтилофлар келиб чиқди.

Тадбиркорларнинг (солиқ тўловчиларнинг) ҳуқуқлари бузилди: амалда уларнинг ҳаммаси божхона тўловларини тўлашга мажбур бўлди, божхона имтиёзларидан фойдаланиш имкониятидан бебаҳра қолди. Божхона органлари фақатгина Рўйхатга киритилган товарлар билан чекланишди. Мамлакат Президенти Фармонини ва Солиқ кодексини (бундан буён матнда Кодекс деб юритилади) кенгайтирилган тарзда шарҳлашга, талқин этишга берилиб кетиб, божхона ходимлари ўз қарорларини ҳужжатнинг номи ва унга доир изоҳларга асослаш билан кифояландилар.

Бу вазиятни мисол тариқасида келтираётганлигим бежиз эмас. Зотан, кўпгина тадбиркорлар технологик ускуна ва унга тааллуқли бутловчи қисмларни четдан келтирадилар. Аммо солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги ноаниқликлар ва қарама-қаршиликлар оқибатида улар Президент қарорида ва Кодексда берилган имтиёзлардан фойдалана олмаётирлар.

Эътиборли томони шундаки, ушбу низо бўйича хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилган ишлар кўп. Судлар қабул қилган қарорлар бир хил эмас: уларда баъзи ҳолларда тадбиркорнинг ҳуқуқлари эътироф этилади, бошқаларида эса божхона органларининг важларига розилик билдирилади.

 

2. Ноаниқликни яққол кўрсатувчи бошқа бир мисолга тўхталамиз.

«Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг (28.12.1993 йилдаги 1006-XII-сон) 22-мод­да­сида айтилишича, «мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган, аммо сертификатланмаган маҳсулотни реализация қилганлик учун тайёрловчига (тадбиркорга) реализация қилинган маҳсулот қиймати миқдорида жарима солинади».

Шуниси ҳам борки, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган товарлар рўйхатига хусусиятлари ва техник кўрсаткичларига кўра сертификатлаштириш ишларини монтаж қилишда ва созлаб ишга туширишда амалга ошириш мумкин бўлган технологик ускуна, машина ва механизмлар ҳам киритилган. Бошқача қилиб айтганда, уларни жойларда йиғиб, ишлашини текшириб кўриш учун газ, электр ва сув таъминоти тизимига уланганидан кейингина сертификатлаштирилиши мумкин. Табиийки, импорт қилган тараф сертификат олиш имкониятига эга бўлмагач, ускунани сотиб олувчига реализация қилади, сотиб олувчи эса уни монтаж қилиб бўлгач, сертификатлаштиради.

Хўш, бундай ҳолларда нима қилиш керак? Қонуннинг нормалари Қонунда кўрсатилишича, фақат тайёрловчига нисбатан ёки тадбиркорга нисбатан татбиқ этилади. Жавобгар бўлмаслик ва жазо чораси сифатида жарима тўламаслик учун маҳсулот етказиб берувчи нима қилмоғи лозим?

 

3. Учинчи мисол қонун ҳужжатлари нормаларида ноаниқлик бўлган тақдирдаги қарама-қаршиликка тааллуқлидир.

Божхона кодексининг 112-моддасига биноан ушбу Кодексга мувофиқ тўланмаган божхона тўловлари божхона органи томонидан сўзсиз тартибда ундирилади, бундан товарларни нотижорат мақсадларида олиб ўтадиган жисмоний шахслардан ундириладиган тўловлар мустасно бўлиб, бундай тўловлар улардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.

Божхона тўловларини тўлашдан бўйин товланган ёки тўловчида пул маблағлари бўлмаган тақдирда, ундирув қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундирувга қаратиш тартибини расамадга солувчи қонун ҳужжатлари сирасига қуйидаги қонун ҳужжатлари киради:

Солиқ кодекси;

Муддатида тўланмаган солиқлар ва бюджетга мажбурий тўловларни қарздор корхона ва ташкилотлар мол-мулки ҳисобидан ундириш тўғрисидаги хўжалик судлари қарорларини ижро этиш тўғрисидаги йўриқнома (12.06.2003 йилда 1250-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 20.10.2012 йилдан эътиборан ўз кучини йўқотган).

Бошқа мажбурий тўловлар деганда Солиқ кодексида белгиланган давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий пул тўловлари, божхона тўловлари, шунингдек ваколатли органлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан тўловчиларга нисбатан юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик учун, шу жумладан муайян ҳуқуқларни ёки лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни берганлик учун тўланиши лозим бўлган йиғимлар, давлат божи тушунилади (Кодекс­нинг 12-моддаси).

Божхона органлари божхона ишини амалга ошираётганда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган божхона тўловларини Солиқ кодексининг 343-моддаси асосида ундиради. Шуниси ҳам борки, божхона тўловларини тўловчилар, бу тўловларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш, қайтариш ва ундириш тартиби, шунингдек божхона тўловлари бўйича имтиёзлар ҳам божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади.

Товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб киришда акциз солиғи ҳамда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, шунингдек мазкур солиқлар бўйича имтиёзлар эса Солиқ кодексида белгиланади.

Қонун ҳужжатлари нормаларининг маз­мун-моҳиятидан шу нарса аёнки, божхона тўловлари мажбурий тўлов бўлиб, ундирувни мол-мулкка қаратиш тартиби Солиқ кодекси нормалари билан расамадга солинади. Негаки, Божхона кодексида бундай вазиятларни тартибга солувчи норма назарда тутилмаган.

Солиқ кодексининг 62-моддасида солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари санаб ўтилган. Солиқ кодексининг 11-бобида (59-65-моддалар) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятларини бажариш тартиби белгиланган бўлиб, бу норма жуда муфассал мужассам топган.

Лекин ҳеч кимга сир эмаски, божхона органлари божхона тўловлари бўйича қарзни узиш талабларини расмийлаштирмай туриб, корхона ҳисобварағига инкассо топшириқномаларини кўндаланг қиладилар, ундирувни мол-мулкка қаратиш хусусида даъво аризалари киритадилар – бунда Солиқ кодексининг 59-65-моддалари қоидалари беэътибор қолдирилади.

Қонун ҳужжатларида қарама-қаршиликлар ёки ноаниқликлар бор-йўқлиги масаласини ҳал этиши лозим бўлган суднинг ўзи ҳам процесс иштирокчиси бўлса ва аниқлик кирита олмаса, бундай ҳолатда нима қилиш керак, ахир?!

 

4. Яна бир мисол. Солиқ кодексининг 3-моддаси солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вақт бўйича амал қилишини тартибга солади. Мазкур модданинг бешинчи қисми матнидан шу нарса англашиладики, янги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланишини, имтиёзлар тўлиқ ёки қисман бекор қилинишини, солиқ солинадиган база оширилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари улар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида уч ой ўтгач, амалга киритилади.

Бироқ мазкур норма ҳуқуқни қўлланиш амалиётида ишламаётир, чунки, назаримда, қонун яратувчи органлар солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг бундай ҳужжатларини тайёрлашда ва қабул қилишда қонун талабларини инобатга олаётирлар, деб бўлмайди.

Қонун нормаларининг бу йўсин фарқла­ниш­и сабаби шундаки, янги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар жорий этиладиган муддат солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг матнларида белгиланади. Бундай муддат белгиланмаган тақдирда ҳужжат эълон қилинган пайтдан эътиборан узоғи билан 10 кун ичида кучга киради.

Жумладан, «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сонли) билан «Божхона тарифи тўғрисида»ги ва «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилди.

Киритилган ўзгартишларга биноан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан хом ашё ва материаллар импорт қилинганда «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган божхона божи тўлашдан озод этишга доир имтиёзлар қисман бекор қилинган ва унинг амал қилиш муддати қисқартирилиб,  чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан 2 йилга қадар муддат деб белгиланган.

25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сонли Қонун­нинг 6-моддасида ушбу Қонун 2013 йилнинг 1 январидан эътиборан кучга киради деб кўрсатилган.

Мазкур ҳолатда тадбиркорлик субъекти­нинг солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжати эълон қилинган пайтдан эътиборан уч ой мобайнида имтиёзлар ва преференция­ларни қўлланишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлари Қонунда уни амалга киритиш муддати белгиланганлиги муносабати билан қонуний кучдан маҳрум этилади.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғри­си­да»ги Қонунда белгилаб қўйилганидек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашр­ларда эълон қилинмоғи лозим. Ҳеч ким расман эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкдан ёки бошқа бирон-бир ҳуқуқдан маҳрум этилиши мумкин эмас. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши уларнинг қўлланишнинг мажбурий ва муқаррар шарти ҳисобланади.

Солиқ кодексининг 3-моддасида қайси пайтдан ҳисобга олиниши ҳам белгилаб қўйилган бўлиб, ҳужжат расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида 3 ой ўтгач, қўлланила бошланади.

Ана шу масала юзасидан ТИАИСВ, Молия, Адлия вазирликлари ва Давлат божхона қўмитаси сингари ваколатли давлат органларига юборилган сўровларга бир хил жавоб олинмади. Бундай ҳолларда ким ҳақ, агар ноаниқлик борлиги учун Солиқ кодексининг 3-моддасини қўлланишга суднинг моддий ҳуқуқи бўлмаса, нима қилиш керак деган масалалар очиқ қолмоқда.

 

Тўғри, ҳар сафар бир хил бўлмаган вазиятларга дуч келганда вазиятни ўз билим ва тажрибамиз ҳамда манфаатлар доирасидан келиб чиқиб баҳолаймиз. Муҳокама иштирокчиларидан бири тўғри таъкидлаб ўтганидек, «ҳар ким кўрпани ўзига қараб тортади». Шу сабабли ҳам низоли вазиятларда тушунчаларни аниқ таърифлаш, нормаларни қўлланиш тартибини аниқ белгилаб олиш жуда муҳимдир.

Солиқ кодексининг 11-моддасини талқин этиш, шарҳлаш зарур эканлиги кўриниб турибди. Бу иш қонун кучига эга бўладиган тарзда амалга оширилмоғи ва уни ҳамма қўлламоғи лозим. Уни қўлланиш тартибини ҳам тушунтириб ўтиш керак. Қонун ҳужжатларида берилган кафолатлардан мулкдорлар, тадбиркорлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фойдаланиши тартибини тушунтиришларни тайёрлашда кўриб чиқилаётган ҳолатларнинг нафи тегиши мумкин деб умид қиламиз. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қонунларга шарҳ берувчи орган сифатидаги ваколатини эътиборга олиб, қонунчиликдаги мавжуд тафовутларни ҳал этишнинг бирдан-бир йўли Солиқ кодексининг 11-моддасига шарҳ беришдир деб ҳисоблаймиз. Бу иш ҳаммасини ўз ўрнига қўйиши ҳамда ҳозирги мавжуд ва келгусида келиб чиқиш эҳтимоли бўлган ноаниқликларни қонунчилик асосида бартараф этишига ишонамиз.

Азизбек ҚУРБОНОВ,

Business Legal Advisers” АФнинг бошқарувчи ҳамкори. 

Прочитано: 2055 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика