Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 29 / Бизнинг маслаҳатлар

Нархни белгилаш тадбиркорнинг ҳуқуқи

Мен газетангизнинг 15 йиллик мухлисиман. Газетангизда чоп этилаётган мақолалар менга ўхшаш республикамизнинг барча тадбиркорлари учун катта мадад бўлаётганини, маслаҳатларингиз иш-фаолиятимизда учраб турадиган қонунбузарликларнинг олдини олишда қўл келаётганини эътироф этаман. Қуйидаги саволларимга республикамиз қонунчилиги доирасида тушунтириш беришингизни илтимос қиламан.
Менинг хусусий корхонамда солиқ ходимлари томонидан ҳужжатли тафтиш ўтказилди. Текширув жараёнида корхонам томонидан 2012 йил давомида шартнома асосида харидорга сотилган маҳсулотлар юкхати ҳисобварақ-фактуралар (шартномадаги) нархлари билан бозор маълумотномасида кўрсатилган нархлар ўртасида тафовут аниқланди, яъни шартномадаги нархлар жами суммаси бозор нархидаги жами суммадан 13 625 229 сўмга камроқ бўлиб чиқди. Корхонам 2011-2012 йиллар давомида (икки йилликни қўшиб ҳисоблаганда) ўша ташкилотга жами ҳисобварақ-фактура орқали берилган маҳсулотларнинг шартномадаги нархлари суммаси бозор маъмурияти томонидан берилган маълумотномадаги нархларга суммасига нисбатан 14 601 789 сўмга баландроқ эканлиги текширувчилар томонидан аниқланди.
Бинобарин, ушбу ташкилотнинг жами шартномаларидаги нархлар билан бозор нархлари суммалари ўртасидаги тафовут 886 559 сўмга баландроқ эканлиги ҳам текширувчининг далолатномасида қайд қилинган. Шулардан келиб чиққан ҳолда:
1. Текширувчиларнинг корхонамдан (ҳеч қандай суднинг ёки бошқа органларнинг қарорисиз, айтилган ташкилотга икки йил давомида реализация қилинган маҳсулотларнинг нархлари ўртасидаги тафовутни ҳисобга олмасдан, фақат 2012 йил учун асосланиб) бозор билан шартномадаги нарх ўртасидаги тафовутни ундириб олишлари қонунийми? Ёки ушбу тафовут суммасини сотиб олувчига келтирилган зарар деб эътироф этиш тўғрими? Умуман, юридик шахслар ўртасидаги муносабатларда (хусусан, олди-сотди шартномасига биноан) зарарнинг вужудга келиши тўғрисида кенгроқ тушунча берсангиз.
Текширувчиларнинг сотувчи билан харидор ўртасида қонуний тузилган олди-сотди шартномасида кўрсатилган нархларни эътиборга олмасдан, бозор нархлари асосида маҳсулотни реализация қилишингиз керак эди, деган талаби қонунийми? Агар қонуний бўлса, бунда қайси қонун ҳужжатларига таянилади?
2. Ваколатли бошқарув органи деганда қандай ваколатларга эга бўлган орган тушунилади?
Д.Шарипова,
корхона директори.

 

– 1. Саволингиздан кўриниб турибдики, сиз сотаётган маҳсулотнинг нархи давлат томонидан тартибга солинмайди. Шундай экан, юридик шахслар шартномада сотиб олинаётган маҳсулот нархини ўзлари эркин белгилаши керак ва бу борада қонунчилигимизда чекловлар назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 101-моддасида давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари томонидан солиқ текшируви натижалари бўйича солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликнинг (у мавжуд бўлганда) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тегишли нормасига ҳавола этилган ҳолдаги муфассал тавсифи кўрсатилган ҳолда солиқ текшируви далолатномаси тузилиши керак дейилган.
Ушбу ҳолда текширувчилар шартнома нархини қайси қонун ҳужжати асосида бозор нархи билан солиштирганликларини асослаб беришлари керак бўлади, чунончи бундай норма Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.
Қолаверса, шартнома асосида маҳсулотни бозор нархидан арзон сотиш зарар деб қаралмайди, чунки Жиноят кодексининг 41-моддасида ижтимоий фойдали мақсадга эришиш учун касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик қилиб, ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларга зарар етказиш жиноят деб топилмайди дейилган. Шунингдек ушбу моддада яна касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик қилишда кўзланган ижтимоий фойдали натижага эришилмаган ва келтирилган зарар ижтимоий фойдали мақсадга эришиш натижасида олиниши мумкин бўлган фойдали натижадан кўпроқ бўлган тақдирда ҳам етказилган зарар жавобгарликка сабаб бўлмайди деб белгилаб қўйилган.
Саволингиздан келиб чиқиладиган бўлса, корхонангизнинг 2 йиллик фаолияти даврида сотган маҳсулотларини бозор нархи билан солиштирадиган бўлсак (бундай усул қонунчиликда назарда тутилмаган бўлса-да) сотиб олувчи корхона томонга 886 559 сўм фойда келганлигини кўришимиз мумкин ва бу текширувчилар далолатномасида ёзилган ҳам экан.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, сотувчи билан харидор ўртасида тузилган олди-сотди шартномасида кўрсатилган нархларни текширувчилар бозор нархлари билан солиштириши ўринсиз. Чунки ҳар қандай тадбиркорлик субъекти Ўзбекистон Республикасининг 25.05.2000 йилдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги 69-II-сон Қонунининг 8-моддасига асосан ўз товарлари, ишлари ва хизматларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга ҳақли. 34-моддасида давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган.
2. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш ва назорат қилиш бўйича ваколатли органлар этиб қуйидагилар белгиланган:
1) давлат солиқ хизмати органлари – Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, шунингдек туманлар, шаҳарлар ва шаҳардаги туманлар давлат солиқ инспекциялари;
2) божхона органлари – Давлат божхона қўмитаси, Қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, божхона комплекс­лари ва божхона постлари;
3) молия органлари – Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туман ва шаҳар ҳокимликларининг молия бўлимлари;
4) бошқа мажбурий тўловларни ундириш вазифасини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлари.

Жавобни экспертимиз
Умидбек САФАРОВ тайёрлади.

Прочитано: 2531 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика