Мен ўз хоҳишим билан ишдан бўшашга ариза ёздим. Ишлаб бериш тугашига яқин касал бўлиб қолдим. Агар мен касаллик варақаси олсам, огоҳлантириш муддатимни узайтиришадими ёки икки ҳафталик муддат тугаши билан ишдан бўшатадиларми?
С.Мелибоева.
Жиззах вилояти.
– Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт (Меҳнат кодекси (МК)нинг 99-моддаси). Меҳнат шартномасини ўз хоҳишига кўра ходимнинг аризасига мувофиқ унинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ҳам бекор қилиш мумкин, чунки ишдан бўшатиш ташаббуси иш берувчидан эмас, балки ходимнинг ўзидан келиб чиққан (МК 100-моддасининг бешинчи қисми).
Жавобларни эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ тайёрлади.