Ишга киришимда мен билан меҳнат шартномаси тузишди, бироқ иш берувчи шартномага муҳр қўймади. Кадрлар бўлимининг бошлиғи буни меҳнат шартномасига корхона муҳри қўйилмайди, энг асосийси – имзолар деб изоҳлади. Шундайми?
Ф.Маҳмудова.
Наманган вилояти.
– Биринчидан, сизни тинчлантирмоқчиман – меҳнат шартномасида муҳрнинг йўқлиги уни ҳақиқий эмас деб ҳисоблашга олиб келмайди. Муҳр фақат имзонинг ҳақиқий ва ваколатли эканлигини тасдиқлайди холос. Энг муҳими, шартноманинг иш берувчи томонидан ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахси имзолаганидир.
Иккинчидан, ходимга ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ишлашга амалда ижозат берилиши, ишга қабул қилиш лозим даражада расмийлаштирилган ёхуд расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.
Учинчидан, меҳнат шартномасини лозим даражада расмийлаштириш мажбурияти иш берувчининг зиммасига юклатилади.
Энди муҳр масаласига келсак. Меҳнат кодексининг 74-моддасида кўрсатилишича, меҳнат шартномаси ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланиб, имзоланган муддати қайд этиб қўйилади. Мансабдор шахснинг имзоси имзонинг ҳақиқий ва ваколатли эканлигини таъкидлаш тариқасида корхона муҳри билан тасдиқланади.
Бундан ташқари, Ёзма ҳолдаги меҳнат шартномаси (контракт) тузиш юзасидан тавсияларда1 кўрсатилишича, меҳнат шартномаси (контракт) сана кўрсатилган ҳолда имзолар билан тасдиқланади. Корхона, муассаса, ташкилот ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган мансабдор шахснинг имзосини гербли муҳр билан тасдиқлайди (гербли муҳр бўлмаган тақдирда имзонинг ҳақиқийлиги ва ваколатлилигини тасдиқловчи бошқа муҳр билан тасдиқланади).
Шу тариқа, меҳнат шартномасида корхонанинг муҳри қўйилиши керак.
1Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 1-илова.
Ленара ХИКМАТОВА, юрист.