Буйруқда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини қандай қилиб тўғри кўрсатишни айтиб берсангиз. Масалан, у аризасида ўз хоҳиши билан 31 майдан ишдан бўшашни ёзса, буйруқда оддийгина қилиб «Меҳнат шартномаси 31 майдан бекор қилинсин» деб ёзиш керакми ёки «31 майдан меҳнат шартномаси бекор қилинсин» деб ёзиш лозимми? «___ дан» қўшимчаси лозимми?
Б.С., кадрлар бўлими бошлиғи.
Навоий шаҳри.
– Одатда ходимлар меҳнат шартномасини ўз хоҳишларига кўра бекор қилиш тўғрисидаги аризаларида «Мени «_______» (сана)дан бошлаб эгаллаб турган лавозимдан бўшатишингизни/озод қилишингизни сўрайман» деб ёзадилар. Бунда ҳақиқатан ҳам меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси ва охирги иш кунини аниқлашда қийинчилик туғилади. Гап шундаки, ходим 31 майда «озод» бўладими, яъни у билан меҳнат шартномаси бекор қилиниб бўладими ёки ушбу кун унинг корхонадаги охирги иш кунига айланадими?
Турли кишилар буни турлича тушунадилар. Шу сабабли сананинг қўшимчасини ўзгартириш тўғрироқ бўлади. Масалан, «Мен билан меҳнат шартномасини ўз хоҳишимга кўра 2013 йил 31 майда бекор қилишингизни сўрайман». Ушбу ҳолда ходимнинг корхона/ташкилотдаги охирги иш куни 31 май бўлади.
Шунингдек ариза ва буйруқда «ишдан бўшатиш» атамасини қўллаш керак эмас. Албатта, сўзлашув нутқида «ишдан бўшатиш», «ишдан бўшаш» деб сўзлашилади, бироқ Меҳнат кодексида фақат «меҳнат шартномасини бекор қилиш» қўлланади. Шу боис аризада ҳам, буйруқда ҳам, меҳнат дафтарчасида ҳам бошқа атамалардан эмас, балки айнан ушбу атамадан фойдаланиш керак.
Бу ҳам юридик жиҳатдан тўғри бўлади, ҳам моҳиятига кўра меҳнат муносабатлари якунланганлигини тўғри акс эттиради.
Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.