Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 28 / Тадбиркорлик

Томди томонларда

Томди Навоий вилоятининг аҳолиси энг кам тумани. Бугунги кунда бу ерда 16 мингга яқин киши ҳаёт кечирмоқда (ўтган асрнинг 90-йилларида томдиликлар ҳозиргидан икки баравар кўп эди). Аҳоли кўпаймаётганлигида Қизилқум бағридаги бу гўшанинг мураккаб ва оғир иқлим шароитининг ҳам таъсири бор. Туманнинг саноат шаҳри ҳисобланмиш Зарафшон ва Учқудуқнинг ёнгинасида жойлашганлиги ҳам одамлардаги миграция кайфиятига ўз таъсирини ўтказмоқда. Қолаверса туман маркази – Янги Томдидан ана шу кончилар шаҳарларига асфальтланган кафтдек текис йўлдан 60 километрча юрилса етилади. Табиийки, шаҳардаги ҳаёт тарзи қишлоқдагидан ҳамиша жозибалироқдир. Томдининг навқирон авлодига мансуб ўсмир ва қизлар мактаб таълимини тугаллагач, Зарафшон ва Учқудуқдаги коллежларда ўқишни давом эттирадилар. Уларнинг деярли ҳаммаси келгуси тақдирини маҳаллий кон бошқармаларига қарашли корхоналар билан боғлайдилар.

 

Аҳоли ўртасида туғилиб ўсган жойини тарк этиш ҳоллари кўп эканлигига қарамай, саҳрода ҳаёт ўз маромида давом этмоқда. Чорвачилик туман иқтисодиётининг асосий тармоғи саналади. 90-йилларнинг ўрталаридаги мураккаб даврни ва бозор ислоҳотлари бошланганлиги билан боғлиқ жараёнга мослашув палласини бошидан кечирган тармоқда танг вазиятдан кейин бир мунча барқарорлик кўзга ташлана борди. У таянч соҳа мақомини баланд тутиб келаётган бўлса-да, тадбиркорлик йўналишидаги ташаббусларни рағбатлантириш ва имтиёзлар бериш кичик бизнесни маҳаллий аҳоли учун ҳам жозибали қилиб қўйди. Бўрдоқичилик, чорва маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича хусусий корхоналар пайдо бўлди.

Уч йил муқаддам «Томди-кэмал сервис Қизилқум» МЧЖ ташкил топди. У фақат маҳаллий хом ашёга асосланган маҳсулот – туя ва қўй жунидан калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Маҳаллий тадбиркор Нордўлат Зарипов бизнес ишини туман марказининг чеккароғидаги бўш ётган биноларни танлов йўсинидаги кимошди савдосида ноль қиймати асосида инвестиция мажбурияти остида сотиб олишдан бошлади. Объектлар капитал таъмирлашдан чиқарилгач, ишлаб чиқаришга мослаштириб калава ускуналари ўрнатилди. Ишга қабул қилинган хотин-қизларни даставвал Зарафшонга, ўқишга юборишди. Улар калаваловчи-йигирувчи мутахассислигини ўзлаштириб қайтишди. «Томди» қоракўлчилик хўжалиги билан маҳсулот етказиб бериш юзасидан тузилган шартномалар хом ашё таъминоти масаласини ҳал этди.

Корхона иш бошлаган йилнинг биринчи ярмида 2,4 тонна калава ишлаб чиқарилди. Ўтган йили 6 тонна маҳсулот тайёрлашга муваффақ бўлинди, қайта ишлаш ҳажми тинимсиз ўса борди. Бу йил жунни қайта ишлаш билан шуғулланувчилар тайёрланаётган маҳсулот миқдорини 7,5-8 тоннага етказишни мўлжаллашмоқда.

Бу бизнес рентабелли, истиқболи баланд экан. Хом ашёнинг 1 тоннаси корхонага 600 минг сўмга тушади, шунча миқдордаги калава эса 3 млн сўмга реализация қилинади.

Корхонадагилар эришилган марра билан чекланиб қолишни ўйламаяптилар. Улар янада кўпроқ қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқдалар. Нордўлат Зарипов яқин бир ярим йил ичида трикотаж маҳсулотларини тайёрлаб экспортга чиқариш ниятида. Натижада ўз элатлари учун у янги иш ўринлари барпо этади.

Туман марказида яшайдиган Марям Каримованинг бизнес соҳаси бошқа йўналишда. У ўзининг 10 млн сўм миқдоридаги маблағини ва «Агробанк»нинг маҳаллий бўлимидан кредит тариқасида олган 50 млн сўмни ишга солиб, қандолатчилик цехи очди. Эндиликда «Гуласал-Шоҳрух» хусусий корхонаси маҳаллий чакана савдо тармоғини ўз маҳсулотлари билан таъминламоқда, Зарафшон истеъмол бозорига ҳам қандолат маҳсулотлари етказиб бермоқда.

Томдилик Б.Кузембоевнинг бизнеси ҳам кончилар шаҳри билан боғлиқ. Унинг «Оқтов-пром сервис» хусусий корхонаси оҳак ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона ўтган уч йил ичида иш ҳажмини жадал тарзда ривожлантира бориб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йилига 10 минг тоннага етказди. Эътиборли жиҳати томдиликлар Зарафшон бозорида мустаҳкам ўрин олдилар, улар тайёрлаётган оҳакка маҳаллий қурилиш ташкилотларида талаб-эҳтиёж катта.

Амир МАҲМУДОВ,

«СБХ» мухбири.

Навоий шаҳри.

Прочитано: 2566 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика