Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 28 / Муаммо – муҳокамада

Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси ишлаяптими?

Газетамизнинг 2.07.2013 йилдаги 26 (986)-сонида ана шу сарлавҳа остида эълон қилинган мақола, одатдагидек, gazeta.norma.uz сайтида кенг муҳокама учун очиқдир. Муҳокамани якунлашга ошиқмаган ҳолда бугун «СБХ» газетаси муштарийлари учун шарҳларнинг қисқача баёнини эълон қилиш билан муҳокамани давом эттиришга чорлаймиз.

 

НИМАНИ МУҲОКАМА

ЭТМОҚДАЛАР

Қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган, тадбиркорлар учун ниҳоятда муҳим қуйидаги принципларни, хусусан:

солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципини (Солиқ кодексининг 11-моддаси);

тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг1 11-моддаси) принципини амалиётда қўллашни қандай чоралар билан жонлантириш мумкин.

Тадбиркор ўз ҳуқуқларини самарали тарзда ҳимоя этиш учун муҳим воситани – механизмни ўз қўлига олди. Восита, агар у билимдонлик билан қўлланилса, нуқтаи назар қатъият билан, очиқ-ошкора ҳимоя этилса, солиқ идоралари билан муносабатда тадбиркорга сезиларли даражада ёрдам бериши мумкин. Аммо солиқ тузилмаларига мансуб мутахассислар муҳокама асносида тадбиркор бу принципга у ҳақдаги юзаки, нотўғри тасаввурлар асосида иш кўрганлиги билан боғлиқ ҳоллар ҳақида мисоллар келтиришди. Бундай тадбиркорни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан
муайян даражада тайёрлаш керак, унга профессионал даражада юридик ёрдам зарур, шунингдек тадбиркорда мазкур билимлар юзасидан талаб-эҳтиёж ва кўникмани шакллантиришга, ундан заруратга қараб фойдаланишига кўмаклашиш лозим.

 

НИМАНИ МУҲИМ ДЕБ ҲИСОБЛАМОҚДАЛАР

Тадбиркорнинг ҳақлиги презумпцияси тегишли ўринларда, шу жумладан солиқ борасидаги муносабатларда ишончли тарзда, барқарор равишда ва бир хил қўлланилишини таъминлаш учун ҳал этилишини муҳокама иштирокчилари муҳим деб ҳисоблаётган масалаларни баёнда қулайлик бўлсин учун иккита йирик тоифага ажратиш мумкин.

1. Биринчи тоифа – қонун ҳужжатларидаги таърифларга тааллуқли масалалар.

Қонуннинг ноаниқликлар ҳамда қарама-қаршиликларни талқин этиш тўғрисидаги нормалари фаол тарзда қўлланилишига айни унинг ўз қоидалари матнидаги мавжуд ноаниқликлар тўсқинлик қилмаётирми?

Муҳокама иштирокчиларининг баъзилари фикрича, чиндан ҳам бу нарса тўсқинлик, монелик қилмоқда.

Солиқ кодексининг (бундан буён матнда Кодекс деб юритилади) 11-моддасида солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси қонун ҳужжатларида юзага келиб қолган қандай ҳолатдаги қарама-қаршилик ёки ноаниқликка нисбатан қўллаш мумкин бўлган шароит айтиб ўтилган. Бу – қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларнинг бартараф этиб бўлмаслигидир. Аммо бу шартни қай таҳлит тушунмоқ керак? Зотан ҳужжат матнидаги ҳар қандай қарама-қаршилик ва ноаниқлик мазкур ҳужжатни қабул қилган орган томонидан бартараф этилиши мумкинлиги, уни ўзгартиришга ҳам айни шу орган ўзи ваколатли эканлиги сир эмас-ку?!

«Шуниси ҳам борки, – деб таъкидлайди сайтдаги шарҳ муалли-
фи, – қонун ҳужжатларидаги қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни бартараф этиш, одатда, кўп вақтни оладиган иш»
. Тадбиркорлар уларнинг низоларини кўриб чиқиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишида тегишли давлат органлари ташаббускор бўлиб чиқишини кутиб ўтирмасликлари керак.

Шарҳ муаллифи бунинг ечимини Кодекснинг ҳозир муҳокама эти-лаётган қоидалари таърифини қайта кўриб чиқишда деб билади. Мазкур таърифни шу тарзда ўзгартириш керакки, деб ҳисоблайди у, бунда солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпциясини қўллашнинг асосларидан бири ҳужжатларнинг матнидаги эмас, балки уларни ижро этувчи тузилмалар томонидан қўллаш амалиётидаги ноаниқликлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этиб бўлмаслигида мужассам топсин. Бошқача қилиб айтганда, мабодо бир идора ёки идора ичидаги бўлинмалар қонуннинг қоидасини бу йўсинда, бошқаси эса у йўсинда талқин этадиган ва қўллайдиган бўлса, ноаниқликлар ва қарама-қаршиликлар мавжудлиги масаласини қўйиш учун асослар етарли ҳисобланади. Ана шунда давлат органлари билан солиқ тўловчи ўртасидаги низо Кодекснинг
11-моддасига мутаносиб тарзда дарҳол ҳал этилмоғи лозим. Баҳс-мунозарада номлари зикр этиб ўтилган ҳужжатларнинг кўп вақт оладиган таҳлили бу ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш зарурми ёки ҳуқуқни қўллаш амалиётига ўзгартишлар киритишнинг ўзи етарли бўладими қабилидаги муаммолар ечимини кейинроқ, тадбиркорларнинг иштирокисиз ҳам амалга оширса бўлади. Тадбиркорнинг ҳақлиги презумпциясини қўллаш билан боғлиқ экспертлик ишини, шарҳ муаллифи Адлия вазирлиги зиммасига юклашни таклиф этади.

Муҳокама иштирокчиларининг бошқа бир гуруҳи моҳиятан ҳозиргина баён этиб ўтилган нуқтаи назарларга қарши эмас, лекин Кодекс, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ва ана шу принципни мустаҳкамловчи бошқа қонунлар матнларига ўзгартишлар киритишдек узоқ давом этадиган ва мураккаб жараён ташаббусчиси бўлиб чиқиш зарур деган фикрга улар қўшилмайдилар. Муҳокама этилаётган нормалар том маънода ишлашига, уларнинг фикрича, осонроқ ва тезроқ йўл билан эришиш мумкин. Бунинг учун ҳозирнинг ўзидаёқ диққат-эътиборни таърифларнинг матнига эмас, балки муҳокама этилаётган нормаларнинг қўлланиш амалиётини муфассал тарзда ишлаб чиқишга қаратмоқ керак. Ҳужжатлардаги таърифлар эса, уларга нисбатан баъзи фикрлар бўлишига қарамай, етарлича ишлашга қобил, қолаверса, улар бошқа мамлакатларда вақт синовидан ўтган.

Ана шу нуқтаи назарни бевосита ёки билвосита мустаҳкамловчи бир нечта далилларни келтирамиз:

«Жамият ва айрим индивидлар ижтимоий ғоялар орасида фақат биттасига – бир хилда тушуниладиган ва бир-бирига зид бўлмаган қонунларга ҳамиша интилиб келган. Бироқ бу орзунинг ушалишига, тарихнинг кўрсатишича, ҳали кўп вақт бор. Амалда ҳар қандай қонун талқин этиш, шарҳлашни, бинобарин унинг мазмун ва маъносини ижтимоий муносабатларнинг қатнашчилари эътиборига етказишни талаб этади. Шу сабабли ҳам амалиётда қонунларга доир «шарҳлар» шунчалар кўпки... Мутлақ «низосиз» қонун яратиш қонун ижодкорларининг ушалмас орзусидир, тарафлар ўртасидаги низода қонуннинг маъносини юридик жиҳатдан аниқ, малакали ва адолатли таърифлаб бериш эса бутун судлов фаолиятининг моҳиятини ташкил этади». _Alis Rus. Ph.D деган меҳмон.

Муҳокама иштирокчиларининг аксарияти шунга ўхшаш таърифлар бошқа мамлакатларда муваффақиятли йўсинда қўлланиб келинаётгани хусусида ёзишибди. Адвокат Ахтам Ҳикматов эса Интернетда ўқиганларидан бир мисол келтирибди. Россия арбитраж суди Россия Федерацияси Солиқ кодексининг солиқлар ва йиғимлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча шубҳалар, қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади деган қоидасини масъулияти чекланган жамиятнинг солиқ полицияси органига қарши низосини ҳал этишда дастак қилиб, тадбиркорлик тузилмаси фойдасига ҳал қилув қарори чиқарган. Тўғри, бу қарор бирданига (биринчи инстанцияда) қабул қилинмаган, лекин барибир оқибат-натижада шундай қарор чиқарилган.

Мазкур музокара жараёнини газетхонларга тўлароқ етказиб беришга ҳаракат қилиб, бир муҳим жиҳатга эътиборни қаратамиз. Россия Солиқ кодексида ишлатилган таърифда, масалан, «шубҳа» деган атама бор. Бу нарса ҳам солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади. «Шубҳа» деганлари, агар ижро этувчи органлар қонуннинг қоидасини турлича талқин этиб, процесс бошқа иштирокчиларининг важ-далилларига қарши ўз нуқтаи назарларини юридик жиҳатдан кўламдор тарзда асослаб бера олмаган, етарлича важ-далиллар келтира олмаган ҳолларда юзага келади. Мамлакатимиз қонун ҳужжатларида «шубҳа» деган атама йўқ, зотан солиқ тўловчининг ҳақлиги устуворлигини қўлланиш учун фақатгина солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлари ва ноаниқликлари асос сифатида тилга олинган.

Бу ҳолат мамлакатимиз ва чет эл ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасида тафовут келтириб чиқариш-чиқармаслигини вақт кўрсатади. Турли идоралардаги ва бир идора ичидаги ёндашувларда тафовутлар борлиги солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципини қўллаш учун мамлакатимиз ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам чет эллардагидек асос деб эътироф этилиш-этилмаслик масаласига ҳуқуқни қўллаш амалиётига дахлдор иккинчи тоифадаги масалалар тўлалигича туташиб кетишини кўрсатмоқда.

2. Низоларни, агар улар солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпциясини қўллаш билан боғлиқ бўлса, ҳал этиш тартибига қандайдир ўзгартишлар киритиш керакми?

Бу борада фикрлар анчагина тарқоқ кўринади. Қуйида улардан айримларини келтирамиз.

 Тадбиркорлик субъектларининг судга ёки аввалига судловга қадар кўриб чиқиш тартибида, солиқ органларига мурожаат қилишни танлаш ҳуқуқи сақланиб қолсин.

Кодекснинг 11-моддаси қоидалари асос бўладиган низолар бўйича солиқ органларига судловга қадар мурожаат қилиш солиқ тўловчи учун мажбурий қилиб қўйилсин. Бу фикр муайян даражада баҳс-мунозарали кўринади.

Мунозара иштирокчиларидан бири Шароф Рўзметов солиқчилар амалиё­тидан мисоллар келтирган. Юқори турувчи солиқ органи қуйи турувчи органлар билан солиқ тўловчилар ўртасидаги низоларни кўриб чиқишда солиқ тўловчилар тарафини олганлиги бу мисолларда аён бўлади. Бу йўсин иш тутишнинг солиқ тўловчи учун афзаллиги аниқ: қарор юқори малакали мутахассислар томонидан қабул қилинганлигида. Қуйи турувчи солиқ органи қарор юзасидан низолашиб ҳам ўтирмаган. Солиқ тўловчининг асаби асралган, вақти беҳуда кетмаган.

Солиқ тўловчига судловга қадар мурожаат қилиш ҳуқуқини беришнинг аҳамиятини эътироф этган ҳолда муҳокама иштирокчилари бундай мурожаат қилиш мажбурийлик тусини олишини маъқул деб билмайдилар. Бунда устунлик қилаётган нуқтаи назар шуки, низони судловга қадар кўриб чиқиш имкониятидан фойдаланиш ёки тўғри судга мурожаат қилиш масаласини солиқ тўловчининг ўзи ҳал этсин.

 Бундай низоларни суд тартибида кўриб чиқишни кучайтириш тарафдорлари кўп. Шу хусусда бир туркум чора-тадбирлар ҳам илгари сурилмоқда.

Агар гап, масалан, солиқ билан боғлиқ муносабатлар ҳақида бораётган бўлса, Кодекснинг 11-моддасини қайси суд ва қанақа ишларни кўриб чиқишда қўллашга ҳақли эканлиги янада аниқроқ белгилаб қўйилмоғи лозим.

Суд ёки низони судловга қадар, суддан ташқари тартибда кўриб чиқаётган орган томонидан қабул қилинадиган қарорга Кодекс 11-моддасини қўллаш учун асос мавжудлиги тўғрисида қайси органнинг хулосаси таянч қилиб олиниши белгилаб қўйилмоғи лозим. Мунозара иштирокчилари буни муҳим мезонлардан бири деб ҳисобламоқдалар ва тамомила мустақил экспертиза институти ташкил этишдан тортиб, то солиқ идорасининг ўзида эксперт органи ташкил этишгача бўлган турли вариантларни илгари сурмоқдалар. Тадбиркорнинг ҳуқуқлари устуворлигини қўллаш билан боғлиқ барча экспертизалар адлия органлари томонидан таъмин этилиши хусусидаги эслатма ва фикр-мулоҳазалар ҳам эътиборга лойиқдир. Зарурати бўлганда, бунда адлия органи рўйхатдан ўтказилган норматив ҳужжатни такрорий ҳуқуқий экспертизадан ўтказиши ҳам назарда тутилмоқда.

Шунингдек солиққа доир ишлар юзасидан хўжалик судларининг судьялари ихтисослашуви ҳақида, уларнинг жумладан муҳокама этилаётган тоифадаги ишларни кўриб чиқиш борасидаги катта тайёргарлиги ҳақида, мазкур тоифадаги ва бошқа хил ишлар судлар томонидан кўриб чиқилаётганда тушунтиришларни янада муфассалроқ ишлаб чиқиш ва тайёрлаш ҳақида гап бормоқда.

 

МУҲОКАМА ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА НИМАЛАРНИ ТАВСИЯ ЭТМОҚДАЛАР

Муайян тизимга солиниб, туркумланган ғоялар ва қарорларни ўзида мужассам этган якуний материаллар билан улардан энг муваффақиятлиларини амалга ошириш учун йўл очиб беришга ваколатли ҳокимият органларига чиқилсин.

Айни қайси органларга чиқиш жоиз кўрилмоқда? Муҳокама иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари бунда ҳам турлича. Муҳокамани бошлаб берган мақола муаллифи Азизбек ҚУРБОНОВ жумладан шундай деб ёзади: «Ушбу мақолада жавобларга нисбатан саволлар кўпроқ эканлигига ажабланмаслик лозим. Назаримизда, жамоатчилик муҳокамаси мобайнида мазкур масала юзасидан амалиётчи юристлар, тадбиркорлик субъектлари, назорат қилувчи органлар ва олимларнинг фикр-мулоҳазаларини шакллантириш лозим. Шундан кейингина Конституциявий судга мурожаат этса бўлади». Бу ўринда Кодекс 11-моддасини унинг таърифларидаги ноаниқликни эътиборга олган ҳолда шарҳлаш назарда тутилмоқда.

Иштирокчиларнинг ҳаммаси ҳам унинг бу фикрини бирдек қўллаб-қувватламоқда деб бўлмайди. Муҳокама материаллари билан Парламент тегишли комиссияларига мурожаат этиш, айрим таклифлар юзасидан эса Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг марказига мурожаат этиш хусусидаги таклифларни ёқловчилар ҳам, қаршилар ҳам бор. Афтидан, материаллар узил-кесил шакл ва сайқал топгач, уларни қаерда ва қай йўсинда самарали тарзда амалга ошириш мумкин эканлиги аён бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам материалларнинг тақдирини муҳокама иштирокчилари сайт орқали кузатиб борадилар.

 

НИМАЛАРГА УМИД ҚИЛСА БЎЛАДИ

Мазкур муҳокама материаллари давлат тузилмаларида қандай акс-садо беришидан қатъи назар, кўзга яққол ташланаётган бир натижа борки, мунозара айрим иштирокчиларининг фикрича, бу ҳол муҳокама учун сарфланган саъй-ҳаракат ва вақтни тўла оқлайди.

Тадбиркорлар учун ҳам, уларнинг номидан иш кўрадиган, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этадиган мутахассислар учун ҳам ниҳоятда керакли бўлган тадбиркорларнинг ҳуқуқлари устуворлиги принципини кўпгина ижтимоий шарт-шароитлар билан ўзаро боғлиқлик ва алоқада бўлмай туриб кучайтириш қийин. Муҳокама иштирокчилари ёзишича, жумладан, тадбиркорларнинг бу принцип ҳақидаги тасаввури кўп ҳолларда ўзгартиришга муҳтождир.

Муҳокама этилаётган вазифаларни ҳал этишга қаратилган бошқа барча чора-тадбирлар, агар тадбиркорнинг ўзи етарли таянч-тайёргарлик даражасига эга бўлмаса, кўнгилдагидек наф бермайди.

Муҳокама иштирокчилари тилга олган бошқа жиҳат ҳам бор. Тадбиркорлик муҳитида давлат тузилмаларининг ходимлари ҳамиша ҳам идоравий ҳужжатлар тушунарли ва содда бўлишини таъминлашдан, қонун ҳужжатларидаги қарама-қаршиликларни, коллизияларни, бўшлиқларни бартараф этишдан манфаатдор эмас деган нотўғри тушунча шаклланган. Улар норматив йўл-йўриқ қанча мураккаб бўлса, тушунмаганлик оқибатида тадбиркорларнинг уларни бузиш ҳоллари шунча кўп бўлади, молиявий жазо чораларини қўллаш ҳам шунга қараб кўпаяди – оқибатда органнинг бюджетни тўлдириш борасидаги кўрсаткичи шунча яхши бўлади деб ўйлайдилар. Кодекснинг 11-моддаси давлат органи ходими билан бизнес соҳаси одамлари ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир этаётган бундай ёндашувга йўл бермайди. Зотан мазкур модда ҳужжатда аниқланган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар уни (ҳужжатни) қабул қилган орган томонидан бартараф этилмагунга қадар фақатгина солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилишини талаб қилади. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида айни шундай ёндашувни таъминлаш ҳам ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик вазифадир. Бундай ёндашувга ижтимоий тасаввурларни очиқ-ошкора тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида муҳокама этиш ва шакллантириш орқали эришилади.

Тадбиркорлар бизнесни ривожлантиришда қонун ҳужжатлари билан ўзларига берилган имкониятлардан имкон қадар кенгроқ ва тўлароқ фойдаланишидан манфаатдор мутахассислар айни шу сабабли бундай муҳокамаларда иштирок этишни ўзини оқлайдиган усул деб биладилар.

Шахсий маънода иштирок этиш учун ҳам сабаблар бор. Рейтингни ошириш, бор имкониятни ишга солиб, ўзини кўрсата билиш, профессионал ҳамжамиятда ўз жойини топиш, Интернетни эътиборга олмаганда, йиллаб кўришмайдиган ҳамкасабалар билан мулоқотда бўлиш шулар жумласидандир.

 

Газетанинг биттагина мақоласида сайтда ҳар куни ёмғирдек ёғилаётган ва айни шарҳларда яхшироқ идрок этилаётган мўл-кўл ғоя ва профессионал ахборотларнинг озгина қисмини бериш мумкин, холос. Агар бу муаммо сизни қизиқтириб қўйган бўлса, gazeta.norma.uz сайтига марҳамат қилинг. «СБХ»нинг 26-сонидаги бу мақолани сарлавҳаси бўйича топишингиз осон. Ҳамма эмин-эркин фойдаланиши учун мужассам этилган шарҳларни ўқиб чиқинг. Мавзу бўйича ўз билим ва тажрибангизга ишонсангиз, амалий таклифларингиз бўлса – муҳокама иштирокчилари даврасига келиб қўшилинг.

 

 

125.05.2000 йилдаги 69-II-сон Қонуннинг 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонуни асосидаги таҳрири.

 

Прочитано: 2158 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика