БИРЖАДА ЭЛЕКТРОН ХАРИДЛАР ҚАНДАЙ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва корпоратив харидлар жараёнини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (11.06.2013 йилдаги 166-сон) билан иккита Низом: Давлат улуши устувор бўлган табиий монополиялар субъектлари, корхоналар ва ташкилотларнинг электрон харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси ишчи органи тўғрисидаги низом ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳукумат комиссияси ишчи органи тўғрисидаги низомга мувофиқ қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:
корпоратив харидларни амалга оширишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳажмда махсус ахборот порталида маълумотларни жойлаштириш жараёнини назорат қилиш;
электрон харидлар бўйича Ҳукумат комиссиясининг ваколатига қонун ҳужжатлари билан киритилган масалалар бўйича материаллар ва Ҳукумат комиссияси қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш;
товарлар (ишлар, хизматлар)нинг корпоратив харидлари жараёнида иштирок этадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Ҳукумат комиссияси қарорларининг бажарилишини назорат қилиш;
корпоратив харидлар соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда иштирок этиш.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом биржада бошланғич нархни пасайтириш юзасидан электрон харидларни аукцион савдолар шаклида ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди. Илгари амал қилган Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида бошланғич нархни пасайтириш юзасидан электрон аукцион савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 6.09.2012 йилдаги 260-сон қарори билан тасдиқланган) ўз кучини йўқотди.
Янги Низомга мувофиқ Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланадиган рўйхатга биноан битта контракт бўйича 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача тенг бўлган суммада товарлар (ишлар, хизмат)-ларнинг нафақат давлат харидлари, балки корпоратив харидлари ҳам амалга оширилади.
Ҳужжатда устав фондидаги давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган, бюджет ташкилотлари, табиий монополиялар субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятлари ҳисобланмайдиган ташкилотлар ушбу Низомга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш ҳуқуқига эгалиги ҳам қайд этилган. Савдоларга тайёргарлик кўриш босқичлари аввалгидек қолди.
Аввалги Низом билан солиштирганда бюджетдан маблағ олувчилар ҳисобланмайдиган буюртмачиларни аккредитация қилиш учун ҳужжатларни тақдим этишда (жисмоний шахслар учун) шахсий имзонинг нотариал тасдиқланган нусхасини, микрофирмалар учун эса бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш функциясини амалга оширувчи шахс имзосининг намунасини тақдим этиш талаб қилинмайди.
Низомга мувофиқ кафолатловчи етказиб берувчилар сифатида аккредитация қилишга савдоларга савдолар предметини етказиб беришни аккредитациядан олдинги охирги 12 ой мобайнида амалга оширувчи, аккредитациядан олдинги 18 ой мобайнида ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритилмаган юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар қўйиладилар. Илгари бўлганидек, буюртмачилар ва етказиб берувчиларни аккредитация қилиш бепул амалга оширилади ва муддатсиз тусга эга бўлади.
Низомда қайд этилишича, буюртмачилар махсус ахборот порталида келгуси давр (йил, йил чораги) учун буюртмаларни жойлаштириш режа-жадвалларини жойлаштиришлари мумкин, уларга буюртма жойлаштирилишидан олдин 30 кундан кечикмай қуйидаги ҳолларда тузатишлар киритишлари мумкин:
савдолар предметларини сотиб олишнинг режалаштирилаётган қиймати кўпайганда, бунинг оқибатида режа-жадвалда назарда тутилган контрактнинг бошланғич (максимал) нархига мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш мумкин бўлмаганда;
савдолар предметини сотиб олишнинг режалаштирилаётган муддатлари (даврийлиги), харид қилиш усули ўзгарганда, буюртмачи томонидан харид қилишнинг режа-жадвалида назарда тутилган усули буюртмачи томонидан ёки бошқа сабаблар бўйича бекор қилинганда.
Қарор Президентнинг «Электрон харидлар тизимини мақбуллаштириш ва улардан тадбиркорлик субъектларининг фойдаланишини кенгайтириш тўғрисида»ги қарорига (5.04.2013 йилдаги ПҚ-1948-сон) мувофиқ қабул қилинди.
КИЧИК ТЕЛЕРАДИОКОМПАНИЯЛАР ХОДИМЛАР СОНИНИ
4 БАРАВАР ОШИРИШЛАРИ
МУМКИН
Вазирлар Маҳкамасининг 14.06.2013 йилдаги 172-сон қарори билан Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясига ўзгартириш киритилди.
Ўзгартиришга мувофиқ эндиликда телевидение ва радиоэшиттириш таҳририятлари ходимлар сони 11 кишидан 100 кишигача бўлганда кичик корхона мақомини сақлаб қолишлари мумкин (илгари хўжалик юритувчи субъектларнинг ушбу тоифасига кириш учун улар ходимларининг ўртача йиллик сони 25 кишидан ошмаслиги керак эди).
Классификаторга киритилган тузатишлар уни Президентнинг «Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида»ги қарорига (30.12.2011 йилдаги ПҚ-1672-сон) мувофиқлаштиради. Эслатиб ўтамиз, Президентнинг юқорида тилга олинган Қарори билан қўшимча солиқ имтиёзлари бериш мақсадида кичик корхоналар тоифасига киритиш учун 2012 йил 1 январдан оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар ва босмахоналар ходимларининг янги мезонлари белгиланган эди.
УЙНИ ҚАЕРГА ҚУРИШ МУМКИН?
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг қарори (АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2464-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ташқи муҳандислик коммуникацияларига уланиш имконияти бўлган суғорилмайдиган ҳамда унумдорлиги паст қишлоқ хўжалиги ер участкаларини аниқлаш қоидалари тасдиқланди.
Қоидаларга мувофиқ суғорилмайдиган ер участкалари деганда суғоришни таъминлай оладиган суғориш манбаи билан боғланган доимий ёки муваққат суғориш тармоғига эга бўлмаган ер участкалари ҳамда охирги икки йил давомида ташкилотлар томонидан фойдаланмай бўш турган, мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилаётган ерлар тушунилади. Унумдорлиги паст бўлган ер участкалар тупроқнинг унумдорлик даражаси бўйича бонитет балли 40 дан паст бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалардир.
Ташқи муҳандислик коммуникацияларига уланиш имконияти бўлган суғорилмайдиган ҳамда унумдорлиги паст бўлган ер участкаларини аниқлаш бўйича жойларда ишчи гуруҳ тузилади, унинг таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқарма ва унинг бўлимлари, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг, «Давархитектқурилиш» қўмитасининг ҳудудий бошқармалари, «Ўздаверлойиҳа» институтининг, Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг, «Ўзбекнефтгаз» МХК ҳудудий бўлимлари, «Ўзбекэнерго» ДАКнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг вакиллари киритилади. Қоидаларда ишчи гуруҳнинг вазифалари рўйхати берилган.
Ишчи гуруҳларнинг таклифлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ҳар йили 1 ноябргача бўлган муддатда «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ва «Давархитектқурилиш» қўмитаси ер массивларини танлаб оладилар ҳамда якка тартибдаги уй-жой ва ижтимоий аҳамиятдаги объектлар қуриш учун «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясига топширадилар.
Ҳужжат Президентнинг «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йил Дастури тўғрисида»ги қарорига (4.01.2013 йилдаги ПҚ-1902-сон) мувофиқ қабул қилинди.
НАҚД ПУЛСИЗ ҲИСОБ-КИТОБЛАР ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ ЯНГИЛАНДИ
Марказий банк Бошқарувининг қарори (АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги янги низом тасдиқланди («СБХ»нинг ўтган сонидаги ҳужжатлар пакетида чоп этилди). Илгари амал қилган Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом (АВ томонидан 15.04.2002 йилда 1122-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўз кучини йўқотган деб топилди.
Шу ўринда янги Низом илгари амал қилган ҳужжатнинг асосий принципларини сақлаб қолганини қайд этиб ўтиш лозим. Аввал бўлганидек, у нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширувчи республика резидентлари ва норезидентлари – барча юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилиб, тўлов топшириқномаси, тўлов талабномаси, инкассо топшириқномаси, тижорат банкининг ҳисоб-китоб чеки, аккредитив бўйича, банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоблар каби шаклларини тартибга солади. Бироқ Низомда бир қатор янги меъёрлар ҳам мавжуд.
Уларнинг бир қисми жорий этилишини ахборот-коммуникация технологиялари қўлланиши билан тақозо этилган бўлиб, банклар ва уларнинг мижозлари Интернет тармоғи, тўлов тизимлари орқали ўзаро муносабат ўрнатиш тартибини белгилайди.
Хусусан, янги Низомга мувофиқ, электрон кўринишда олинган тўлов ҳужжатлари қоғоз шаклида тақдим этилган муддатдаги каби ижро этилади. Яъни, агар ҳужжат банк амалиёт куни давомида келиб тушган бўлса – шу куни; у тугагандан кейин келиб тушганда эса – кейинги иш кунидан кечиктирмай ижро этилади, алоҳида ҳолатлар бундан мустасно.
Низомда белгиланишича, банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш тизими орқали юборилган электрон тўлов топшириқномаларнинг қоғоз кўринишидаги асл нусхаси банкка тақдим этилмайди. Электрон тўлов топшириқномаларининг расмийлаштирилиши ва улардаги маълумотларнинг тўғрилиги учун мижоз жавобгар ҳисобланади.
Бундан ташқари, янги Низом билан қуйидагилар аниқлаштирилган:
мемориал ордердан мижозлар билан боғлиқ банк операциялари бўйича ҳисоб-китобларда; банк хизматларини кўрсатиш бўйича ҳисоб-китобларда; банкларнинг ўз ички операцияларида; мижознинг қарздорлик маблағларини қоплашда (агар банклар билан мижозлар ўртасида тузилган шартномада белгилаб қўйилган бўлса); бухгалтерия ҳисобидаги хато ёзувларни тузатишда; жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ёзма топшириқлари бўйича маблағларни нақд пулсиз шаклда ўтказишни амалга оширишда фойдаланилади;
банк маблағларни тўловчи бўлиб қатнашганда ва бухгалтерия ҳисобидаги хато ёзувларни тузатишда, мемориал ордерлар банк раҳбари ва бош бухгалтерининг имзолари билан тасдиқланади;
мемориал ордерлар билан амалга оширилган операцияларнинг тўғрилиги учун банк раҳбари ва бош бухгалтеридан ташқари мижознинг банк ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи бухгалтер ҳам жавобгар ҳисобланади;
агар ташкилотда бухгалтер бўлмаса, маблағларни олувчи унга хизмат кўрсатувчи банкка тўлов талабномаси билан бирга тақдим этадиган реестрда ташкилот раҳбари имзосининг бўлиши етарли;
суд ижрочилари томонидан банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ундиришга қўйиладиган инкассо топшириқномаларига ижро ҳужжатининг илова қилиниши талаб этилмайди;
инкассо топшириқномалари бўйича маблағларни ундириб олишни тўхтатиб қўйиш ёки чақириб олиш инкассо топшириқномасини тақдим этган орган томонидан ёки суд қарорига мувофиқ амалга оширилади. Шунингдек инкассо топшириқномаси суд қарорига асосан бекор қилиниши мумкин.
Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»да 10 июнда расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.
ҚҚСни ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИДАГИ ЎЗГАРТИРИШЛАР
Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қарори (АВ томонидан 21.06.2013 йилда 1807-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги низомга айрим ўзгаришлар киритилди.
Жумладан:
давлат солиқ хизмати органининг хулосасида белгиланган сумма доирасидаги маблағлар корхонанинг банк ҳисобварағига республика бюджетининг асосий 23402-ҳисобварағидан эмас, Ягона ғазна ҳисобварағидан ўтказиладиган бўлди;
ҚҚСни қайтариш учун солиқ тўловчи тақдим этадиган ҳужжатлар рўйхатига, агарда юклаб жўнатилган товар учун турли чет эл валютасида тушган валюта тушуми мавжуд бўлса, юклаб жўнатиш амалга оширилган ойнинг сўнгги кунидаги курс бўйича миллий валютада (сўмда) қайта ҳисоб-китоб қўшилди;
халқаро йўналишда ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш натижасида ҳосил бўлган ҚҚС суммасини қайтариш ҳужжатлари алоҳида шаклда юритиладиган бўлди;
ҚҚС суммаси Ғазначилик томонидан қайтариш учун тегишли хулосалар олинган кундан эътиборан 2 иш куни мобайнида тўлаб берилади.
Ҳужжат билан бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилган.
Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз
тайёрладилар.
- Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
- Қонунчиликдаги янгиликлар
- Шартномавий муносабатлар
- Кадрлар бўлими
- Инвестициявий муҳит
- Криминалист эксперт ён дафтаридан
Янги ҳужжатларни тақдим этамиз
Вы отправляете ссылку на текущую статью | ||
Кому(e-mail)*: | ||
От (имя)*: | ||
Комментарий: | ||
В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.
Вы можете оставить свой комментарий.
Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения. |