Биз фақат воситачилик фаолияти билан шуғулланамиз: мол-мулкни мулкдорлар билан шартномага кўра пул ўтказиш йўли билан сотиб оламиз ва реализация қиламиз. Мол-мулк бизники эмас. ЯСТ тўлаймиз. Балансимизда реализация қилинаётган мол-мулкни сотиб олиш ва сотишни қайд этишимиз керакми?
М.Эгамназарова,
бухгалтер.
– Воситачилик шартномаси бўйича воситачи комитентнинг топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади (Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 832-моддаси). Яъни воситачи воситачилик хизматлари кўрсатади ва бунинг учун воситачилик ҳақи олади. Шартномага кўра комитентдан ёки етказиб берувчидан воситачига ўтган мол-мулк (ашёлар) эса комитентнинг мулки бўлади (ФКнинг 838-моддаси).
Шу сабабли сизга мулк ҳуқуқида тегишли бўлмаган мол-мулкни балансда акс эттириш керак эмас. У балансдан ташқарида, масалан, 004-«Комиссияга қабул қилинган товарлар» ҳисобварағида комитент билан келишилган баҳода (қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича) экс эттирилиши, реализация қилишдан (комитентга берилгандан) кейин эса балансдан ташқари ҳисобварақдан ҳисобдан чиқарилиши керак.
Воситачилик шартномалари бўйича, шу жумладан товарлар реализация қилинаётганда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш ҳамда хизматлар учун қоплаш ва ҳақ суммалари бўйича операцияларни ҳужжатлаштириш МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган махсус тартибга мувофиқ амалга оширилади.