Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 23 / Манда савол бор!

Ўз юкларимизни ташишга йўл очилса

Ҳурматли «Норма маслаҳатчи» газетаси экспертлари!
Агар ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини харидор жойлашган жойгача ўз юк машинасида етказиб берса, бунинг учун лицензия зарурми? Ушбу етказиб бериш олди-сотди шартномаси доирасида амалга оширилади, унинг учун алоҳида ҳақ ундирилмайди. Транспорт харажатлари реализация харажатларига киритилади.
Айни пайтда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бундай етказиб беришни тижорат асосида амалга ошириладиган юкларни автомобиль транспортида етказиб бериш, тегишинча, лицензияланадиган фаолият деб ҳисобламоқда. Бунда у корхона транспорт харажатларини «ўз зарарларига» киритади деб ҳисобламоқда ёки «шубҳа билдирмоқда». Бироқ корхона мазкур харажатларни зарарларга мансуб демай, уларни реализация харажатларига киритаяпти. Шу аснода Агентлик ходимлари бухгалтерия ҳисобини яхши билмасликлари, Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолия­тини лицензиялаш тўғрисида низомни (ВМнинг 14.07.2006 йилдаги 138-сон қарори билан тасдиқланган) кенг талқин қилаётганликлари кўриниб турибди.
Кўпчилик тадбиркорлар ўз товарини юклаб харидорга етказиш учун юкни автотранспортда ташишга лицензия керак эмаслигини биладилар. Буни «Норма маслаҳатчи»нинг 31.01.2012 йилдаги 5 (342)-сонида чоп этилган «Ўз маҳсулотимизни олиб кирамиз» материалида ўқиган эдик. Бироқ муаммо шундаки, автойўлларда Агентлик ходимлари ўз юкини ортган автомобилларни тўхтатиб, доим лицензия олишни талаб қиладилар. Бунда қимматли вақт бой берилади, охири кўринмас баҳс юзага келади, ҳайдовчи асабийлашади, бу эса йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя этишга халал беради. Бу муаммо ҳайдовчи билан Агентлик ходими ўртасида эмас, янада юқори даражада ҳал этилиши шарт. Зеро ходимнинг ушбу хатти-ҳаракатлари кичик бизнес ривожига ортиқча, кераксиз тўсиқ бўлмоқда, сабаби ўз маҳсулотини харидорга етказиш учун лицензия олиш талаби кўп янграйди – бу ҳолатни бутун мамлакат бўйлаб кузатиш мумкин.
Саволимизга эътибор бериб, вақт ажратганингиз учун катта раҳмат! «NORMA» мутахассисларининг билими ва компания имижи, шунингдек умумий саъй-ҳаракат ва интилиш билан қонунчилик меъёрларининг турлича талқин қилиниши туфайли юзага келган саволлар ва муаммоларни ҳал этиш мумкин ва зарурлигига ишонаман.
Ш.Аҳмедов.

 

Расмий нуқтаи назар
Фуқаро Султонов А.М.нинг хатига Агентликнинг расмий жавоби
2013 йил 15 апрелдаги 3/922-1060-сон

Сизнинг 12.04.2013 йилдаги Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигига келиб тушган хатингиз кўриб чиқилди.
Хатингиздан маълум бўлишича, Сиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи кичик корхона очиш ниятида экансиз, бунда ишлаб чиқарилаётган товарларни ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи) омборидан харидорга етказиб бериш учун корхонага тегишли автотранспортдан фойдаланиш, бунда кўрсатилган транспорт хизматлари учун ҳақ ундирмасликни мўлжаллаётган экансиз.
Кўрсатилган важларга қўшила олмаймиз, сабаби маҳсулот ишлаб чиқарувчи товарларни харидорга етказиб берганлиги учун амалда транспорт хизматларига тегишли ҳақ ундирилади, харидор билан тузиладиган етказиб бериш шартномаси шартларида бу ҳақда қайд этилмаса ҳам, кейинчалик товар сотилишига асос бўладиган тайёр маҳсулот таннархи ҳисоб-китобида транспорт хизматлари ҳақи инобатга олинади.
Бир вақтнинг ўзида автомобилдан фойдаланиш харажатлари, шу жумладан ёқилғи-мойлаш материаллари, аккумулятор, автошиналар харид қилиш, автотранспорт воситасини таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш, шунингдек ҳайдовчига иш ҳақи тўлашни корхонанинг зарарга ҳисобдан чиқариши шубҳа туғдиради.
Баён этилганларга асосланилса ҳамда амалдаги қонунчиликка мувофиқ юкни харидорга етказиб берадиган корхона юк ташишга тегишли лицензияга эга бўлиши зарур.
Сизда автомобиль соҳасида олий маълумотга ва иш стажига эга бўлган мутахассис йўқлигига келсак, Сиз автомобиль транспортида юк ташишга лицензияси бўлган тегишли ташувчи билан юк ташиш шартномасини тузишга ҳақлисиз.
Бошлиқ ўринбосари
Ш.ШОВАҲОБОВ.

Эксперт-юристимизнинг фикри

Қонун ҳужжатининг таҳлил қилинаётган меъёри:
Тижорат асосида амалга ошириладиган йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланиши керак (ВМнинг 14.07.2006 йилдаги 138-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомнинг 2-банди биринчи хатбошиси).

– Биринчи навбатда Низомнинг кўриб чиқилаётган меъёри бир хил ва аниқ тушунча бермаслигини қайд этиб ўтиш лозим. Бу асосан «тижорат асосида» тушунчасига тааллуқли. Газетамиз саҳифаларида бу масала бир неча бор ёритилди, ҳурматли ўқувчиларимиздан келиб тушган бу каби сўровлар ҳам йиғилиб қолди («СБХ»нинг 21.05.2013 йилдаги 20 (980)-сонида чоп этилган «Агар транспорт ўзингизники бўлса…» материалига қаранг). Дарҳақиқат, қонунчиликнинг битта меъёрини икки хил тушуниш ва талқин қилиш мумкин.
Экспертлар ҳамжамияти вакиллари қуйидагилар лицензияланиши керак эмас деган фикр­далар:
товарни сотувчидан харидорга сотувчининг ўз автомобилларида етказиб бериш;
хом ашё ёки материалларни харидорнинг ўз автомобилларида сотувчидан харидор ҳудудига етказиб бериш;
биргина корхонанинг ўз товари ёки хом ашёсини омборхоналардан ишлаб чиқариш бўлинмаларига ташиш.
Кўриб турганимиздек, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги мутахассислари буткул бошқа фикрдалар. Улар юридик шахсда юк транспорт воситаси борлиги, ташиш жараёнининг моҳияти ҳаракатда, юкни бир нуқтадан бошқа нуқтага етказиб бериш усулида эканлиги, шунингдек бундай етказиб беришнинг «тижорат асоси»ни белгилаш ёки мавжудлиги далилидан келиб чиқмоқдалар. Агентликнинг далиллари асослидек кўринади. Бироқ бунинг битта салмоқли «АММО»си бор, у кўриб чиқилаётган меъёрни кенг талқин қилишда ифодаланади.
Низомда, жумладан, юкларни ташиш фаолияти лицензияланиши назарда тутилган. Бунда бировнинг юкини муайян ҳақ эвазига ташиш тушунилади. Бу фикр Фуқаролик кодекси (ФК) меъёрлари билан ҳам тасдиқланади. ФК 709-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ йўловчи, багаж ва юк ташиш ташиш шартномаси асосида амалга оширилади. ФК 711-моддасининг биринчи қисмида айтилишича, «юк ташиш шартномаси бўйича юк ташувчи юк жўнатувчи томонидан ўзига ишониб топширилган юкни белгиланган манзилга етказиб бериш ва уни олишга ваколат берилган шахсга (олувчига) топшириш, юк жўнатувчи эса юкни ташиб берганлик учун белгиланган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади». Яъни автомобиль транспортида юк ташиш фаолиятини амалга оширишда ташиш шартномалари ёки ташиш шартномаси элементлари бўлган бошқа аралаш шартномалар мавжуд бўлиши зарур1. Бунда қайд этиб ўтилган ташиш шартномаси тушунчасидан келиб чиққан ҳолда унда юк ташувчи, жўнатувчи ва олувчи таърифи бўлиши муҳимдир.
ХУЛОСА. Ташиш шартномаси ёки ташиш шартномаси элементлари бўлган бошқа аралаш шартномага кўра юк ташимайдиган корхона ўз фаолиятини тижорат асосида амалга ошириш-оширмаслигидан қатъи назар лицензия олиши керак эмас.
Шунга қарамай, Низомнинг кўриб чиқилаётган меъёрини талқин қилишда шубҳа-гумонлар ва зиддиятларни бартараф этиш мақсадида қонун чиқарувчи автомобиль транспортида юк ташиш фаолиятини лицензиялашни бекор қилиш масаласини жиддий кўриб чиқиши лозим деган фикрдаман. Қуйидаги исбот-далиллар бундай қарор фойдасига хизмат қила олади:
тадбиркорлик субъектлари олдидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, бизнесни ривожлантириш учун рухсат берувчи таомилларни камайтириш;
текширувчи органлар вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари «йўлидаги» порахўрлик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилиши учун шарт-шароитларни истисно қилиш;
лицензиялаш таомили ва лицензия талаблари ўрнига автотранспортда юк ташувчи тадбиркорлар учун ягона қоида ва шароитлар яратиш.
Абдураҳмон БАХТИЕВ, эксперт-юристимиз.

1ФКнинг 354-моддасига мувофиқ тарафлар турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган шартнома (аралаш шартнома) тузишлари мумкин. Аралаш шартнома бўйича тарафларнинг муносабатларига, агар тарафларнинг келишувидан ёки аралаш шартноманинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, элементлари аралаш шартномада бўлган шартномалар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.
2Украинанинг «Хўжалик фаолиятининг муайян турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонуни (1.06.2000 йилдаги 1775-III-сон).
3Қозоғистон Республикасининг «Лицензиялаш тўғрисида»ги Қонуни (11.01.2007 йилдаги 214-III-сон).
4РФнинг «Айрим фаолият турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Федерал Қонуни (4.05.2011 йилдаги 99-ФЗ-сон).
5http://www.verum.lt/licenzija-gruzovye-perevozki-litva-jevropejskij-sojuz.
6Айрим фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги низом (Беларусь Республикасининг 1.09.2010 йилдаги 450-сон Фармони билан тасдиқланган).

Прочитано: 2589 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика