Биз корхонамизда ишлашга хориждан мутахассисларни таклиф қилмоқчимиз. Уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?
– Чет эллик мутахассисларни ишга таклиф этганда олдиндан ушбу масалани аҳолини ишга жойлаштириш бўйича маҳаллий орган билан Ўзбекистон Республикасида хорижий ишчи кучларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 19.10.1995 йилдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган) назарда тутилган тартибда келишиб олиш ва ушбу масалани ҳал этгандан кейингина уларни рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланишингиз мумкин.
Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон қарорига 2-илова) мувофиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча прописка олиш учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келган кунидан бошлаб 3 кун муддатда хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қиладилар ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат;
ИИВ томонидан белгиланган шакл бўйича ариза;
фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаси ёки ҳаракатланиш ҳужжати;
туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган шахслар учун);
уй-жой учун ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхалари;
уй-жой мулкдори (мулкдорлари)нинг турар жой майдони бериши тўғрисида нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги);
вақтинча прописка қилинганлик учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.
Газетхонларнинг саволларига экспертимиз Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ жавоб берди.