Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига дам олиш, даволаниш, ўқишга, узоқ муддатли хизмат сафарларига келадиган фуқароларни қандай қилиб вақтинчалик ҳисобга қўйиш мумкин?
– Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон қарорига 1-илова) мувофиқ фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш фуқарони доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан 5 кундан 6 ойгача муддатга (ўқиш учун таълим муассасасига келган шахслар
учун – ўқиш даврига) амалга оширилади. Фуқароларни ҳисобга олиш Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турар жой сотиб олиш, шунингдек доимий ишга ва ижтимоий кафолатларга эга бўлиш учун асос ҳисобланмайди. Бироқ ҳисобга қўйилган фуқаро ҳисобга олиш даврида вақтинча ишга эга бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келган фуқаролар ҳисобга олинмайди.
Меҳмонхоналарга, даволаш муассасаларига, санаторийлар, дам олиш уйларига ва шунга ўхшаш бошқа муассасаларга келган фуқароларни ҳисобга олиш ушбу муассасаларнинг маъмурияти томонидан, улар келганларидан кейин уларнинг бу ерда бўлиш муддатидан ва келишининг даврийлигидан қатъи назар, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида ҳисобда туриш учун фуқаро келган кунидан бошлаб 5 кун муддатда ўзи вақтинча турган жойдаги милиция таянч пунктига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
ИИВ томонидан белгиланган шакл бўйича ариза;
паспорт;
контракт бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);
16 ёшга тўлмаган шахслар учун – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва 35х45 мм ўлчамли иккита фотосурат;
уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериши тўғрисидаги аризаси (розилиги);
турар жой учун ҳужжатларнинг нусхалари;
ҳисобга олинганлик учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.
16 ёшга тўлмаган шахсни ҳисобга олишни расмийлаштиришда ушбу шахснинг шахсини тасдиқлаганлик учун жавобгарлик турар жой майдони берган уй-жой мулкдори (мулкдорлари) зиммасига юкланади.
Милиция таянч пунктининг профилактика инспектори ариза рўйхатдан ўтказилгандан, тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилгандан ва белгиланган тартибда расмийлаштирилгандан кейин ўша куннинг ўзида ариза берувчига Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойида ҳисобга олиш тўғрисида фуқаронинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатга қайд варағи беради. Бу варақ фуқаронинг турган жойида ҳисобга олинганлигини тасдиқлайдиган, қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат ҳисобланади ва паспорт, ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган шахслар учун) кўрсатилган тақдирда унда кўрсатилган муддат мобайнида ҳақиқийдир. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳисобга қўйилган шахс ҳисобга олинган жойда яшаши керак.
Таълим муассасасига ўқишга келган фуқаролар милиция таянч пунктининг профилактика инспектори томонидан ҳисобга олинади. Ўқиш Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан таш-қарида жойлашган бошқа таълим муассасасига кўчирилган, фуқаро академик таътил олган ёки таълим муассасасидан ўқишдан четлатилган тақдирда ушбу муассасалар раҳбарияти тегишли қарор қабул қилинган кунда бу ҳақда фуқарони вақтинча турган жойида ҳисобга олишни расмийлаштирган милиция таянч пунктини хабардор қилади.
Ҳисобга олиш тўғрисидаги қайд варағи йўқолган ёки бузилган тақдирда фуқаро тегишли таянч пунктига унинг дубликатини расмийлаштириш тўғрисида тегишли аризани тақдим этади ва текширувдан кейин ўша куни уни расмийлаштиради.
Газетхонларнинг саволларига экспертимиз Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ жавоб берди.