Ресторанда тушлик қилиб, ҳақини пластик картада тўладим – уни официантга бериб пин-кодни айтдим. Менга тўлов суммасига мувофиқ чек беришди. Эртаси куни дўконда нарса олиб, унга ҳақ тўлаётганимда картам блокировкаланганлигини билиб қолдим. Шундан кейин банкка бориш ва уни блокировкадан чиқаришга вақт ва пул сарфлашимга тўғри келди. Карточкам блокировка қилинишига сабабчи бўлган савдо шохобчасига нисбатан бирор-бир чора кўриш мумкинми? Карточкалар блокировкасининг олдини оладиган бирор-бир тартиб мавжудми?
Равиль.
– Ҳа, ҳақиқатан ҳам Президентнинг «Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига (19.04.2010 йилдаги ПҚ-1325-сон) кўра ҳар бир пластик карточка эгаси карточка ҳисобрақамидаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи шахсий идентификация рақами (пин-код)га эга бўлиб, у нотўғри терилган тақдирда пластик карточка автоматик тарзда блокировка қилинади. Шунингдек унда бегона шахсларнинг сохталаштириши ва рухсатсиз фойдаланишига йўл қўймайдиган микрочипли модуль ва маълумотларни шифрлайдиган тўрт поғонали тизим бор.
Саволингизга жавоб берарканмиз, шуни таъкидлашни хоҳлардикки, албатта, Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг1 8-бандига мувофиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг ходимлари тўлов терминалларидан фойдаланиш тартибини билишлари шарт. Савдо ва хизмат кўрсатиш объекти раҳбари сотувчи-ходимни у билан таништириши шарт.
Бироқ мазкур ҳолда ўзингиз пластик карточкани ҳимоя қилиш қоидаларини бузгансиз. Агар тўлов терминалининг ёнида бўлмасангиз, ҳеч қачон у орқали тўлаш учун карточкани берманг. Бу эса нафақат билиб-билмай фойдаланиш орқали карточкани блокировкалашнинг олдини олади, балки аввало ундан сиз тўлайдиган суммадан ортиқча маблағ ечиб олиш хатарини кетказади. Карточкани берганда терминал клавиатурасида тўлов суммасини тераётган сотувчининг ҳаракатларини эътибор билан кузатинг, уни тўлов терминали (банкомат) мониторида пул маблағларини юклаш ва ечиб олиш чоғида текширинг. Бу эса сизга карточкангиздан ҳеч қандай фирибгарлик ҳаракатлари қилишмаётганлигига ишонч ҳосил қилиш имконини беради. Терминал клавиатурасида пин-кодни ўзингиз теришингиз мақсадга мувофиқроқ бўлади. Бу ҳол карточкани блокировкалаш хатарини анча камайтиради.
Умуман олганда таъкидлаш жоизки, карточканинг блокировкаланиши маблағларни рухсатсиз олиб қўйишдан ҳимоя қилиш чораларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда турли техник мосламалардан фойдаланган ҳолда фирибгарлик қилишнинг усуллари кўп. Чунончи, банкоматларга ўрнатиладиган яширин камералар карточка эгасининг шахсий пин-коди терилишини қайд этиши, банкомат ёки тўлов терминалида пластик карта учун тешикка жойлаштириладиган скриммер аппаратлари эса микрочипдан ахборотни олиши мумкин ва ҳоказо. Шу сабабли карточка блокировка қилинишининг ҳам, сизнинг пулингизни ечиб олиш ва (ёки) шахсий маълумотларни олиш учун тўловномага рухсат олмасдан киришнинг ҳам олдини олиш учун ҳушёрликни қўлдан бермаслик керак.
1МБ бошқаруви ва ДСҚнинг АВ томонидан 27.07.2009 йилда 1986-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Алексей НИЯЗМЕТОВ,
юрист.