Norma.uz

«Ташаббус» – тадбиркорни янада янги марраларга ундайди

«Ташаббус-2013» кўрик-танлови республика босқичи ғолиблари аниқланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Ташаббус» кўрик-танлови республикамизда 1996 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Шу бугунга қадар унда мамлакатимизнинг 170 мингдан ортиқ тадбиркор, фермер ва ҳунармандлари иштирок этишган.

Пойтахтдаги муҳташам «Туркистон» саройида жорий йилги «Ташаббус-2013» кўрик-танловининг якуний республика босқичи бўлиб ўтди.

Одатдагидек, ушбу кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, «Ҳунарманд» уюшмаси, шунингдек, бошқа бир қатор вазирлик ҳамда идораларнинг ҳамкорлиги ва молиявий кўмагида ташкил этилди.

Танловнинг дастлаб туман (шаҳар) ва вилоят босқичларидан муваффақиятли ўтган иштирокчиларнинг 41 нафари республика босқичига йўлланма олдилар. Мазкур босқичда улар учта асосий йўналиш – «Йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши фермери», «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» ҳамда қўшимча равишда «Йилнинг энг ёш тадбиркори», «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли», «Йилнинг энг яхши инновацион лойиҳаси», «Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор», «Энг яхши солиқ тўловчи» ва «Менинг юртим – менинг ифтихорим» номинациялари бўйича беллашдилар.

– Дастлабки йилларда танловда фақатгина саноат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган, қурилиш соҳасида хизмат кўрсатаётган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштираётган илғор тадбиркорлар ва кулолчилик соҳасидаги ҳунармандлар иштирок этган бўлсалар, бугунги кунда иштирокчиларнинг фаолият йўналишлари кенгайиб, янада ривожланиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати раҳбари Тўрабек Тўраев. – Бугунги кунда экспортга мўлжалланган, ички ва ташқи бозорда ўз товарларининг машҳур брендига эга бўлган, фармацевтика, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқараётган ҳамда енгил саноатнинг бошқа тармоқларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг қатнашаётганлиги танловнинг нуфузи ошиб, кўлами кенгайганидан далолат бермоқда. Фермерлик йўналишини эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган, уларни тўлиқ қайта ишлаб, ички бозорни таъминлаётган, кўп тармоқли, деҳқончилик, чорвачилик, мева-сабзавотчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаётган, иссиқхона фаолияти билан шуғулланаётган қишлоқ мулкдорлари қамраб олганлигини кузатиш мумкин.

Ўз навбатида, ҳунармандчилик соҳасида ҳам халқ амалий санъатининг энг юксак намуналари асосида экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқараётган, жумладан, миниатюра, сомонга ишлов бериш, зар-дўзлик, кулолчилик, ёғочга ишлов бериш орқали турли асарлар яратаётган ҳунармандларнинг намойишлари таҳсинга сазовордир.

Бир сўз билан айтганда, Президент соврини учун беллашадиган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар сони йилдан-йилга кўпайиб, танловнинг кўлами тобора кенгаймоқда. Масалан, бу йил ҳудудий босқичлар билан бирга ҳисоблаганда 7 мингдан зиёд хусусий сектор вакиллари «ташаббус»чилар чиғириғидан ўтишди.

Ниҳоят ҳаяжонли дақиқалар етиб келди – кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиблари тантанали равишда эълон қилинди.

«2013 йилнинг энг яхши тадбиркори» номинациясида Андижондаги «Rubber trast» хусусий корхонасининг раҳбари Абдулҳошим Исмоилов, «2013 йилнинг энг яхши фермери» номинациясида қорақалпоғистонлик Байрамқилич Дадебаев, «2013 йилнинг энг яхши ҳунарманди» номинациясида эса бухоролик Маҳфуза Салимовалар мутлақ ғолибликни қўлга киритдилар.

Танловнинг асосий йўналишлари бўйича ғолибларга «Spark» автомобиллари топширилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаганларга пул мукофоти, бошқа йўналишлар бўйича совриндорларга компьютер тўплами ва бошқа қимматбаҳо совғалар берилди.

– Корхонамиз кўп тармоқли бўлиб, ҳар хил турдаги пойабзал маҳсулотлари, турли ўлчамдаги болалар, ўсмирлар ва катталар учун резина калишлар ҳамда қуйма енгил пойабзаллар, трикотаж буюмлари, бундан ташқари нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз, – дейди танлов ғолиби, «Rubber trast» ХКнинг раҳбари Абдулҳошим Исмоилов. – Шунингдек, «GM-O’zbekiston» ОАЖга эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи корхоналарга автомобиллар эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш учун ҳар хил маркадаги резина маҳсулотлари тайёрлаб берамиз.

Ўтган йилда маҳсулот сотишдан тушган соф тушум 15,9 млрд сўмни ташкил этди.

Фаолиятимизни 2 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш билан бошлаган бўлсак, бугунги кунда унинг турлари 30 дан ошди. Агар дастлаб иш 7 нафар ишчи билан бошланган бўлса, эндиликда улар сони 92 нафарга етди. Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг 60 фоиздан ортиғи экспортга йўналтирилган. Корхонамиз маҳаллийлаштириш дастурига киритилган бўлиб, 2011 йилда 3,5 млн АҚШ доллари, 2012 йилда эса 4,5 млн АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилган. Шунингдек, корхонамиз томонидан 2012 йилда 400 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилган. Шу асосда харид қилинган технологиялар ёрдамида жорий йилда юқори сифатли ва замонавий экспортбоп пойабзал маҳсулотлари, жундан юқори сифатли мато ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдамиз. Булар натижасида корхонага 50 нафар коллеж битирувчиларини ишга олиш мўлжалланган.

Бугун фермер хўжалиги қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг етакчи бўғини ва уни ташкил этишнинг асосий шакли ҳисобланади. Қорақалпоғистонлик Байрамқилич Дадебаевни ҳам «Йилнинг энг яхши фермери» номинацияси ғолиби бўлганлиги билан табриклаб, суҳбатга тортдик.

– Фермер хўжалигимизнинг фаолияти кўп тармоқли, хусусан биз пахтачилик, ғаллачилик, шоличилик, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, балиқчилик, асаларичилик ва пиллачиликка ихтисослашганмиз, – дейди фермер. – Бугунги кунда хўжалигимизда 54 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Шундан 35 нафари коллеж битирувчиларидир.

Фермер хўжалиги 1993 йилдан буён мунтазам равишда давлатга пахта ва ғалла топшириш режаларини ортиғи билан бажариб келади. Хўжаликнинг умумий ер майдони 219 гектар бўлиб, шунинг 169 гектарини экин майдони ташкил этади. Фермер 2011 йилда 293 тонна, 2012 йилда 411 тонна пахта хом ашёсини етиштирди. Шу билан бирга у ижтимоий фойдали тадбирларда қатнашиб, хайр-саховат ҳам қилиб бормоқда. Хусусан, у Меҳрибонлик ва Мурувват уйларига, болалар боғчаларига сифатли гўшт етказиб беради.

Фермернинг жорий йилги иш режаларида пахтачиликда элита уруғчилигини ривожлантириш, сутни, туя ва қўй жунини қайта ишловчи янги ускуналарни сотиб олиб, фаолиятни кенгайтириш ва яна 35 та янги иш ўрни очиш турибди.

– Бугун жуда бахтиёрман! – дейди Б.Дадебаев. – Ғалаба руҳи янада янги марралар сари йўл очишига шубҳам йўқ! Ишонч билан айтаманки, мамлакатимиз аҳолисини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқда саноатни ривожлантириш, янги иш ўринларини ташкил қилиш каби муҳим масалаларни ҳал этишда белни маҳкам боғлаймиз!

Бухорода алоҳида «Усто-шогирд» мактабини яратиб, 110 дан ортиқ шогирдлар тайёрлаган ва қадимий усулдаги 130 дан ортиқ турдаги патдўзлик анъаналарини қайта тиклаган уста-ҳунарманд Маҳфуза Салимова ҳам ҳақли равишда «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» унвонига сазовор бўлди, десак муболаға бўлмас.

– Фаолиятимизни 1998 йилдан бошлаганмиз, – дейди Маҳфуза опа. – Асосий маҳсулотларимиз – зардўзлик, патдўзлик, зар оёқ кийимлари, миниатюра гиламлари, миллий тикувчилик ва бошқалар. Биз Бухоро зардўзлик мактабимиз маҳорат дарслари ва кўргазмаларини Швейцария, Россия, Корея, Америка, Канада, Япония, Греция, Франция ва Қозоғистон давлатларида намойиш қилганмиз ва улар юқори баҳоланган. Ҳозирги кунда ишчиларимиз сони 112 нафарга етди.

Ҳунарманд жорий йилнинг ўзида шогирдлар сонини 50-60 нафарга кўпайтириш, миллий-анъанавий ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, қадимги миллий зардўзлик ва патдўзлик санъати довруғини бутун

дунёга таратиш каби режаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мулкдор аёл олинаётган фойда ҳисобидан мунтазам хайрия ишларига бел боғлаган.

– Ҳаяжонимнинг чеки йўқ, – дейди М.Салимова. – Бу йилги «Ташаббус-2013» кўрик-танловида ғолиблик Бухоро зардўзлик мактаби тарихида олтин саҳифани очиб берди. Ана шу эътироф ва ишончни доимо оқлашга ҳаракат қиламиз!

Танловнинг яна бир иштирокчиси, меҳмонхона, ошхона, ётоқхона ва бошқа сифатли мебель жиҳозларини ишлаб чиқараётган «Навоий файз мебель» корхонаси раҳбари Азамат Ҳожиевни ҳам суҳбатга чорладик.

– Корхонамиз ўз фаолиятини «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» деб номланган 2011 йилда бошлаган, – дейди суҳбатдошимиз. – Ўшанда тадбиркорлик субъектларига бир қатор қўшимча имтиёз ва имкониятлар берилган эди. Бугун ҳам биз учун солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилмоқда, фаолиятни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомиллари соддалаштирилди, турли давлат ҳокимияти органларига тақдим этиладиган ўнлаб ҳисобот турлари қисқартирилди. Бир сўз билан айтганда, тадбиркор самарали меҳнат қилиб, ўз бизнесини ривожлантириши ва эртанги кунга ишонч билан қараши учун барча зарур шароитлар яратилди.

Маҳсулотларимиз юқори технологик материал ва фурнитурадан тайёрланади. Фаолиятимизнинг дастлабки даврида 5 турдаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарган бўлсак, орадан бир йил ўтиб, уларни 20 турга етказдик. Ўтган йилдаги соф фойдамиз 30 млн сўмдан ортди. Жорий йилда ишчилар сонини 100 нафарга етказиш, маҳсулот турларини янада кўпайтириш ва экспортга йўналтиришни режалаштирмоқдамиз.

Бир сўз билан айтганда, «Ташаббус» кўрик-танлови кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, соҳада эришаётган илғор натижаларни тарғиб қилишга, ёшларда мулкдорлик туйғусини кучайтиришга, тадбиркорларнинг салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда дейишга тўла асослар бор.

Гулбаҳор САТТОРОВА,

«СБХ» мухбири.

Прочитано: 2708 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика